Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ёз мавсумида одамлар имкон қадар салқинланиш йўлларига ошиқади. Шахсий бюджетидан келиб чиқиб, бассейн, пляж, имкони бўлганида эса денгизи бор юртлар томон йўл олади.

Географик жойлашуви бўйича ҳудудида денгиз бўлган мамлакатлар туристлар учун қанчалик қулай ва ҳамёнбоп?

«Дарё» қуйида сизга фойдали ва қизиқарли бўлган маълумотлар ва сирлар билан бўлишади. Ҳикояда озарлар юртидаги диққатга сазовор масканлар, саёҳатчилар эътиборидан қолган жойлар, миллий таомлар, камчилик ва ютуқлар ҳақида сўзланади. 

Масалан, бир сайёҳга Озарбайжоннинг Баку шаҳрида уч кеча-ю тўрт кундуз бўлиши учун қанча маблағ зарур бўлади?  

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Мустақил саёҳат

Тошкент—Баку—Тошкент йўналишлари бўйича чипталар 4 500 000 сўмга онлайн харид қилинди.

Бошқа мамлакатда дуч келишингиз эҳтимоли бўлган энг катта ва асосий муаммо — тил масаласи. Бироқ озарлар мамлакатида буни муаммо деб атамаса ҳам бўлади.

Маҳаллий аҳоли рус тилини яхши тушунади, бироз аксент билан бўлса-да, жавоб ҳам қайтаради. Яна кўпчилик инглиз тилида эркин суҳбатлаша олишига гувоҳ бўласиз.

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Фото: «Дарё» / Гулираъно Мусаева

Юқоридаги икки тилдан ташқари, уларнинг давлат тили ҳисобланувчи озарбайжонча эса ўзбекчага жуда яқин ва диққат билан тингланганда тушуниш мумкин тил ҳисобланади.

Бу, албатта, ўзбек саёҳатчилар учун қулай, ёрдамчи тил вазифасини ўташи мумкин.

Мустақил саёҳатчини бошқалар каби аэропортдан исми ёки гуруҳининг номи ёзилган «табличка» билан кутиб олувчилар бўлмайди.

Бироқ бу манзилга қандай етиб олиш ҳақида бош қотиришга сезиларли вақт сарфланишини ҳам билдирмайди.

Махсус транспорт ва такси хизматлари

Аэропортдан ташқарига чиққанда кўплаб автомобиль ва автобусларга кўз тушади. Аэропорт ташқарисининг бир четида жойлашган «будка»да махсус транспорт карталари сотилади.

Баку карт хариди учун сотувчига умумий 11 Озарбайжон манати берилганида (1 манат = 6 400 сўм), карта тўловидан ташқари 6 кишининг ҳар бирига 1,20 манат автобус ҳақи учун етарли маблағ картага туширилган.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Демак, бир картанинг тахминий нархи 2 манат (ўртача 13 000 сўм) ва ундан бир неча киши бемалол фойдалана олади.

Аэропортдан чиққан йўловчилар одатда махсус «Аэропорт экспрес» автобусида унинг сўнгги — «28 май» бекатигача бориб олади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, таксичиларга ўша ердан шаҳарнинг турли нуқталарига олиб бориш қулай экан.

Автобусга чиқишдан аввал ҳар бир йўловчи 1,20 манатдан (ўртача 8 000 сўм) карта орқали тўлов қилади.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Мамлакат ҳудудида такси хизматларидан жуда фаол фойдаланилади.

Биз ҳам шулардан бири, Bolt иловаси орқали такси ёлладик. Ушбу илова илк фойдаланувчиларига 50 фоизли чегирма берар экан.

Чегирма асосида эконом класс таърифида 2 километр, 10 дақиқали 2,40 манатли (+/- 15 000) йўл учун 1,20 манат (+/- 7 700 сўм) тўлов қилинди.
 

Ўзбекистонда одатда юқори даромад эгалари ёки давлат ходимларигина ҳайдай оладиган BMW, Mercedes каби немис машиналари такси сифатида хизмат кўрсатди.

Шаҳар марказидаги турар жой

Меҳмонхона танлови саёҳатчининг режаларини ўз вақтида амалга оширишига ёки улгурмай қолишига бевосита таъсир қилувчи масала саналади.

Шу сабабли ҳам уни аввалдан, узоқроқ ўйлаб ва ўрганиб танлаш мақсадга мувофиқ. Унинг ички ҳолати, зарур шароитларидан ташқари қаерда жойлашгани ва мамлакатнинг кўришга сазовор нуқталарига яқинлиги ҳам инобатга олингани маъқул.

Юқорида айтилганидек, у ўлкага саёҳат қилишнинг асосий мақсадларидан бири, бир қисми Баку шаҳрига тўғри келувчи Каспий, маҳаллий аҳоли тилида айтганда Ҳазар денгизини кўриш бўлган.

Аввалдан танланган «Central Baku» меҳмонхонаси эса мамлакатдаги машҳур «Фавворалар майдони»дан 700 метр узоқликда жойлашган. У ердан тахминан 10 дақиқалик йўл билан денгизга бориш жуда қулай.

Яна маълум масофани пиёда босиб, «Ичкари шаҳар»га ҳам бориб олиш муаммо эмас.

Фото: «Booking.com»

Фото: «Booking.com»

Фавворалар майдонидан ўз номига мувофиқ бир неча фаввора, ундан ташқари турли кафе-ресторан ва озиқ-овқат, кийим-кечак дўконлари жой олган.

 

Уч кеча, тўрт кундуз меҳмонхонадан фойдаланиш олти киши учун умумий 370 манат (+/- 2 369 000 сўм)га айланди.

Аввал бошидан Озарбайжоннинг ҳақиқий ошхонасини ўрганиш мақсадида меҳмонхонанинг нонушта, тушлик ва кечки овқатлари танланмаганди.

Меҳмонхона «Booking.com» сайтидагидек кўринишга ва бепул Wi-Fi’га эга.

Умуман олганда эса бу отел талабларга деярли мос келди. Шаҳар марказида, денгиз, кўнгилочар майдон ва овқатланиш жойларига пиёда бориб, вақтдан ютиш ҳамда йўл учун ортиқча маблағ сарфламаслик — сайёҳлар учун муҳим жиҳатлардан саналади.

Меҳмонхона эса фақат юкларнинг хавфсиз сақланиши ҳамда дам олиш учунгина керак бўлди.

 

Баку аҳолисига энг кўп ҳавас қилинадиган жиҳат ҳам айнан денгиз билан боғлиқ — улар ишдан чарчаган ёки шунчаки кўнгил ёзишни хоҳлаган вақтида дўстлар билан бир финжон чой устида чолғу чалиб, суҳбатлашиш, ҳордиқ чиқариш имконидан бепул фойдалана олади.

Турк ошхонасини эслатувчи мазали таомлар

Эрталабки нонушта ҳар ким учун турлича кўринишга эга бўлиши мумкин.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Масалан, кимдир иссиқ қаҳвадан тетиклашиб, бир дона круассан билан тушликка қадар, баъзан ундан кўпроқ муддат ўзини тўқ ва яхши ҳис қилса, бошқалар нонуштани тўйимли ва бақувватроқ қилишни афзал билади.

Эрта тонгни машҳур Starbucks ва круассан билан бошламоқчи бўлганларга 12,8 манат, яъни 82 минг сўм етарли бўлади.

Бунда:

  • 10,1 манат (+/- 65 000 сўм) — Starbucks’ капучино қаҳваси учун;
  • 2,70 манат (+/- 17 000 сўм) — круассан учун.

Фото: скриншот

Фото: скриншот

Маҳаллий «Fisincan» кафеси таклиф этадиган иссиқ Озарбайжон чойи ва мазали егуликлардан иборат, тўйимли нонушта сети эса бир киши учун 12 Озарбайжон манати — 77 000 сўмдан тушади.

