Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон Олий Кенгашининг (миллий парламентнинг Олий Мажлисдан аввалги номи) 1992 йил 8—10 декабрь кунлари бўлиб ўтган 11-сессиясида бир қатор тарихий қарорлар қабул қилинган. Биринчиси, табиийки, 8 декабрь куни Ўзбекистон конституциясининг қабул қилинишидир. Сессиянинг учинчи иш кунида эса Давлат мадҳиясига доир масала кўриб чиқилган.

Танлов

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Иззатулла Норқувватовнинг ёдга олишича, Ўзбекистоннинг янги мадҳиясини ишлаб чиқишга 1990 йил мартидан киришилган. «Бу ҳаракат ҳали СССР деган қудратли, ‘қиличидан қон томган’ давлат барқарор бўлиб турган пайтда жуда катта жасорат эди», — деб ёзади журналист.

1990 йилнинг декабрида Маданият, фан, халқ таълими ва маданий меросни асраш қўмитаси томонидан Давлат мадҳияси матни ва мусиқаси бўйича танлов эълон қилинган. Низомга кўра, танловда иштирок этувчи ижодкорлар яширин имзо — тахаллус билан қатнашиши шарт қилиб қўйилган эди.

Қўмитанинг 1991 йил 5 апрель куни таниқли адиб Пиримқул Қодиров раислигида ўтказилган йиғилишида Ўзбекистон Давлат мадҳияси учун тақдим этилган шеърларни саралаш масаласи кўрилган. Йиғилишда 90 га яқин тахаллуслар билан қатнашган шоирларнинг 12 та шеъри кейинги босқич учун танлаб олинган.

Орадан икки ой ўтгач, давлат мадҳияси мусиқаси учун тақдим этилган асарлар танлови ҳам ўтказилган. Танловда 30 га яқин мусиқий асарлардан бирортаси ҳам комиссия аъзоларига тўла маънода маъқул келмаган, фақат 2 та мусиқий асар қайта ишлаш шарти билан иккинчи турга ўтказилган.

Мавзуга доир: «Дарё» сўровномаси: Ўзбекистон мадҳияси қачон қабул қилинган? Муаллифлари ким?

Номзод асарлар

Якуний босқичда қатнашиш учун сараланган учта мадҳия муаллифлари Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов, Мирпўлат Мирзо ва Рустам Абдуллаев, Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиев экани маълум бўлди.

Рустам Абдуллаев «Дарё» мухбири билан суҳбатда бўлган Олий Кенгашдаги ўша жараёнда учала номзод мадҳия муаллифлари ёнма-ён ўтиргани ва жуда ҳаяжонланганини сўзлаб бераркан, жараённи қуйидагича хотирлаган:

Олий Кенгаш залида дастлаб Бахтиёр Алиев мусиқаси билан яратилган мадҳия янгради. Уни яхши қабул қилишди. Кейин мен ва Мирпўлат Мирзо ҳамкорлигидаги мадҳия жаранг сочди, у ҳам жуда яхши қаршиланди. Охирида Абдулла Орипов шеърига композитор Мутал Бурҳонов томонидан басталанган куй қўйилгач, қарсаклар зўр бўлди, депутатларнинг кўпи ўрнидан туриб кетди. Биз ҳам хурсанд бўлганмиз. Бу ҳолатни кўриб, «Натижа маълум бўлганга ўхшаяпти», деган фикрлар ўтган.

Учала мадҳия янграгач, Абдулла ака минбарга чиқиб, шеърларини ўқиган. Депутатлар яширин овоз бергач, 404 балл билан Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов ҳамкорлигидаги мадҳия ғолиб бўлган. Бизнинг ижодий ишимиз иккинчи, Бахтиёр Алиев мусиқаси билан тайёрланган мадҳия эса 3-ўринга лойиқ кўрилган. Ғолибларни қучоқлаб табриклаганмиз, қувонганмиз. Танловнинг финал босқичига етиб, иккинчи ўринни олишнинг ўзи ҳам катта гап. Негаки, якуний босқич ўтказилаётган залда депутатлардан ташқари, мамлакат раҳбарияти ҳам бор эди.

Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матни ва мусиқаси вариантлари муаллифларини мукофотлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Олий Кенгаш томонидан тасдиқланган давлат мадҳиясининг муаллифлари — Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов 100 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланган. Давлат мадҳиясининг вариантлари сифатида тақдим этилган матн ва мусиқалар муаллифлари — Мирпўлат Мирзо ва Рустам Абдуллаевга 75 минг сўм, Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиевга эса 50 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти берилган (таққослаш учун — 1992 йил 2 сентябрдаги ҳукумат қарорида бир доллар учун курс 85 сўм деб кўрсатилган).

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Молия
Чорва молларидан автомобилгача: нега ўзбекистонликлар ўз жамғармаларини банкда сақламайди?
Маҳаллий
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь