Туркия Рақобат кенгаши Американинг Meta корпорациясига 335,7 миллион турк лираси (10,4 миллион доллардан ортиқ) миқдорида маъмурий жарима солди.
Meta Туркияда Threads сервисини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг, Рақобат кенгаши март ойида белгиланган кунлик 4,8 миллион лира (тахминан 148 минг доллар) жаримани бекор қилди. Бироқ регулятор компанияга 335 миллион 730 минг лира миқдоридаги маъмурий жарима қўллади.
Кундалик жарима Meta’ни март ойида бозордаги ҳукмрон мавқеини суиистеъмол қилганликда айблаб қўйилган эди. Тергов мавзуси Instagram ва Threads ижтимоий тармоқларидаги аккаунтларнинг бирлашиши бўлди. Компания сиёсатига кўра, Threads иловасига кириш учун фойдаланувчилар Instagram аккаунтига эга бўлиши керак эди, бундан ташқари, Threads аккаунтини ўчириб ташламоқчи бўлган фойдаланувчилар Instagram аккаунтини ҳам ўчиришга мажбур.
“Бизнинг дастлабки терговимиз давомида аниқланишича, Meta’нинг маълумот тўплаш сиёсатининг бир қисми сифатида Instagram аккаунтларидаги маълумотлар Threads ҳисобларига ўтказилиши ва Threads орқали тўпланган маълумотлар бошқа Meta маҳсулотларида фойдаланилиши мумкин”, — дейилади регулятор хабарида.
Кенгаш бу ҳолат секторда рақобатнинг соғлом ривожланишига зарар етказишини таъкидлади. Туркия қонунчилигига риоя қилинмагунча компанияга ҳар куни жарима тўлаш мажбурияти юкланди.
Бунга жавобан Meta 29 апрелдан бошлаб Туркияда Threads фаолиятининг вақтинчалик тўхтатилишини эълон қилди.
Қайд этилишича, туркиялик фойдаланувчиларнинг профиллари деактивизация қилинади, бироқ улар исталган вақтда маълумотларни юклаб олишлари ва профилни бутунлай ўчиришлари мумкин.
Изоҳ (0)