Қирғизистон президенти Садир Жапаров гемодиализга муҳтож барча фуқароларга бепул буйрак трансплантациясини амалга оширишни буюрди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевга таяниб, 24.kg хабар берди.
“Президент лойиҳасига кўра, август ойида учта буйрак трансплантацияси операцияси ўтказилди ва менга Қирғизистонда буйрак, жигар, суяк илиги кўчириб ўтказилишини таъминлаш вазифаси юкланди. Буни кенг миқёсда амалга ошириш учун қонунни ўзгартириш керак эди. Жогорку Кенеш буни қабул қилди ва президент имзолади”, — деди у.
Вазирнинг қўшимча қилишича, 2020 йилдан буён кўп ишлар амалга оширилган ва бугунги кунда сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар бюджет ҳисобидан гемодиализ олмоқда. Қирғизистон бўйича жами 2685 нафар шундай беморлар бор.
“Биринчи босқичда 50 та буйрак кўчириб ўтказиш операцияси учун давлат тўлаб бериши тўғрисида қарор қабул қилинган эди — бу ҳар бири учун тахминан 7-10 минг доллар. Кейинроқ президент барча муҳтожларнинг харажатлари давлат томонидан қопланишига қарор қилди. Бизда 2 минг 685 киши гемодиализ олмоқда. Бунинг учун бюджетдан 2,5 миллиард сом сарфланмоқда. Операция тахминан 650 минг сомга тушади, ҳозир 105 киши навбатда турибди. Улар барча керакли тестларни топширишга киришмоқда”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, қирғизистонлик мутахассислар айни пайтда Туркияда органларни трансплантация қилиш бўйича малака оширмоқда ва февраль ойи охирида Туркиядан катта мутахассислар гуруҳи келади. У бундан кейин жигар кўчириб ўтказиш операцияларини амалга оширишларига умид билдирди.
Изоҳ (0)