Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида машиналарни гуруҳ-гуруҳ бўлиб, манёвр билан бошқараётган ҳайдовчиларнинг видеоси тарқалганди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Видео эълон қилингандан сўнг ушбу шахсларни топиш чоралари кўрилаётганди. Тасвирлардаги барча ҳайдовчиларга қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиб, натижаси жамоатчиликка маълум қилиниши ҳам билдирилган эди.
Таъкидланишича, 9 сентябрь куни жиноят ишлар бўйича Ургут тумани суди томонидан ушбу шахсларга оид иш кўриб чиқилди.
Безорилик ҳаракатларини содир этиб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан 11 нафар ҳайдовчининг 8 нафарига 15 суткадан, 3 нафарига 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.