Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.
Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» номли янги рукн орқали кузатиб бориш мумкин.
Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.
90 йил аввал. 14 апрель, пайшанба
Бош мавзу — чигит экиш (орадан 30 йил ўтиб ҳам бош мавзу ўзгармайди). «Қизил Ўзбекистон»нинг ушбу сонида асосан ер ҳайдаш ишларида тракторлар ва иш ҳайвонларидан фойдаланишга кўпроқ эътибор қаратилган. «Бўлмағурлар ўрнига яхши тракторчиларнинг қўйилиши катта натижалар берди» сарлавҳали хабарда шундай дейилади: «Мирзачўлнинг Мусофиробод участкасидаги 24 трактордан иборат колоннада ер ҳайдаш оқсаб келди. 26 мартгача биринчи ҳайдаш 26,4 процент бажарилди, кейин икки бешкунликда биринчи ҳайдаш 93,3 процентга етказилди. Бу бурилиш бўлмағур тракторчилар ўрнига колхозларнинг ўзларидан тайёрланиб чиққан тракторчилар қўйилиши ва ишлаши орқасида бўлди. Булар кўрсатдики, ҳайдов суръатида секинлик ва сифатида ёмонликнинг айби тракторда эмас, балки тракторчида экан».Табиийки, колхозлардаги ҳаёт фақат пахта экишдан иборат эмас. Замон нозик, ҳар ёқда «совет ҳокимиятига қарши ёт унсурлар» бисёр. Фаоллар пахта экиш билан бирга, уларни-да фош қилиш билан банд. «Кармана район Маржонхотин шўросидаги ‘Охунбобоев’ колхозига Маматов деган муштумзўр икки ўғли билан жойлашиб олган. Бу синфий душманлар колхозга зарба бераётирлар. Колхознинг 22 дона зотли қўйларини йўқотдилар. Кўклам ишларининг ғилдирагига таёқ тиқиш учун уринмоқдалар. Бу муштумзўрларни тездан тозалаш керак», дейилади «Муштумзўр ўз зотларини колхозга тортмоқда» сарлавҳали хабарда. Бойсуннинг Боғчорбоғ қишлоғидаги «Сталин» колхози эса худди шундай 7 ёт унсурни ишдан ҳайдаб, ўрнига ўнлаб хотин-қизни ишга олгани ҳақида ҳисобот йўллаган.
Газетада таржимон ва публицист Қурбон Берегиннинг «Социализм даврининг дарслиги учун» сарлавҳали катта мақоласи эълон қилинган. У асосан Ўзбекистон давлат нашриёти чиқарган дарсликлар танқидига бағишланган. Таъкидланишича, 1930 йилда нашр қилинган дарсликларнинг 40 фоизи, 1931 йилда босилганларининг 10 га яқини «сиёсий, мафкуравий тутуриқсиз, бизга ёт, зарарли бўлгани учун фойдаланишдан тўхтатилган». «1930-31 йилда нашр қилинган дарсликлардан зарарли топилиб, фойдаланиш маън қилинганларнинг сабаблари — шу дарсликлар партиянинг йўли ва унинг миллий сиёсатини қатор тавсифлаш, хўжалик ва маданий қурилишимизнинг ютуқларини кўрсата олмасдан, аксинча, уни бўяш, инкор қилиш, халқлар орасида бир-бирига миллий душманлик туйғусини қўзғатувчи материаллар бериш, миллатчилик, пантуркизм унсурларини киргизиш, пролетариат гегемониясини инкор қилиш, синфий курашдан — капитализм унсурларига қарши курашдан четда бўлиш, социализм қурилиши даврининг актуал сиёсий вазифаларини ҳал қилишга яқинлашмаслик, ҳар хил оппортунизм, уларга нисбатан муросачилик, либераллик кайфиятлари ва шунинг кабилардан иборатдир».