Фото: «Дарё» /Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» /Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Баку аҳолиси кечки 12 ларда ҳам фаол, кўчаларни кезиб юрганини кўриш мумкин. Ҳайрон қоларлиси, бу вақтда қаҳвахоналар ҳали ҳам очиқ турган бўлади, мижозлари ҳам гавжум.

Тонгги 8 да эса шаҳарда деярли ҳеч ким йўқ, тинч бўлади.

Шу сабабли, нонушта асосан соат 10 ва ундан кейин тановул қилинади. Бунинг ҳисобига кўпинча тушлик қилишга эҳтиёж бўлмади.

Озарбайжоннинг кўпчиликка маълум, анорли қайласи бор. У асосан мангалда пиширилган ёки қовурилган балиқ устига қуйиб, тановул қилинади.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Уч кишилик дастурхонда қовурилган форел анорли қайласи билан, картошка-фри, аджика ва чобан салати, айрон, чўрек (озарбайжонча нон) бир чойнак иссиқ чой ва Pepsi умумий 82,17 манат (+/- 526 минг сўм)га айланди.

 

Бунда:

  • 1 чойнак қора чой — 5 манат
  • 3 та айрон — 1,50 манатдан 4,50 манат
  • 1 та аджика салати — 2 манат
  • 1 та чобан салати — 5 манат
  • 3 порция картошка-фри — 4 манатдан 12 манат
  • 3 дона форел — 12 манатдан 36 манат
  • 3 дона 0.25 Pepsi — 3 манатдан 9 манат
  • 10 % хизмат ҳақи — 7,47 манат

Тамадди вақти кафеда ёш йигитлар туркча, озарбайжонча машҳур қўшиқларни чалиб, жонли ижроси билан ҳамроҳлик қилади.

Овқатлари ҳам жуда мазали. Буларнинг барчаси учун тўлаган пулидан мамнун бўлиб чиқиб кетади, киши.

Фақат, бутун Озарбайжондаги кафе, ресторан, такси ва бошқа пулли хизматларда бир нарса одатга айланган ва табиий қабул қилинади — шу кечки овқат мисолида олсак, 82,17 манат ҳисоб учун 83 манат берилса, қайтим қайтарилмайди.

81,5 манат учун 85 манат берилганида ҳам шундай муносабат бўлиши табиий ҳисобланаркан.

Фото: Легким на подем

Фото: Легким на подем

Агар овқат эмас, енгилроқ ва тез тайёр бўладиган бирор нима ейишни истаган хўранда турли фаст-фуд шохобчаларига кириши ёки одатий кафеларда тез тайёр бўладиган егулик буюртма қилиши мумин.

Масалан, «Borani Baku» кафеси менюсидан иссиқ овқат ҳам, тез тайёр бўладиган егуликлар ҳам топилади.

Картошка-фри, апельсин соки, бургер ва унинг соусларидан иборат сетни 6,90 манатдан 7,90 манатгача пул эвазига олиш мумкин.

Озарбайжонча пиширилган гуруч, мол ёки товуқ гўшти, икки хил соус, нон ва сабзавотлардан тайёрланган салатдан иборат қуюқ овқатларни 7,50 манатдан 9,40 манатгача пулга харид қилиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

«Ичкари шаҳар»даги «Қиз қалъаси» номли кафеда тайёрланган Озарбайжон миллий егулиги саналмиш кутаб тахминан биз еган чебурекни эслатади.

Юпқа, ёғсиз хамирдан тайёрланган, ичига табга кўра кўкат ёки гўштли қийма солинган ушбу егуликнинг донаси 2 манат, тез тайёрланадиган клаб-сендвич 8 манат, чўбан салати 2 манат, газланмаган ярим литр сув 1 манат, 0.25 қадоқдаги кола 2 манат туради.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Маҳаллий овқатланиш жойларининг эътиборга молик жиҳати шундаки, улар ҳаддан зиёд зич, кетма-кет жойлашган бўлса-да, ҳар бирида етарлича мижоз бор.

