У Исроилни тан олган иккинчи мусулмон давлати бўлди. Яҳудий давлати ўз эҳтиёжи учун нефтнинг қарийб ярмини айнан улардан олиб, эвазига қурол-яроғ сотарди. Бу ҳам етмаганидек, икки ҳамкор биргаликда Европа бозорига чиқишни ният қилган ва қўшма лойиҳалар устида ишларди. Гап Эрон ҳақида кетяпти десак, бу сизни ажаблантирадими? Ўша пайтлар воқеалар ривожининг бу қадар кескин ўзгариб кетишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Ғарбга содиқ монархиянинг ағдарилиши нафақат мамлакат, балки минтақа об-ҳавосини ўзгартирди. 1979 йили юз берган воқеалар икки қалин иттифоқчини ашаддий душманларга айлантириб, қарийб ярим аср давом этган соялар урушини бошлаб берди. Status-кво 2025 йилнинг 12 июнь кунига қадар давом этди.
Ўшанда Исроил Эрон ҳарбий элитаси ва ядровий дастурини бошсиз қолдирди. Мамлакатнинг ҳаво мудофаа тизимлари, ҳарбий саноат корхоналари ва базалари нишонга олинди. Исроил энг оғриқли зарбани ядровий объектларга ҳужум қилиш орқали йўллади. Эрон эса бунга жавобан Исроилга юзлаб ракеталар учирди. Уларнинг маълум қисми ҳаво мудофаа тизимларидан ўтиб, талафот етказди. 12 кун давом этган можарода 28 нафар исроиллик ҳалок бўлди, яна мингдан ортиғи турли даражада жароҳатланди. Эрон эса, ўз навбатида, 400 нафар қурбон берди. Улардан 14 нафари болалардир.
Ярим аср муқаддам қалин иттифоқчилар ҳисобланган ҳисобланган бу икки давлат хавфсизлик, савдо, маданий соҳаларда чуқур ҳамкорлик қилган. Теҳроннинг энг бой, энг сўлим мавзеларидаги мол-мулклар яҳудий тадбиркорларга тегишли эди. Ғарб билан қалин муносабатлар Эронга технологик тараққиётнинг энг сўнгги ютуқларидан баҳраманд бўлиш, сармоя жалб этиш ва шу орқали Осиёнинг энг тез ривожланаётган давлатларидан бирига айланиш имконини берди.

Бироқ умумий иқтисодий кўрсаткичлар яхшилангани билан, бу оддий аҳоли турмуш тарзида акс этмади. Қолаверса, Шоҳ бошқарувида Эрон секуляризмнинг ашаддий йўлидан кетди. Диндорлар таъқибга олинди. Мухолифат эса ҳокимият кучи билан бирма-бир йўлдан олинди. Бунда Савак номли махфий полиция фавқулодда рол ўйнади. У ўзгача фикрловчилар учун қора тушга айланди. Аммо оддий эронликларни ғазаблантирган омиллар фақат бу билан чекланиб қолмаган. Мамлакат аҳолиси кенг урчиган коррупция, адолатсизликдан азият чекди.
Эронни бошқараётган паҳлавийлар сулоласи 1971 йили яна бир қўпол хатога йўл қўйди. Аҳамонийлар империясининг 2500 йиллик юбилейини нишонлаш учун Персополис яқинидаги саҳрода ҳашаматли чодирлардан иборат вақтинчалик шаҳарча қурилди. Дунё бўйлаб 60 дан ортиқ давлат раҳбарлари, қироллик оилалари вакиллари ҳамда бошқа юқори мартабали меҳмонлар таклиф этилди. Улар учун ёзилган дастурхонга 6000 кг озиқ-овқат, 18 тонна ичимлик, жумладан беш минг шишада французларнинг қимматбаҳо шароби тортилди. Шу ва бошқа харажатлар учун 100-120 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган. Агар ҳозирги кун қиймати билан ҳисобланса, ХХ асрнинг энг қиммат зиёфати эронликларга қарийб ярим миллиард долларга тушган. Бу эса аҳолининг норозилигини оширган.

Анчадан буён кутилаётган чақнаш 1978 йили юз берди. Мамлакатнинг маънавий пойтахти ҳисобланган Қум шаҳрида талабалар ва полиция тўқнашди. Шундан сўнг бошланган ва бир йил давом этган тартибсизликлар сабаб аввалги шоҳ, кейин эса бош вазир мамлакатни ташлаб қочди. Анъанадор эронликлар машҳур руҳонийлардан бири Руҳуллоҳ Хумайний бошчилигида ҳокимиятга келиб, мамлакатни Ислом республикаси деб эълон қилди. Инқилоб минтақада кескин ўзгаришларни бошлаб берди.
Ўзлари тортган мусибатлар учун нафақат режим, балки уни дастакловчи кучлар, яъни, Ғарбни сабабчи деб билган ғазабнок намойишчилар Қўшма Штатларнинг Теҳрондаги элчихонасига бостириб кирди. Инқилоб етакчилари 53 нафар америкаликни гаровга олиб, 444 кун давомида ҳибсда сақлади. Бунга жавобан, Қўшма Штатлар Эронга нисбатан мисли кўрилмаган санкцияларни киритди. Халқаро изоляция бошланди. Мамлакатни яккалаш сиёсатига Исроил ҳам қўшилди.

