Франция профессионал футбол лигаси (LFP) интизомий қўмитаси “Лион” бош мураббийи Пауло Фонсекага жиддий жазо тайинлади. У 2025 йил 30 ноябргача дисквалификация қилинди. Бу ҳақида РМC спорт нашри маълум қилди.

Бу қарор Фонсеканинг якшанба куни “Лион” – “Брест” (2:1) учрашуви вақтида ҳакам Бенуа Миё билан жанжаллашгани учун чиқарилди. VAR тизими орқали баҳсли ҳолат кўриб чиқилаётган пайтда мураббий майдон четида жуда кескин ҳаракат қилган. Ҳакам уни майдондан четлатгач, Фонсека унга яқин келиб, баланд овозда норозилик билдирган ва унга босим ўтказишга уринган. Унинг ғазабини дастлаб Корантен Толиссо, кейин эса бутун мураббийлар штаби боса олмаган.
Пауло Фонсеканинг жазоси икки босқичдан иборат:
- 2025 йил 15 сентябргача – У жамоанинг расмий шахс сифатида ҳар қандай фаолиятида қатнаша олмайди. Жумладан, мураббийлар штаби, футболчилар кийиниш хонаси, майдон ва унга олиб борувчи йўлакларга кириши тақиқланади.
- 2025 йил 30 ноябргача – У мураббийлар ўриндиғига чиқиши, ҳакамлар хонасига кириши ва жамоанинг расмий учрашувларида фаолият юритиши мумкин эмас.
Маълумот учун, ҳозирда “Лион” клуби Франция чемпионати 24-туридан кейин турнир жадвалида 39 очко билан 6-ўринда турибди.
Изоҳ (0)