Марказий банк Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорининг умумий кўриниши ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, ижара уй-жой бозоридаги фаоллик индекси жорий йилнинг иккинчи чорагида ошди. Бу асосан мавсумийлик билан боғлиқ омилдир.
Ижара уйларига талаб ортиши иккинчи чоракда сайёҳларнинг сезиларли оқими билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бунда ўсишга асосан Россия ва Беларусдан келганлар катта ҳисса қўшди.
Май июнь ойларида сўмдаги ижара нархлари барқарор сақланиб қолди.
Бунда май ойида ижарага олинган турар жойнинг квадрат метри нархи олдинги ойга нисбатан ўзгармади. Июнь ойида эса 0,5 фоизлик ўсиш кузатилди.
Ижара уйларининг доллардаги нархлари май ойида 1,7 фоизга, июнь ойида эса 2,1 фоизга қимматлади.
Уй сотиб олиш ва сотиш бўйича битимлар сони иккинчи чоракда 81,9 мингтага етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоизга кўпдир.
Тошкент вилоятидан ташқари (кичик пасайиш -2,8 фоиз) барча вилоятларда кўчмас мулк операциялари сони ошди.
Тугалланган савдо шартномаларидаги энг катта ўсиш Хоразмда кузатилди — 27,8 фоиз.
Навоий вилоятида бу кўрсаткич 17 фоиз бўлган бўлса, Жиззахда 16,8 фоиз бўлиб қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда эски уйлар нархи долларда 6,2 фоизга ошган эди.
Изоҳ (0)