Шавкат Мирзиёев “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурини бошлаш ва “Гарвардчилар мактаби”ни очиш бўйича катта фармон имзолади. Бу ҳақда у 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Президентга кўра, четда ўқиётган Ўзбекистон ёшларининг атиги 1 фоизи “Топ-100”даги олийгоҳларга кирган. Ваҳоланки, “Топ-10” билан “Топ-200”даги таълим нархи бир биридан атиги 15-20 фоизга фарқ қилади.
“Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади”, деди президент.
Айнан шу сабаб билан “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурини бошлаш ва “Гарвардчилар мактаби”ни ташкил қилиш ҳақида президент фармони имзоланган. Бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда “Топ-10” олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.
Бундан ташқари, президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади.
Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Гарвард, Ел, Колумбия, Корнел каби олийгоҳларига тайёрлайди.
Изоҳ (0)