Жаҳонда нима гап? Япония ўз қўшинини Шанхайдан олиб чиқишга қарши. «Қизил Ўзбекистон» Хитойнинг «Синвен Бао» газетасидан иқтибос келтиришича, «Япониянинг ҳақиқий тилаги — душманлик ҳаракатларини қўшинни чиқармасдан тўхтатишдир». «Италия—Франция қарама-қаршиликлари сира ечилмас ҳолда» сарлавҳали хабарда «Италия газеталарининг ишорасига қараб» таъкидланишича, мустамлакалар ва денгиз битимлари бўйича «Италия таклифлари бундан кейин ҳам натижасиз қолган тақдирда (яъни, Франция ён бермаса), Италия Миллатлар иттифоқидан чиқиш олдида тўхтатилиб турмаяжак» (куни кеча Япония бу иттифоқдан чиқиш билан таҳдид қилаётган эди). Германиядаги президент сайловларига бағишланган «Германияда раисжумҳур сайловининг якуни» хабарида келтирилган рақамлар эътиборга молик: «Сайловда жами 36 483 490 овоз берилган. Ҳинденбургга 19 359 642 овоз ёки берилган овознинг 53,4 проценти, Ҳитлерга 13 417 460 овоз ёки 36,7 процент, Телманга 3 706 388 ёки 10,1 процент берилган».
60 йил аввал. 14 апрель, шанба
«Қизил Ўзбекистон»нинг бу кунги сони муқовасининг энг юқори қисмида шундай даъват бор: «Пахтакор! Вақт ўтяпти. Экишда суръатга суръат қўш. Дала ишлари сифатли бўлсин. Чигитни кўпроқ квадрат-уялаб эк. Чигитни ернинг ўз намига ундириб ол. Сувдан тежаб-тергаб фойдалан. Униб чиққан ерларда ғўза парваришини кечиктирма». «Эрта эккан — барвақт хирмон кўтаради» рукни остида колхозларда чигит экиш кампанияси қандай кетаётгани ҳақида хабарлар берилган. Масалан, «Сурхондарё областининг далаларида юзлаб гектар ерда чигит қийғос кўкарди. Чигит кўпроқ ернинг ўз намига ундириб олинмоқда» (маълумот учун, 13 апрель ҳолатига кўра Сурхондарёда чигит экиш плани 67,8 фоизга, Хоразм вилоятида эса 12,7 фоизга бажарилган).Турсуной Охуновага ўхшаш «давр қаҳрамонлари» кўп, пропаганда нуқтаи назаридан улар ҳақида мунтазам материаллар берилади. «Режа сими аниқ тортилган. Трактор тўғри чизиқ бўйлаб бир меъёрда боряпти. Соат механизмидек ишлаётган бу тракторни Шовот районидаги Киров номли колхознинг звено бошлиғи, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати Ободон Дўсова ҳайдаяпти. Гектаридан 80 центнердан ҳосил кўтараман, ўзим 200 тонна пахтани машинада тераман деган азамат қиз бошлиқ звенода ҳар куни 7—8 гектар ерга квадрат-уялаб чигит экиляпти».
Таъкидланишича, экишни қисқа вақт ичида тугаллаш учун «ҳамма бир жон-бир тан бўлиб» меҳнат қилмоқда. «Ўқувчилар бригадасида» хабарида бу ҳақда шундай дейилади: «Ҳаво эрталабданоқ қизиб кетди… Олтиариқ районидаги 16-мактабнинг ўқиш-ишлаб чиқариш бригадаси коллективи бу ғанимат фурсатдан фойдаланиш мақсадида тракторни дарҳол юргизиб юборди… 10-синф ўқувчиси Мўмин Иброҳимов бошлиқ ўқувчилар чигитни экишга тайёрлаб бермоқда… ‘Ленинград’ колхози правлениеси ёш пахтакорларга 20 гектар ер ажратиб берган». Дарвоқе, фақат пахта экилаётгани йўқ: «Маккажўхорикорларимиз ҳам ғайрат кўрсатиб ишламоқдалар. 129 гектар ернинг ҳар гектаридан 1252 центнердан силосбоп кўкпоя етиштиришга сўз берган маккажўхорикорлар маккажўхорининг дастлабки парваришини барвақт тамомладилар», — дейди Қоракўл районидаги «Октябрь» райони колхози раиси С.Қурбонов.
Пропаганда нафақат пахта далаларида, ишчилар клубларида ҳам фаол олиб борилмоқда. Сурхондарё области Бешкент районидаги «Партия ХХ съезди» совхозидаги навбатдаги мажлис «Коммунизм кишиларга нима берди?» деган темада ўтган. «Мароқли кечалар» хабарига кўра, агитатор ўз ҳамқишлоқларига ҳаяжонланиб қуйидагиларни айтиб берган: «1917 йил Октябрь революцияси коммунистик жамият қуришга йўл очиб берди. Шундан буён салкам 45 йил ўтди. СССРда социализм узил-кесил ғалаба қозонди. Партиямизнинг яқинда бўлиб ўтган XXII съезди совет кишиларининг ҳозирги авлоди коммунизм даврида яшаяжагини тантанали суратда эълон қилди». Агитаторнинг бу сўзларини совхоз 4-бўлими бошлиғи Муродулла Очилов тўлдирган: «Ажойиб замонда яшамоқдамиз. Совет ҳокимияти бизларга бахт-саодат келтирди. Кучимиз етгунча ишлаб, эҳтиёжимизга яраша ҳақ оладиган давр яқинлашиб қолди. Ахир бундан ҳам ортиқ бахт борми!».
«Яхши ташаббусга оқ йўл» хабарида таъкидланишича, Когон локомотив депосининг машинистлари шу вақтгача оғир юкли поездларни бошқарганликлари учун қўшимча ҳақ олган. Аммо депо ишчиларининг сўнгги касаба союз мажлисида 2-класс машинист ўртоқ Якимов қуйидаги таклифни киритган: «Ҳозир бутун совет халқи коммунистик жамият қуриш учун курашмоқда. Шундай экан, меҳнатда яхши кўрсаткичларга эришиш бизнинг виждоний бурчимиздир. Биз шу вақтгача оғир юкли поездларни бошқарганимиз учун қўшимча ҳақ олиб келдик. Реал даромадимиз кундан кунга ошяпти. Бундан буён шу қўшимча ҳақдан воз кечсак бўлади». Нима деб ўйлайсиз, Якимовнинг қолган ҳамкасблари бу ташаббусни қандай қабул қилган? «Қизил Ўзбекистон»нинг ёзишича, «депо машинистлари бу таклифни якдиллик билан қўллаб-қувватладилар», яъни, улар қўшимча иш ҳақидан воз кечган.
5 май — Совет матбуоти куни, шу билан бирга шу куни «Правда» газетасининг 50 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан марказий газеталарнинг деярли ҳар сонида «Правда»га оид бирор материал берилмоқда. Бу галги «Матбаачилар ғурури» мақоласида шундай маълумотлар бор: «‘Правда’нинг Тошкентда босиладиган тиражи 195 минг нусхадан ошиқдир. Совет самолётсозлигининг ифтихори ‘Ту-104’ самолёти газета матрицаларини Москвадан Тошкентга уч соатда келтирса, ‘ГА’ агрегати ҳам ана шунча вақт ичида газетанинг бутун тиражини босиб, тайёрлаб беради. Ҳозир Тошкентдаги Бирлашган нашриёт босмахонасида ‘Правда’дан ташқари ‘Известия’, ‘Сельская жизнь’, ‘Комсомольская правда’, ‘Труд’, ‘Литературная газета’, ‘Учительская газета’, ‘Советский спорт’ газеталари — жами еттита марказий газета ярим миллиондан ортиқ нусхада босиб чиқарилмоқда».
Халқаро вазият, Жазоирдаги миллий-озодлик ҳаракатини ҳисобга олмаса, нисбатан сокиндек. Фақат Германия Федератив Республикаси пойтахти Боннга келган АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Пол Нитценинг «урушқоқлик руҳидаги нутқи» совет гражданлари таъбини хира қилганини айтмаса. «Нитце Гамбург университетида сўзлаган нутқида Совет Иттифоқига очиқдан-очиқ дағдаға қилди. У Совет Иттифоқига қарши то ядро қуролигача ҳамма турдаги қуролларни қўлланиш билан дўқ қилди ва бу нарса ‘Берлиндаги ҳозирги аҳволга айниқса тааллуқлидир’, деди», — дейилади хабарда. Орадан 60 йил ўтиб, дағдаға қилувчи ва бу дағдағани эшитувчи томонлар ўрин алмашганини кўриш қизиқ.
