Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Ўзбекистонда янги Panorama Airways авиакомпанияси ташкил этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда янги Panorama Airways авиакомпанияси ташкил этилгани ва тез орада Airbus-320 ва Boeing-777 самолётларида парвозларни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади «Ўзавиация» агентлиги хабарида.

Таъкидланишича, фуқаро авиациясида ҳаво кемаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш учун Ҳаво кодексининг 44-моддасига (эксплуатант сертификатини бериш) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида ҳаво кемалари эксплуатанти сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом» талабларига мувофиқ ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс «Ўзавиация» агентлигидан белгиланган тартибда ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиши шарт.

Фақатгина ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олгандан кейингина авиакомпания мақомини олиш мумкин.

«Ўзини Panorama Airways авиакомпанияси деб атаётган ташкилот бугунги кунга қадар ‘Ўзавиация’ агентлигига ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиш учун ариза ва ҳаво кемасини лизингга олгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган. Шундай қилиб, ОАВда Ўзбекистонда шундай авиакомпания ташкил этилгани ҳақида эълон қилинаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидланади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг сентябрида Qanot Sharq Airlines хусусий компанияси Superjet самолётларига шартнома (етказиб бериш ҳақидаги битимни назарда тутади) имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Авиакомпания, шунингдек, Россиянинг Sukhoi Civil Aircraft Company (SСАC) компаниясидан учта Superjet 100 самолётини лизингга олишни режалаштирганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар