Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44
Ўзгаргани, ўрнига бошқа одам ўтирганидан кейин қилган ислоҳотлари унутилган, лой чапланган сиёсатчи-ю, амалдорлар кўплаб топилади. Лекин бу сиз-у биз билган раҳбарларнинг бари ўз мақсадлари йўлида ҳокимиятдан фойдалангани, ҳукуматни қурол қилиб ишлатганини англатмайди. «Дарё» орадан шунча йил ўтса ҳам турк халқи томонидан севиб эсланадиган, шахсига нисбатан бугунги авлод вакилларининг ҳурмати ҳалигача чексиз бўлган Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камолнинг ҳаёт йўлига назар ташлайди.

Божхона ходимининг мовий кўз фарзанди

Отатурк дунёга келган уй

Отатурк дунёга келган уй
Фото: Milliyet

1881 йил Усмонийлар империясининг тасарруфидаги Салоники шаҳрида истиқомат қилувчи, фарзанд доғи нималигини яхши биладиган Али Ризо ва Зубайда хонимларнинг оиласида мовий кўз болакай дунёга келади. Соғлигидаги муаммо сабаб кейинчалик фаолият соҳасини ўзгартирган собиқ божхона ходими ўғлига яхши ният билан Мустафо деб исм қўяди. Ота унинг бир кун келиб тарихда қолишини хаёлига ҳам келтирмас, аммо ўқимишли, зиёли инсон бўлиб вояга етишини орзу қиларди. Аммо олти фарзанддан тўрттасини тупроққа қўйган отанинг ўзи ҳам Мустафонинг камолини кўролмай ҳаётдан эрта кўз юмади.

Онаси фарзандларидан айрилгани етмагандек эрта бева, синглиси эса етим қолган, уларнинг Мустафодан бошқа суянадиган кишиси йўқ эди. Оиласидагилар тимсолида аёлларнинг нақадар матонатли ва иродали бўлиши, лекин шунга қарамай жамиятда уларга нисбатан ноҳақ муносабатлар, чекловлар етарлича эканини ҳис қилиб катта бўлгани Мустафонг кейинчалик нозик жинс вакиллари таълими, касбий фаолияти ва ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ эркинликларнинг тенглаштириш ҳаракатига туртки бўлади.

Мустафо Камолнинг онаси Зубайда хоним

Мустафо Камолнинг онаси Зубайда хоним
Фото: Milliyet

Қарорларни мустақил қабул қилишни ёқтирадиган фаол йигитча, тенгдошларига нисбатан вақтини ёлғиз ўтказишни маъқул билади. Феъл-атворида ўзи танлаган йўлдан боришни афзал билиш яққол кўзга ташланади. У ҳеч қачон ўз ҳақиқатларини айтишдан чўчимайди, айнан шу жиҳати кейинчалик кимларнингдир ҳурмати, айримларнинг эса нафратига сабаб бўлган.

Онаси уни диний таълим берадиган маҳалла мактабига бориши, келажакда эса қози ёки муаллим бўлишини орзу қилар, отаси бўлса янгича, таълим берадиган муассасага юборишни хоҳлаганди. Шунинг ҳисобига дастлаб маҳалладаги Ҳофиз Меҳмет афанди мактабига ёздирилган бола кейинроқ янги услубда ўқитадиган Шемси афанди мактабида таҳсил олади.

Таълим ва интеллектуал эркинлик

18 яшар Мустафо Камол (тепа қаторда чапдан иккинчи) дўстлари билан

18 яшар Мустафо Камол (тепа қаторда чапдан иккинчи) дўстлари билан
Фото: Milliyet

Мактабини ўзгартириш билан боғлиқ қарори келажакда нафақат унинг ўзи, балки миллатининг ҳаёти билан боғлиқ кескин ўзгаришларга ҳам асос бўлади. Негаки, айнан ўқувчилик йиллари унга замонавий таълим ва интеллектуал эркинликнинг ҳар недан қадрлироқ эканини тушуниб етиш имконини беради. Тез ўзлаштириши, тиришқоқлиги сабаб математика устози унинг етуклигига нисбат берган ҳолда Камол деб чақиради бошлайди.

От миниш, боксга қизиққан, миллий курашни «куч ва тафаккур ўйини» деб ҳисоблаган бўлажак сиёсатчи асосий фанлардан ташқари ватанпарвар турк шоири Намиқ Камол ҳамда француз файласуфлари — Жан Жак Руссо,Волтер ва бошқа тарихий шахсларнинг биографияси, фаолияти билан танишиб чиқади. Ундаги мамлакатининг эртаси билан боғлиқ ғоялар айнан шунинг негизда куртак ота бошлайди.

