«Юрак амри» хайрия ва жамоат фонди фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда фонд раҳбари Сардор Раҳимхон ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Азизлар, азиз юртдошлар, бугун сизларга «Юрак амри» номидан расмий эълон билан мурожаат қилмоқчиман.2 йиллик фаолиятимиз давомида минглаб инсонларнинг хонадонларига хурсандчилик олиб кирилишига Аллоҳ сабабчи қилди. Уйлар топширилди, касаллар тузалди, қарзлар узилди, етимлар қалбига хурсандчилик кирди.
Аммо тан олиш керак, шахсан мен ўзим ҳам, жамоамиз ҳам бундай катта кўламга тайёр эмасдик. Тайёр эмас эканмиз. Айниқса, минглаб инсонларнинг омонатлари, эҳсонлари ҳақида гап кетганда, бизнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий имкониятларимиз етишмаслигини ҳис қилдик. Шу сабаб катта хатоларнинг олдини олиш мақсадида, юртимиз, азиз халқимиз, юртбошимиз олдида юзимиз ёруғ бўлсин деган мақсадда вақтинчалик фаолиятимизни тўхтатишга қарор қилдик. Яъни, янада кучга тўлиш, хатоларимизни ислоҳ қилиш, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсадида мана шундай қарорга келдик. Аммо билинг, бу видолашиш эмас, биз сизлардан озгина танаффус сўрамоқдамиз.
Юрак амрига атаган меҳр-муҳаббатингизни, омонатларингизни, эҳсонларингизни фаолияти давом этаётган ҳайрия фондлар, жумладан, «Меҳрли қўллар», «Вақф» фондларига ўтказишингизни илтимос қилардим. Чунки ҳаммамизнинг мақсадимиз бир, йўлимиз бир — мана шу юртнинг корига яраш.
Алоҳида илтимосим бор, гапларимни юракдан қабул қилинг, бошқа маъно ясаманг. Биз сизлардан озгина танаффус сўраяпмиз, эртанги яхши натижалар учун. Биз Ўзбекистонни яхши кўрамиз», — дея ёзган Сардор Раҳимхон.
Изоҳ (0)