Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Тамара Ҳазратқулова «Чархпалак» сериалидаги Шаҳноза образи билан томошабинлар эътиборига тушган, десак муболаға бўлмайди. Актриса театр ва кино соҳасида фаолият юрица-да, негадир омма эътиборида бўлишни, баъзи ижодкорларга ўхшаб интервью беришни хоҳламайди. Аммо мухлислар учун Тамара Ҳазратқулованинг ижоди ва шахсий ҳаёти ҳамиша қизиқ. «Дарё» мухбири Тамара Ҳазратқулова билан суҳбатлашиб, кўплаб томошабинларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.

«Дадам онамни Украинадан олиб келган»

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

— Дадам ўзбек, онам эса украинка бўлган. Дадам ўқиш учун хорижга борганида онам билан танишиб қолган ва муҳаббат сабаб онам Ўзбекистонга келишга қарор қилган. «Ўзбекча рақс» спектаклидаги жараён онамнинг ҳам бошларидан ўтган. Онамнинг исмлари Ирина бўлса-да, ўзбеклашиб кетган аёл. Нон ёпиб, қўй боқиш, кўрпа қавиш, хуллас, ҳаммаси онамнинг қўлидан келади.Дадам билан онам Украинада танишишган. Албатта, уларнинг оила қуриши осонликча бўлмаган. Қаршиликлар бўлгани аниқ. Бобом раҳматли онамни илк кўргандаёқ «Калимайи шаҳодат»ни ўргатган экан. Онамнинг келинлик даврлари билан боғлиқ қизиқарли воқеалар жуда кўп. Тил билмаслиги, урф-одатларни тушунмагани ва рўзғор ишларига қийналгани ҳақида кулиб гапириб беради.

Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида яшаганмиз. Қишлоқ одамларининг қизиқишлари қандай бўлишини яхши биласиз. Болалигимдан меҳнат билан улғайган инсонман. Уйимизда 10-15 бош қўйимиз бўларди. Тонг саҳарда белимга бодринг, помидор ва битта нонни боғлаб чорваларни далага олиб чиқиб кетардим. Бундан ташқари, экин-текин экишда ҳам ўғил болалардан қолишмасдим.

«ТОШМИга киролмагач, санъат институтига ҳужжат топширдим»

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

— Оилада беш фарзандмиз. Мен ва укам санъат соҳасини танладик. Қолган фарзандлар отамнинг изидан бориб, ўқитувчи бўлишди. Оиламизда санъаткорлар бўлмаган бўлса-да, дадам Музработнинг энг обрўли инсонларидан бири эди. Тўйларда даврабошилик қиларди. Болалигимдан шифокор бўлишни орзу қилгандим. Афсуски, институтга киролмаганман. Шунда онам собиқ Глинка кўчасидаги санъат институтининг манзилини топиб, «Шу институтга ҳужжат топшир, маҳоратинг бор», деганди. Аммам билан институтга келиб, ҳужжат топширганмиз. Устозимиз Улуғбек Зуфаров «Сени илк кўрганимдаёқ спектаклда қандай рол ижро этишингни хаёлимдан ўтказгандим», деганди. Насибам қўшилган экан, актриса бўлиш бахти насиб этди.

«Баҳодир акани кўришга кўзим бўлмаган»

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

— Баҳодир ака билан 1994 йил аммам билан институтга ҳужжат топширгани келганимда танишганман. Аммо у инсонни кўришга кўзим бўлмаган. Негадир феъл-атвори ва тошкентча шеваси ёқмаган. Ўқиш бошланганида у инсон билан курсдош эканлигимни билганман. Хуллас, бошида ҳеч феълимиз бир-бирига тўғри келмаган. Ҳатто бир куни Баҳодир ака «Яхшиямки қиз боласиз, бўлмаса, роса уриб, хумордан чиққан бўлардим», деган. Тақдир экан, бирдан муносабатларимиз илиқлашди. Оила қурдик ва феъл-атворимиз ҳам бир-бирига мослашди. Баҳодир ака яхши инсон ва маҳоратли ижодкор.