Жим туролмагани учун озодликдан маҳкум қилинган зобит

Фото: Milliyet

Таълимни аввал ҳарбий билим юрт, кейинроқ эса Истанбулдаги академияда давом эттиради. Бу вақтда озодлик, ҳурлик ғояларини ёйиш учун дўстлари билан бирлашиб қўлёзма газета чиқара бошлайди. Талабалик даври у ўлкадаги муаммоларга шунчаки жим қараб туролмайдиган, миллатининг эртаси ҳақида қайғурадиган зобит сифатида танилади. Ҳукуматга қарши фикрлари бўлса қаршиликсиз қолмайди, бошқалардек жим юролмаган Мустафо 24 ёшида озодликдан маҳкум қилинади.

1905 йилда Шом (Дамашқ)да хизмат ўтай бошлаган Камол шу йили яширинча «Ватан ва ҳуррият» жамиятини ташкил қилади. 1906 йилда Салоникида очилган жамият бўлинмаси худди шу йили ёш туркларнинг «Бирлик ва тараққиёт» жамиятига қўшилади.

1897 йилга келиб юнон ва турклар орасида низолар жиддийлашганди. Бу вақтда империянинг юраги бўлган Истанбул иккига — йўқсиллик ичида яшовчи ва бадавлат кишилар яшайдиган ҳудудларга бўлинганди.

Турклар ўз юртида асир каби яшайдиган, ҳокимият ёки подшоҳни танқид қилиш мумкин бўлмаган танг аҳволга қайғурмасликнинг иложи йўқ эди. Довруғи дунёга достон бўлган империя буюк кучлар билан дастакланган ғарбнинг аралашуви туфайли емирилиш арафасида эди.

Ҳукмронлик даври тарихда муҳташам юз йил бўлиб қолган императорлик XIX асрга келиб парчалана бошлайди. 1908 йили ёш зобитларга таянган ёш турклар Абдулҳамид II тахтдан туширади. Аммо бу билан аҳвол яхшиланиб қолмайди, империяда ички муаммолар, низолар тобора ортади.

Эрк учун кураш

Фото: Milliyet

Узоқ вақт давомида Европанинг йирик державаси ҳисобланган Усмонли империясидаги мутлақ ҳокимлик (автократия) ички парчаланишга сабаб бўлган-у, уруш унга қақшатқич зарба берган эди, гўё. Европа мамлакатлари ундан ўз бўлакларини юлиб олишни истар, иттифоқдошлар бўлса Усмонлилар ҳудудини бўлиб олишга яширинча келишиб олган, Британия ҳам бу фурсатни бой бергиси келмасди.

Отатурк империянинг немислар билан иттифоқдош бўлгани, Германия Туркияни урушга тортганини ҳазм қила олмаган бўлса-да, жанг қилиш керак бўлган жабҳада шахсий қарашларини йиғиштириб, унга ишониб топширилган қўшинни моҳирлик билан бошқаради. 1915 йилнинг апрелида Британия қўшинларига қарши ярим ойдан кўпроқ вақт давомида курашиб, вазифасини қойилмақом бажаради.

1918 йили Ҳалап яқинида инглизлар билан қилган жангида ҳам муваффақиятга эришади. Мамлакатда Мустафо Камол бошчилигида босқинчиларга қарши курашлар бошланади. Султон томонидан 1920 йил Севр битимини имзолангани ва унда империя, хусусан, Туркия ҳудудини бўлиб олиш кўзда тутилганидан норози болган аҳолининг катта қисми озодлик курашчиси Мустафо Камол тараф бўлади. Унинг армияси Истанбул томон ҳаракатланганида, иттифоқдошлар Грециядан ёрдам истайди. Юнонлар билан бўлган 18 ойлик уруш 1922 йилда Мустафо Камол армиясининг ғалабаси билан якунига етади.

Фото: Milliyet
Мустафо Камол бошлиқ миллий озодлик ҳаракати турк халқинининг келажагини сақлаб қолган, мағлубият ғалабага айланганди. Биринчи жаҳон уруши, кейин бўлса юнонлар билан жангда муваффақият қозонган Мустафо Камол шу тариқа мустақиллик томон йўл очганди.

Таълимга асосланган ислоҳотлар

Фото: Milliyet

1922 йилнинг 1 ноябрида Буюк Миллат Мажлиси султонлик ва халифаликни ажратиш тўғрисида қарор қабул қилгач, 1923 йил 29 октябрда Туркия республика, Мустафо Камол эса унинг президенти бўлди. Шундан кейин парламент ва конституция билан янги бошқарув тизими қабул қилинади.

Мустафо Камол бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Туркиянинг оёққа туриши учун фундаментал ўзгаришлар қилиш лозимлигини яхши биларди. Бунинг учун у илм ва фанни ривожлантириш, таълимга эътибор бериш, мамлакатдаги ислоҳотлар эскилик сарқити эмас, республика конституциясига мувофиқ амалга оширилиши керак, деб билади.

