Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

8 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари Малайзия халқаро савдо ва кўргазмалар марказида гибрид форматда ташкил этилган «18-Ҳалол маҳсулотлар халқаро кўргазмаси —2022» (MIHAS-2022) расмий очилиш маросимида қатнашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Қайд этилишича, унда Малайзия бош вазири Исмоил Сабри бин Якоб иштирок этган.

Мазкур кўргазма ҳалол маҳсулотлар саноатида дунёдаги энг йирик тадбир бўлиб, 2004 йилдан бери ҳар йили Малайзия пойтахтида ўтказиб келинади. У Малайзия савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Халқаро савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) томонидан ташкил этилади.

Тадбирда ҳар йили дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан қарийб 500 компания, 80 дан ортиқ мамлакатлардан 25 минг нафар киши иштирок этади.

Жорий йилда кўргазмада озиқ-овқат, фармацевтика, ислом молияси, зиёрат туризми, электрон тижорат, ислом модаси, озиқ-овқат технологияси, шунингдек, жами 13 хил йўналишдаги маҳсулот ва хизматлар намойиш этилмоқда.

Тадбир давомида «Ҳалол» саноатидаги янги йўналишлар ва тенденциялар билан танишиш анъана тусини олган.

Кўргазма иштирокчиларига Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти, маҳаллий маҳсулотларни хорижий мамлакатлар бозорларига чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва маҳсулотлар таннархини тушириш бўйича фойдаланилаётган халқаро транспорт йўлаклари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилган.

Натижада MATRADE вакиллари билан ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, Малайзия бозорини ўзлаштириш мақсадида «Ҳалол» сертификатига эга бўлган маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тижорат таклифларини Малайзиядаги салоҳиятли харидорларга етказиш бўйича ушбу компаниялар иштирокида онлайн тақдимот ўтказишга, шунингдек, келгуси кўргазма ва ярмаркаларда Ўзбекистоннинг корхона ва тадбиркорлари иштироки масаласини ишлаб чиқишга келишиб олинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар