Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия президенти Владимир Путин урушни тугатиш учун музокара олиб боради. Президентлар икки ҳафта ичида Венгрияда учрашиши кутилмоқда. Бу ҳақда АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимли вакили Reuters’га маълум қилди.

Германия канцлери Фридрих Мерцнинг айтишича, ҳар икки раҳбар келгуси икки ҳафта ичида музокаралар олиб боради.
Россия президентининг бундай саммитга келишга журъати етадими йўқми, биз билмаймиз. Оқ уйдаги учрашув танаффусида АҚШ президенти россиялик ҳамкасби билан телефонда гаплашди. Кейинги икки ҳафта ичида (Зеленский ва Путин) учрашув бўлиб ўтиши тўғрисида келишиб олинди, деди Мерц.
Франция президенти Эммануэл Макрон эса президентлар учрашувини Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказишни таклиф қилган.
Биз икки томонлама учрашув амалга ошиши учун барча чораларни кўрамиз. Кейин эса сентябрь ойи бошигача кўп томонлама саммит ўтказилишига эришиш керак. Бироқ энг аввало, хавфсизлик кафолатлари бўйича барча ишларни бажариш зарур. Шу боис, келгуси икки ҳафта ниҳоятда муҳим, деди Макрон.
Зеленский россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан юзма-юз учрашишга тайёр эканини билдирган.
Мен Путин билан икки томонлама учрашувга тайёрлигимизни тасдиқладим ва Европанинг барча давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари мени қўллаб-қувватлади, деди у.
Президентнинг сўзларига кўра, учрашувни ҳеч қандай дастлабки шартларсиз ўтказиш лозим. У музокараларда ҳудудий масала ҳам кўриб чиқилишини таъкидлаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Украина ва Россия президентлари саммити ўтказиладиган жой кейинроқ аниқланишини айтганди. У дастлаб икки давлат раҳбарлари учрашиши, сўнгра Америка президенти иштирокида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтишини билдирган. Reuters манбаларига кўра, таклиф Россия президенти томонидан илгари сурилган.
Изоҳ (0)