Улар имкон қадар мижозларга алоҳида муносабат кўрсатади. Баъзилари ўзбекистонлик эканингизни билгач, миллатга мансуб қўшиқлар қўйса, бошқасида овқатга қадар чой буюртма қилинса, ёнида майда ширинликлар билан олиб келади. Яна бошқасида жонли мусиқа янграб, кўчадан ўтаётган хўрандани ичкарига чорлайди.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Маданий ҳордиқ

Баку марказида жойлашган «Баку акрополи», «Ичкари шаҳар», «Эски шаҳар» дея номланувчи бу жой Баку «юраги» саналади.

Сабаби айнан шу жойда, денгиз яқинидаги тепаликда қадимги Баку пайдо бўлган.

Бакунинг «Ичкари шаҳар» қисми ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига Озарбайжон ҳудудидан қўшилган биринчи объект ҳисобланади.

Майдони 22 гектардан иборат, атрофи яхши сақланган мустаҳкам деворлар билан ўралган, диққатга сазовор ичкари шаҳар ҳудудидан бир қанча тарихий ёдгорликлар жой олган.

Шаҳардаги машҳур «Қиз қалъаси» бўйлаб юриб, бу ҳудуддаги ўнлаб тарихий ёдгорликлар — масжид, карвон-сарой, ҳаммом ва турар жойлардан ташқари бир нечта музей, меҳмонхона, галерея, устахона ва ҳунармандчилик уйларига, қолаверса, мамлакатнинг миллий ошхоналарига кўз тушади.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

«Ичкари шаҳар»нинг «Кичик қалъа-8» кўчасида машҳур «Бриллиант қўл» фильмининг кулминацион нуқтаси суратга олинган. Унда акс этган бино бугунга қадар яхши сақланиб қолган.

Бу кўчани кўплаб туристлар суратга тушиш учун алоҳида излаб келади.

Фото: Тамтам

Фото: Тамтам

Бакунинг эски шаҳарига ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ кириши шарт бўлган жойлардан яна бири бу — Ширваншоҳлар саройи саналади .

Ушбу зиёратни кўпчилик тарихга саёҳат деб ҳам атайди. Бироқ ҳар ким ҳам киравермайди. Сабаби бу ерга кириш хорижлик меҳмонлар учун 15 манат миқдорида белгиланган.

Бу нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллатли сайёҳлар учун ҳам қимматлик қилишини Американинг саёҳатлар ҳақида маълумотлар бериб борадиган «Tripadvizor» платформасида қолдирилган фикрлардан ҳам билиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Денгизда саёҳат

Денгиз атрофида унинг шовқинини тинглаб, мавжланишини кузатишнинг ўзи ҳам одамга бир дунё завқ беради.

Бироқ денгиз бўйлаб кемада саёҳат — ҳар бир туристнинг орзуларидан бири бўлиши табиий.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Денгиз бўйидаги кассада кемаларнинг иш вақти 16:00 дан 22:00 гачалиги ёзилган.

Кемалар ҳар соат бошида, ярим соат давомида ҳаракатланади.

Чипта нархлари катталар ва болалар учун бир хил — 5 манат (+/- 32 000 сўм). Лекин вип палуба учун 10 манат тўлайсиз ва денгизни 3-қаватдан томоша қиласиз. Кемага жойлашиш жараёни ҳам қизиқ. Аввал вип жойлар учун тўлаганлар алоҳида йўлакдан киради, кейин пастки қаватлар учун тўлаганлар ўз жойларини эгаллайди. Вип палуба эшиклари то кема қайтиб ўз манзилига келмагунча очилмайди. Тўлаган 10 манатингизга арзийдиган хизмат.

5 ёшгача бўлган болалар учун эса бепул.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Тоғ усти паркига олиб борувчи фуникулер

Бакудаги фуникулер — маҳаллий аҳоли учун унчалик фаол фойдаланилмайдиган жамоат транспорти, туристлар учун эса кўнгилочар транспорт ҳисобланади.