Тескари саноқ
Теҳрон марказидан Фаластин майдони учун алоҳида жой ажратилган. Бу ерда вақти-вақти билан Ғарбга қарши оммавий намойишлар ўтказилиб турилади. Бироқ мазкур мажмуани дунё эътиборига туширган бошқа бир омил ҳам бор. Гап 2040 йилгача санайдиган соат ҳақида. Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Хумайний Исроил айнан шу йилга бориб, Яқин Шарқдан йўқ бўлиб кетиши ҳақида башорат қилганди. Мана шунинг ўзи ҳам икки ўртадаги душманлик нақадар чуқур илдиз отганидан далолат беради.

Бироқ, шунга қарамай, қарийб ярим асрлик тирашув даврида ҳар икки томон юзма-юз тўқнашувлардан қочиб келди. Бунинг ўрнига улар соялар урушини олиб боришди. Исроил Эрон ядровий инфратузилмасига киберҳужумлар уюштириб, таниқли физикларга нисбатан суиқасдлар ташкил этди. Бундан ташқари, Эроннинг минтақадаги ҳарбий операцияларни бошқарадиган юқори мартабали қўмондонлари нишонга олинди. Ироқ ва Суриядаги курд қуролли гуруҳлари ҳам Тель-Авив ёрдамидан бебаҳра қолмади. Қолаверса, ўзининг Ғарб оламидаги лоббисидан фойдаланиб, Эронни халқаро майдонда яккалаб қўйди.
Теҳрон эса минтақа бўйлаб иттифоқчилар тармоғини тузди. “Қаршилик ўқи” деб аталган бу клубга асосан шиа мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлардан иборат қуролли ҳаракатлар киради. Ливан Ҳизбуллоҳи, Яман ҳусийлари ҳамда Ироқ ва Суриядаги қатор қуролли гуруҳлар шулар жумласидан. Улар Теҳрон учун ўзига хос буфер вазифасини бажариб беради. Бунинг эвазига қурол-яроғ, моддий ёрдам олиб турди. Таъкидлаш жоиз, қаршилик ўқи аъзолари турли тўқнашувлар ва низоларда жанговар тажриба орттирган.
Масалан, “Ҳизбуллоҳ” Ливан жанубини назорат қилувчи куч, соддароқ айтганда давлат ичидаги давлат эди. Бироқ 2023 йилнинг 7 июнь куни Исроил билан бошланган можаро ташкилот учун жиддий зарба бўлди. Урушга қадар ўз сафларида 40 мингдан 100 мингга қадар аскар жамлаган, минглаб ракеталардан иборат арсенални тасарруф қилган эди. Бироқ ташкилот раҳбариятига берилган зарбалар, Моссад томонидан олиб борилган “Пейжерлар операцияси” – буларнинг бари бир вақтлар ҳатто Ливан қуролли кучларидан қудратлироқ бўлган тузилмани заифлаштирди. Расмий ҳокимият ҳозир “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш билан банд.

Яман ҳусийлари
Ҳусийлар ёхуд Ансор Аллоҳ ҳаракати 2014 йили Яманда бошланган фуқаролар урушидан сўнг дунё эътиборига тушди. Ҳукумат кучлари, қолаверса, Саудия бошчилигидаги араб коалициясига қарши саккиз йил курашган гуруҳ Исроил ва иттифоқчиларни душман деб билади. Уларнинг Эрон билан манфаатлари бу нуқтада ҳам кесишади. Ҳаракат таркибида 100 мингдан 200 мингга қадар жангчи бор деб ишонилади. Агар зарурат туғилса, сафарбарлик орқали қўшимча кучларни жалб қилиш ҳам мумкин. Улар яҳудий давлатига вақти-вақти билан, бироқ мунтазам равишда дрон ва баллистик ракеталар учириб туради. Қизил денгиздан ўтган савдо кемаларини нишонга олиш билан эса халқаро савдога, хусусан Ғарб давлатларига босим қилади.
Эронда дин бу шахсий эътиқоддан кўпроқ нарса, балки мафкура, яъни жамият ва давлат механизмларини ҳаракатлантирувчи ёқилғи ҳисобланади. Бу омил нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқи муносабатларда ҳам муҳим ўрин тутади.
Юқорида айтилганидек, қаршилик ўқи аъзоларининг мафкураси умумий асос – шиаликда бирлашади. Бироқ сунний мусулмонлардан тузилган яна бир ҳаракат Теҳрон кўмагидан фойдаланиб келмоқда. ҲАМАС ва Эронни кўпроқ сиёсий манфаатлар бирлаштиради. Теҳрон, араб давлатлари ташлаб қўйган бир вақтда, ҳаракатни Исроилга қарши курашда дастаклайди. Фаластинликлар эса “Қаршилик ўқи”нинг бир бўғини сифатида Эрон манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Стратегик сабр
Эроннинг Исроилга муносабати ва хатти-ҳаракатларини мана шундай ифодалаш мумкин. Теҳрон яҳудий давлатининг мавжудлигига чек қўйишдан манфаатдор. Уни Яқин Шарқ давлатлари орасига суқилган пона сифатида кўргани, қарама-қарши сиёсий режимларга мансублиги боис қимматли ресурсларини сарфлаб курашади. Бироқ буни кутиш ва минтақада кучлар нисбати кескин ўзгарадиган кунга қадар тўғридан-тўғри тўқнашувдан қочиш орқали бажаришни маъқул кўради. Аниқроғи, уларда бошқа чора ҳам йўқ.
Ҳар икки томондан қабул қилинган мазкур ўйин қоидаси 10 йиллар давомида ишлаб келди. Бироқ Исроил Эроннинг Суриядаги консуллик биносига зарба бериш билан статус-квони бузди. Халқаро ҳуқуққа кўра бир томонлама уруш очишдек баҳоланадиган ҳаракатга Эрон дрон ва ракеталар зарбаси билан жавоб қайтарди. Орадан бир неча ой ўтиб, “Ҳизбуллоҳ” етакчисининг ўлдирилишига жавобан яна бир бор зарба йўллади. Ҳар иккала ҳужумда юзлаб баллистик ракеталар қўлланилган бўлса-да, Эрон можарони назоратсиз эскалацияга олиб бормаслик учун анча эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди.

