Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи бозори ташкил этилади ва савдо жараёнлари онлайн амалга оширилади. Бу ҳақда Сенатнинг 57-ялпи йиғилишида Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев маълум қилди.
Бугун, 10 июль куни сенаторлар янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Ҳужжатдан ўрин олган масалалардан бири — республикада электр энергиясининг эркин ва рақобатли бозорини ташкил этиш.
Шерзод Хўжаевнинг айтишича, энергетика бозори яратилса, савдо ва нархлар шаклланиш жараёни кенг омма учун очиқ бўлади.
“Электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори ташкил этилганда, барча савдо операциялари онлайн платформа орқали амалга оширилади. У ерда шаклланаётган нархлар нафақат бозор учун, балки кенг омма учун ҳам очиқ бўлади. Интернетдаги саҳифа ёки мобил илова орқали онлайн кузатиб бориш имконият яратилади. Бундан ташқари, тартибга солинадиган тарифлар, давлат томонидан белгиланадиган нархларни шакллантириш методологияси ҳам очиқ ва шаффоф бўлади”, деди агентлик раҳбари.
Шерзод Хўжаевнинг қўшимча қилишича, электр энергияси нархларини шакллантиришда корхоналардаги ишлаб чиқариш харажатлари ва рентабеллик даражаси ҳам кенг омма учун очиқланади.
“Мониторинг қилиш бўйича агентликка юклатилган вазифалардан бири мана шу тарифларни нотўғри қўлланилиш ва асоссиз даромад олинишига йўл қўймасликдир. Агентликка бундай ишга қўл урган бозор иштирокчиларига тегишли жарима санкциялари қўллаш ваколати берилган”, деди ташкилот масъули.
Янги таҳрирдаги қонун билан истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш назарда тутилган. Ҳужжатда соҳага хусусий сармояларни жалб қилиш тартиби ҳам белгиланган.
Изоҳ (0)