« ‘Чархпалак’ сериалида суратга тушишни истамагандим» 

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

—  «Чархпалак» сериали суратга олинаётганида талаба эдим. Бир куни дугоналаримдан бири қиз ролига ёш актриса излашаётганини айтди. «Сен ҳам кастингда иштирок этгин», деганида ўйлаб ҳам ўтирмай рад этгандим. Шунда устозим «Сен қайси соҳа бўйича ўқиётганингни биласанми?»деб койиб берганди. Кастингда иштирок этдим. Аммо бадиий кенгашдагилар «Кўриниши жуда киборли, бизда қайнотасидан зулм кўрган, оила қийинчиликлари сабаб қадди букилиб қолган образ бўлиши керак», деб мени рад этишмоқчи бўлишган. Аммо сериал режиссёри раҳматли Шавкат Жунайдуллаев «Келин ролига Тамарадан бошқасини олмайман», деган экан. Шу инсонлар сабаб илк муваффақиятли ролимни ижро этдим. Орадан 20 йилдан ортиқроқ вақт ўтган бўлса ҳам, одамлар ҳалигача фильмдаги ролимни эслашади.

«Кино — бу омад, театр эса доимий иш»

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

Фото: Тамара Ҳазратқулова архивидан

— Театрда 2000 йил иш бошлаганман. Рус ёш томошабинлар театрида ва «Ўзбекфильм»да ишлардим. Бир куни кўчада режиссёр Аброр Йўлдошев билан учрашиб қолганман. У Аброр Ҳидоятов театрида янги спектакль қўйилаётгани ва роллардан бирида мени тасаввур қилаётганини айтди. Хуллас, мана шу учрашув сабаб бўлиб, ҳозирги Ўзбек давлат драма театрига келганман. Иш графигим жуда қийин эди. Бир куннинг ўзида учта ишга боришимга тўғри келарди. Буни кўрган Баҳодир Йўлдошев «Беҳаловат бўлиб юраверасанми, шу ерда ишлай қол», деган. Кино — бу омад, театр эса доимий иш. Съёмкалар ҳар доим ҳам бўлмайди. Шу боис ҳеч қачон съёмкани театрнинг ишидан устун кўрмайман. Бўш кунлардаги съёмкаларга бораман ва икки ижод бир-бирига халал бермаслигига ҳаракат қиламан. Шу боис менда бу борада зиддиятли вазиятлар бўлмаган.

«Ролларим ҳаётимга кўчиб қолишидан қўрқаман»

— «Актриса ҳар қандай ролни ижро этиши керак», дейишади. Аммо мен буни истамайман. Ролларим ҳаётимга кўчиб қолишидан қўрқаман. Шу учун ҳам роллар учун талашиб-тортишмайман. Масалан. Режиссёр Сайфиддин Мелиев «Медея» спектаклини саҳналаштирган. Бу ролни ҳақиқатан ҳам актрисалар кутиб яшайди. Жаҳон классикаси бўлган асарда Медея эридан қасд олиш учун икки фарзандини ўлдиради. Сайфиддин спектаклга тайёргарлик бошланганида «Медеяни сиз ўйнайсиз», деди. Бошидан бу ролни ўйнашга қарши бўлдим. Аммо театрда ролни очиқчасига рад этиш қийин. Аммо анча тайёргарликлардан кейин бўлса ҳам, ролни рад этдим. Чунки ролимдаги ҳолатлар ҳаётимда ҳам такрорланган вақтлар бўлган. Қайсидир фильмда фирибгар йигит мени пулга алдаган. Бир ойлардан кейин ҳаётимда ҳам худди шундай воқеа содир бўлган. Шу боис ҳаётида оғир жудоликка учраган, қийин вазиятга тушган ролларга таклиф этишса, рад жавобини бераман. Менга оддий роллар ҳам бўлаверади, деб куламан.

Қозоғистон буюртмасига биноан олинган «Ойижон» сериалидаги ролим ўзимга ёқди. Комик рол ижро этганим йўқ, шунчаки қаҳрамоннинг характерини очиб бердим, холос. Аммо томошабинларга манзур бўляпти.

Уч фарзанднинг онасиман. Катта ўғлим 17 ёшни қаршилади. Негадир ўғилларим болалигидан театрга боришни ҳам хушлашмаган. Икки ўғлим санъаткор бўлишни истамади. Аммо қизимда қизиқиш бор. Лекин унинг санъат йўлидан боришини унчалик истамайман. Менга-ку, бу соҳани тушунадиган турмуш ўртоқ учради. Аммо ҳаммага ҳам бундай бахт насиб этмайди-да. Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш бўлиши керак, деган гаплар ҳақиқат.

Изоҳ
Асосий янгиликлар