Жорий йил 17 август куни АҚШнинг Мериленд штатида бўлиб ўтган BMW Championship голф турнирида ғаройиб воқеа юз берди: британиялик голфчи Томми Флитвуд ўйинда фахрли 4-ўринни эгаллашига оддий пашша ёрдам берди, деб ёзмоқда “Правила жизни”.

Сўнгги раундда Флитвуднинг зарбасидан кейин тўп чуқурчага тушишига атиги бир миллиметр қолиб, унинг четида тўхтаб қолди. Спортчи ҳам, томошабинлар ҳам бир неча сония давомида ҳаяжон билан воқеа ривожини кутиб туришди. Орадан кўп ўтмай, бир пашша учиб келиб, тўп устига қўнди. Натижада тўп бир оз силжиб, тешикка тушиб кетди.
Ўйин хулосасига кўра Флитвудга бирдиэ (белгиланган стандарт зарбалар сонидан бир зарбага кам уринишда ютиш) ёзилди. Бу эса унга турнирда тўртинчи ўринни эгаллаш ва 910 минг доллар мукофот пули олиш имконини берди.
Маълумот учун, BMW Championship PGA Tour доирасидаги йирик мусобақалардан бири бўлиб, унда дунёнинг энг кучли голфчилари иштирок этади. 2025 йилги ўйинлар 14–17 август кунлари Мериленд штатидаги Caves Valley Golf Club майдонида ўтказилди. Турнир умумий мукофот жамғармаси 20 миллион доллардан ортиқни ташкил қилди.

34 ёшли Томми Флитвуд Англиянинг профессионал голф ўйинчиси бўлиб, 2010 йилда профессионал спортга кириб келган ва тез орада Европадаги энг истиқболли голфчилардан бирига айланган.
Изоҳ (0)