Ушбу транспортнинг юқори қисми ва атрофлари ойналар билан жиҳозлангани сабабли, ичкари ёруғ ва атрофни томоша қилиш имкони бўлади. У ҳар 15 дақиқада ҳаракатланади.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Бир вагон 28 та ўриндиқ билан жиҳозланган. Бироқ ойна олдида туриб, томоша қилиб кетиш ҳам ўзгача завқли.

Фуникулер Нефтчилар проспектида жойлашган хиёбондан бошлаб ҳаракатланиб, шаҳар юқорисидаги «Тоғ усти боғи»га — 500 метр юқоридаги манзилга қисқа вақт ичида олиб чиқади. Йўл ҳақи — 1 манат (+/- 6 000 сўм).

Унинг яқинида жойлашган майдондан эса бутун шаҳарни, хусусан денгизни, машҳур осмонўпар Flame Towers бизнес марказини, «Баку кўзи» деб номланувчи чархпалак, лотос гулини эслатувчи, замонавий Дениз малл савдо ва кўнгилочар марказини панорама кўринишида томоша қилиш мумкин.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Ушбу боғда жойлашган майдонга зина орқали ҳам чиқилади. Бироқ сайёҳларга фуникулерда тоғлар орасидан чиқиш кўпроқ завқ беради.

Қолаверса, зина юқори тиккаликда жойлашгани учун ҳам соғлиғида муаммоси бор туристга бу қийинчилик туғдириши мумкин.

У ердан тушишда ҳам шу транспортдан ёки зинадан фойдаланиш танлови бўлади ва зинадан тушиш, чиқишдаги каби мураккаб эмас.

Ҳайдар Алиев маркази

Бакудаги яна бир диққатга сазовор нуқта — замонавий Бакунинг таниқли белгиларидан бири саналувчи Ҳайдар Алиев маданият маркази саналади.

Фото: «Медиа.аз»

Фото: «Медиа.аз»
Ушбу марказ ўзида конгресс зали, музей, кўргазма заллари ҳамда маъмурий идораларни қамраб олган.

Марказнинг асосий вазифаси — мамлакат ривожига ҳисса қўшиш, Озарбайжон тарихи, тили ва урф-одати ҳамда маданиятини сақлаб қолишдан иборат.

Ҳайдар Алиев марказининг сурати мамлакатнинг 200 манат купюраси ҳамда 20 қепик (копейка)ли почта маркасида акс этган.

16 гектар майдонни эгаллаган марказнинг 13 гектари ландшафт зона ҳисобланади. Архитектурасида тўғри линиялар деярли йўқ бўлган бинонинг шакли одамлар ва маданиятларнинг бирлашишига қиёсланади.

Ҳатто биноларини ҳам яшилликлар қоплаган, кўчалари дарахт ва гулзорга тўла, озода ва кўркам бўлган бу шаҳардаги скамейкада бир финжон қаҳва ичиб, шунчаки ўтиришнинг ўзи ҳам бир дам экан.

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Фото: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Бироқ сайёҳ маҳаллий аҳоли эмас-ки, вақтини ўйламасдан, тақсимламасдан сарфласа.

 

Деярли тўрт кун бағишланиб, юқоридаги манзилларга бориш, мамлакат гўзалликларидан ҳамда ошхонасидан баҳраманд бўлиш, маданиятини қисман бўлса-да ўрганиш (+/-)  300 доллар, 507 Озарбайжон манати — 3 300 000 ўзбек сўмига тушади.

Ушбу нархлар мамлакат ичидаги харажатлар учун сарфланган маблағларнинг яхлитланган миқдорини билдиради.

Маълумотлар саналарга мос муддатларда актуал бўлган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки давлатга ID карта орқали ўтиши мумкин бўлади
Маҳаллий
Ҳокимият ходимларини овқатлантиришга 1,3 миллиард сўм, талабалар учун Дубайга саёҳат, “тушунмасдан” лотни ютиб қўйган тадбиркор — 27 январдаги қизиқарли тендерлар ...
Дунё
Сайфулло Соипов 2017 йил Нью-Йоркда юз берган терактда айбдор деб топилди. У ўлимга ҳукм қилиниши мумкин