Республикада январь–сентябрь ойларида 71,4 минг нафар эркак, 58,3 минг аёл киши вафот этган. Бу ҳақда Статистика агентлиги ахборот берди.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь–сентябрь ойларида вафот этганлар сони 129,7 минг кишини ташкил этди. Шундан 71,4 минг нафари эркаклар, 58,3 минг нафари аёллар. Уч чорак давомида шаҳар жойларида оламдан ўтганлар сони 69,6 минг, қишлоқ жойларида вафот этганлар 60,1 минг нафарга етган. Энг кўп ўлимлар август ойида (10 минг 308 та) кузатилган.
Қайд этилган ўлим ҳолатларининг 58,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 10,7 фоизи ўсимталардан, 6,6 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,7 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишдан келиб чиққан. Шу билан бирга, 3,6 фоиз одам овқат ҳазм қилиш аъзолари, 1,4 фоизи юқумли ва паразитар касалликларга чалиниш оқибатида вафот этган.
Вафот этганлар орасида меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 12,1 фоизни, меҳнатга лаёқатли ёшдагилар 23,9 фоизни ва меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 64 фоизни ташкил этган.
Ўлимларнинг ўсиш суръати энг юқори даражаси Сирдарё, Навоий, Наманган, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистонда кузатилган.
Қўмита ахборотида Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь–сентябрь ойларида 132,1 минг киши, 2022 йилнинг 9 ойи чида 130,2 минг киши вафот этгани келтирилган.
Аввалроқ январь—июнь ойларида мамлакатда жами вафот этганлар сони 79,8 минг кишини ташкил этгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)