Бухоро вилоятининг Пешку туманида қум-шағал хом ашёсини ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Пешку туман бўлими томонидан “Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш” инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “К.С.” МЧЖга қарашли қум-шағал конида кон ажратмаси бўйича белгиланган чегарадан ташқарида 11,8 минг куб қум-шағал аралашмаси ноқонуний равишда қазиб олиниб, давлат ва жамият манфаатларига 153,7 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)