Исроил сўнгги икки йил ичида Теҳроннинг минтақадаги иттифоқчилари ҳамда проксиларига жиддий зарба берди. Натижада улар заифлашиб, таҳдид даражаси пасайди. Бироқ Эрон дастагидаги “Қаршилик ўқи”га энг оғриқли мушт Сурияда туширилди. Қуролли мухолифат томонидан кутилмаганда бошланган ҳужум икки ҳафтага ҳам бормасдан Дамашқда ҳокимият алмашиши билан якунланди. Мамлакатни ярим аср бошқарган сулола ағдарилиб, президент Башар Асад Москвага қочди. Янги маъмурият Туркия ва араб давлатлари билан қалин муносабатларга киришди. Теҳрон ва Москва Дамашқни йўқотди. Бу билан Яқин Шарқда кучли таъсир доирасидан ҳам маҳрум бўлди. “Ҳизбуллоҳ” эса Эрондан келадиган муҳим таъминот йўлидан узилиб қолди.
Янги фаза
Эрон ҳарбий раҳбариятининг юқори мартабали қўмондонлари, ядро физиклари, ядровий объектлар, ҳарбий базалар, ҳаво мудофаа тизимларини нишона олган амалиёт Исроил учун муваффақиятли кечди. Исроил ҳарбий ҳаво кучлари осмондан, Моссад диверсантлари эса ичкаридан туриб мамлакатга талафот етказди. Шундан сўнг старт олган кескинликнинг янги фазаси 12 кун давом этди. Бироқ Исроил Эроннинг энг мустаҳкам ҳимояга эга Фордо ядровий иншоотини мустақил йўқ қила олмади. Шу боис бунга қодир Қўшма Штатларга юзланди.
АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари “Ярим тун болғаси” деб номланган амалиётга Б-2 Стратегик бомбардимончиларини жалб қилди. Ўзининг вайронкор ўт очиш кучи билан “бункер тешувчилар отаси” дея ном олган ГБУ-57 бомбаларидан 12 та қўлланилди. Аммо бу турдаги ўқ-дорилар ер остида портлашга мўлжаллангани боис, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар орқали талафот кўламини баҳолаш имконсиз. Аммо Эрон Қўшма Штатларнинг бу ҳаракатини жавобсиз қолдирмади. АҚШнинг минтақадаги базаларига, рамзий бўлса-да, зарба берилди.

Эрон икки йил олдингига нисбатан анча заиф аҳволда. Мамлакатнинг қудратли иттифоқчилари ёки проксилари, бу қайси томондан қарашга боғлиқ, таъсир доираларидан ажралди ёки сиёсий майдондан бутунлай чиқди. Ҳосил бўлган вакуумни Туркия ва Исроил тўлдирди. Яҳудий давлати томонидан нишонга олинган ядровий объектларни тиклаш учун эса йиллар талаб этилади.
Бироқ бу ҳали ўйин тугади дегани эмас. Сўнгги можародан сўнг Теҳрон МАГАТЭ инспекторлари мамлакатдан чиқариб юборилишини айтди. Бу Эрон ядровий дастури устидан халқаро назорат йўқолишини англатади. Қолаверса, айрим Ғарб нашрлари ҳам эронликлар АҚШ зарбаларидан олдин бойитилган уран захираси номаълум нуқтага кўчирилгани, бундан эса ҳатто Қўшма Штатлар разведкаси бехабарлигини ёзиб чиқди.

Дарҳақиқат, ядро физиклар ва инфратузилмага берилган зарбалар дастурни бир неча йил, эҳтимол ўн йил ортга суради. Аммо тўхтатиб қўя олмайди. Энг муҳими, Эрон ядровий қурол ясашга астойдил киришади. Чунки аввал иккилангани товони унга жуда қимматга тушди.
Изоҳ (0)