Маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм, гуманитар алоқалар соҳаларида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Янги бўлинма Ўзбекистоннинг белгиланган йўналишлар бўйича ташқи сиёсий вазифаларини амалга ошириш, цивилизацияларнинг глобал мулоқотида Ўзбекистоннинг фаол позициясини таъминлаш ва мамлакатнинг ижобий имижини илгари суришда мувофиқлаштирувчи ўрин тутади. Хорижий музей фондлари, архивлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистоннинг миллий маданий ва илмий меросларини излаб топиш, қайтариш, шу жумладан, асл нусхаларнинг дубликатларини олиш орқали қайтаришда иштирок этади. Ўзбек тили, маданияти, тарихи, адабиётини хорижда ўрганиш ва тақдим этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади. Бошқарма ваколатига кирувчи йўналишлар бўйича талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, олий ўқув юртлари ўртасида ва академик шартномалар ҳамда меморандумлар тузиш чораларини кўради.
Янги бошқарма фаолиятида «юмшоқ куч», халқ, маданий ва спорт дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилади.
2022 йил 1 июлдан вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдуҳалимов бир вақтнинг ўзида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси бошқарма бошлиғи этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов эса ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
Изоҳ (0)