Хонанда Заҳида яқинда “Аёл қалби” кўрсатувида меҳмон бўлиб, санъат йўли, шахсий ҳаёти ва бошдан кечирган синовлари ҳақида самимий сўзлаб берди.

Cover up лойиҳасига қатнашганимга саккиз йил бўлди. Аслида, беш ёшимдан буён санъат соҳасидаман. Оиламизда санъатга алоқадор ҳеч ким бўлмаган — деярли ҳаммаси ҳарбий соҳада фаолият юритган, ҳаттоки бувим ҳам, дейди хонанда.
Шу билан бирга, Заҳида онасининг истеъдодли бўлгани, лекин бобоси рухсат бермагани учун санъат йўлидан бора олмагани ҳақида гапирди.
Онамда талант бор, овозлари жуда зўр. Ёшлигида санъаткор бўлишни жуда истаган эканлар. Лекин бобом бу соҳа билан шуғулланишларига қарши бўлган. Мени эса кичкиналигимда битта шоколад бериб алдаб, ўқишга мажбур қилган. Энди раҳмат айтаман: ҳозир шу туфайли санъат орқали нон топяпман, дейди у.
Заҳида Консерваторияда ўқиб юрганида, янги келинлик пайтида Cover up лойиҳасида иштирок этган.
4-курс эдим, лойиҳа ҳақида ўйламаганман. Турмуш ўртоғимнинг шогирдлари мендан яширинча ариза топшириб юборган экан. Кейин эса қайнота-қайнонам: “Биз сизни телевидениеда кўришни хоҳлаймиз”, дейишган. Аслида турмуш ўртоғим санъатга бошида қарши эди. Лекин лойиҳа орқали санъатга қизиқиб қолдилар, дейди у.

Заҳиданинг турмуш ўртоғи билан танишуви ҳам ижод орқали бўлган.
Танишимнинг тўйга чиқадиган гуруҳи бор эди. “Қиз бола овози керак”, дейишганда рози бўлдим. Овоз ёзишга бордик, студияда ишловчи одам қовоғи уйилган, уйқусираб ётган экан. Шунинг учун ёзув кўнгилдагидек бўлмади. Кейинчалик яна ўша студияга бордик ва охири дўстлашиб, ака-сингил бўлдик. Кейин эса турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим билан жуда яқинмиз, шу сабабли ота уйимга борсам ҳам, бир кундан кўп туролмайман. Чунки биз бир-биримизга жуда ўрганиб қолганмиз, узоқ вақт бир-биримиздан узоқда юришга қийналамиз, дейди Заҳида.

Хонанда шахсий ҳаёти ҳақида сўзлаб, оилавий муаммоларни очиқ муҳокама қилиш кераклигини таъкидлади: Бир видео кўриб, таъсирлангандим. Аёл эрини хиёнатда ушлайди, лекин эр: “Сен ўзингга қарамайсан, фақат уни олиб бер, буни олиб бер дейсан, менинг хоҳишим билан қизиқмайсан”, дейди. Аслида, бу муаммо олдин гаплашиб олиниши керак эди. Шунда катта гуноҳларга борилмасди.
Заҳида асл исми Дилсўз экани, нега тахаллус остида ижод қилиши ҳақида гапирди:
Дилсўзнинг “Бегим-эй” деган қўшиғи чиққанида ҳамма “сен айтганмисан” деб қўйишмаган. Уни асл исми Гўзал бўлган, Дилсўз тахаллуси остида ижод қиладиган ижодкор куйлаган. Кейин қўшиқнинг клипи чиққач, “ҳа, сен эмас экансан” дейишган. Ўз исмим билан чиқишни хоҳлаганман, лекин ҳамма “Дилсўз десанг, адашиб кетишади” дейишган, шу сабаб Заҳида тахаллусини танлаганмиз, дейди у.
Хонанда қайнота-қайнонасини санъатга жуда шинаванда инсонлар сифатида тасвирлайди. Заҳида аслида улар билан бирга яшашни истаганини, аммо, афсуски, ҳозирда алоҳида яшаётганини айтади.
Заҳида онасининг ёлғиз ўзи уларни тарбиялаганини эслаб, болаликдаги оғриқли хотиралари билан бўлишди:
Онам мени ўзлари катта қилганлар. Мендан кейин укам бор. Дадам бошқа аёл билан кетганлар. Баъзида мактабда ўртоқларим билан турганимда дадам танимагандай ёнимдан ўтиб кетардилар. Дугоналарим “қара, даданг ўтяпти”, деса, “йўқ, адашяпсизлар”, дердим. Ҳозир эса дадам қайтиб келганлар. Улар яхши одам — менга ҳам, укамга ҳам ҳеч қачон ёмон сўз айтмаганлар
Ижодкор ҳаётида чуқур из қолдирган энг оғир синовлардан бири — фарзандини йўқотгани бўлган.
Дунёга келган фарзандимни йўқотганман. Исмини Хадича қўйган эдик. Бир неча ҳафталигида вафот этди. Мен буни “кўз тегиши” деб айтолмайман — бу пешанамда бор экан, дейди хонанда.
Изоҳ (0)