Ривожланиш учун кези келганда ҳалимлик, вақти келса қаттиққўллик қилинади. Пойтахт Истанбулдан Анқарага кўчирилади. Тил борасидаги ислоҳотлар қаторида араб алифбосидан воз кечилади. Қуръони Карим ҳам турк тилига таржима қилинади. Аёлларга ҳар жабҳада эркинлик ва имконият берилади, уларнинг жамиятда эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиши таъминланади.

Турк ўғлонининг қалбини забт этган қоракўз Латифа

Отатурк рафиқаси Латифа хоним билан

Отатурк рафиқаси Латифа хоним билан
Фото: Milliyet

У сериаллардаги аёнлар даврасида, ранг-баранг гиламлар фонида ўтирадиган, салла ва соқолли султонлардан тамоман фарқ қиларди. Сочларига оз-моз оқ оралаган, сўнгги урфда кийинадиган Мустафо Камолнинг кўриниши сиёсатчидан ҳам кўра актёрни эсга соларди.

Кийиниши европача услубда бўлганига қарамай, Отатуркнинг турк маданияти, хусусан, миллий ашула-ю рақслар, шунингдек, тансиқ таомларга меҳри бўлакча эди. Замонавийлик ва миллийлик ўртасида баланс ушлашни уддасидан чиққан инсоннинг жуфтида эса камида шундай ўзига хосликлар мужассам бўлиши керак эди.

Европада ҳуқуқ бўйича таълим олиб, француз тилида бийрон сўзлашадиган, кўзлари шарқ аёлларига хос тим қора Латифа бунинг учун энг яхши номзод эди. Замонасининг аксарият қизлари медалёни (тумори)ни ичида Мустафо Камолнинг суратини сақларди. У билан озодлик учун кураш вақтида танишган Латифа бундан мустасно бўлмаса-да, сир бой бермасликка ҳаракат қиларди.

Ундаги ушбу фарқли хислат Мустафони ўзига ром қилмай қўймаганди. Илк танишувдан кейин бир муддат мактуб ёзишиб юрган жуфтлик шу тариқа ҳаётини боғлашга қарор қилади. Оила қурганидан кейин улар кўплаб учрашув ва маросимларга биргаликда ташриф буюради, Латифа ҳамиша унга ҳамроҳлик қилади. Аммо қанчадан қанча одам ҳавас билан қараган, 1923 йилда қурилган турмушга 1925 йилнинг 5 августида нуқта қўйилади. Ўзининг биологик фарзанди бўлмаганига қарамай, Отатурк саккиз нафар фарзандни асраб олади.

Миллат отаси

Фото: Milliyet

Бир вақтлар болаликдаги дўсти унда султонларга хос нимадир борлигини айтган ва ўзи билмаган ҳолда қайсидир маънода келажакни башорат қилганди. Вақти келиб мамлакат раҳбарига айланган Мустафо ҳаётининг бир қисмини чиндан ҳам султонлардек, Усмонийларнинг сўнгги резиденцияси —барокко, рококо ва неоклассизм сингари меъморий услубларни ўзида мужассам қилган Долмабаҳче саройида ўтказади.

Ўз халқи томонидан миллат отаси деб эътироф этиладиган сиёсатчи 1938 йил 10 ноябрда жигар серрозидан вафот этади. Унинг қабри жойлашган Анитқабир эса Анқарадаги энг замонавий ва шу билан бирга ўзига хос архитектура намунаси ҳисобланади.

Отатуркнинг суратларини бугунги кунда Туркиядаги давлат муассасалари-ю кафеларда, ҳайкалини бўлса шаҳар майдони ва скверларда учратиш мумкин. Турк сиёсатчилари, ҳарбий, профессор ва талабаларнинг нутқида ундан иқтибос келтирилиши, мовий кўзлари-ю туганмас энергияси яна темирдек қаттиқ иродаси ҳақида эса соатлаб гапирилиши мумкин.

Миллат отаси деб эътироф қилинган Отатурк ҳукмронлиги давомида уни ёқловчилар билан бирга, қаршилигини яширмаган томонлар етарлича бўлган. Бунга унинг ўз йўли ва сўзи бўлгани-ю, ҳар бир инсонга хос камчиликлардан холи бўлмагани сабаб бўлган.

 

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
“Гулжа қирғини” — уйғурларни ўлдиришни бошлаган Хитой, чеченларни оммавий ўлдирган рус ОМОНи ва водород бомбасини ботқоққа ташлаган АҚШ самолёти. Кун хронологиясид...
Маҳаллий
Тошкент вилоятида автокран қулаши оқибатида машинист вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Маҳаллий
“Тез ёрдам машинаси 5 йилда икки бараварга кўпайди, битта чақирув дориси 640 сўмдан 7,5 минг сўмга ошди”. “Дарё” тиббиётдаги ўзгаришларни Наманган вилояти мисолида...