30 йил аввал. 14 апрель, сешанба
«Халқ сўзи» ва «Ўзбекистон овози» каби марказий газеталарнинг душанба сони йўқ (якшанба куни эса газеталар чиқмайди), шу боис ҳар иккала нашр 11 апрель, шанба куни бўлган асосий воқеа-ҳодисаларни янги ҳафта бошидаги илк сонида, сешанба куни баён қилган. Масалан, ҳар икки газета Ислом Каримов бошлиқ делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ва у ерда ҳали музокаралар ўтказаётгани ҳақида ёзган. Шанба-якшанбадан бошқа ҳар куни чиқадиган «Тошкент оқшоми»нинг 14 апрель сонидаги «Тошкентга қайтиб келишди» сарлавҳали бош хабар эса қуйидагича: «Президент Ислом Каримов бошчилигидаги республикамиз давлат делегациясининг Саудия Арабистонига расмий ташрифи ниҳоясига етди. Бугун давлат делегацияси Тошкентга қайтиб келди».«Халқ сўзи»да Ўзбекистон Миллий банки раҳбари Рустам Азимов билан суҳбат эълон қилинган. Журналистнинг: «Низомда ‘валюта’ сўзи шу қадар кўп такрорланадики, банкингиз валюта монополисти экан деган тасаввур пайдо бўлади. Ҳақиқатан ҳам шундайми?», деган биринчи саволига, Азимов: «Ноўрин тасаввур. Биз ҳеч кимдан валюта муомаласи билан шуғулланиш ҳуқуқини олиб қўйганимиз йўқ. Аксинча, бизга имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш таклифига қатъий қарши чиқдик», — дейди. «Сиз бошқараётган банкни собиқ СССР Ташқи иқтисодий банкининг вориси дейиш мумкинми?», деган саволга Азимовнинг жавоби бундай: «Йўқ... Шахсан мен ёмон мероснинг боридан йўғи яхши, деб ҳисоблайман».
Рустам Азимовнинг таъкидлашича, «банк яхши ишлашининг асосий шарти шуки, уни компьютерлаштириш зарур». «Ҳозир биз ана шу масала устида ишламоқдамиз. Дунёга машҳур ‘Венг’ фирмаси билан битим тузилди. Бизни ‘Свифт’ тизимига қўшиш хусусида буюртма бердик. Бу корхонанинг нархи баланд. Айни паллада биттадан ортиқ бундай тизимга улуш тўлашга жумҳуриятимизнинг қурби етмайди. Собиқ СССРда ҳам фақат иккитагина банк ‘Свифт’га киритилган эди. Ушбу тизим кўплаб банк жараёнларини саноқли дақиқаларда бажариш имконини беради», — дейди ҳозирча Миллий банк раҳбари, кўп ўтмай молия вазирига айланадиган Азимов.
1992 йил баҳорининг энг муҳим воқеаларидан бири — Наманганнинг Мингбулоғидан отилиб чиққан нефть. «Қора олтин»нинг бир неча ўн метрлик фавворасини жиловлаш учун океан ортидан ҳам ёрдам сўралган. Америкалик мутахассислар нефть фонтанини ёқиб, сўнг превентор билан жиловлаш керак, деб хулоса берган. Аммо Ўзбекистондаги превенторлар бундай катта ҳажмдаги нефть фавворасига қарши яроқсизлиги боис, америкаликлар «иккита қудратли C-141 самолётларида» ўз превенторларини олиб келган. «Ўзбекистон Миллий ахборот бошқармасининг мухбирига мўътабар манбалардан маълум бўлишича, ускуна 18—20 апрелда монтаж қилина бошлайди», дейилади ЎзАнинг «Ўзбекистон овози»да эълон қилинган ахборотида.
Айни вақтда, нефть фаввораси атрофида нефть кўли юзага келган, «Мингбулоқ маҳсулоти — истеъмолчиларга» хабарига кўра, уни ҳар куни юзлаб транспортларда нефтни қайта ишлаш заводларига ташишган. «Ҳозиргача Олтиариқ заводига 60 минг тоннага яқин нефть ташиб келтирилди. ‘Мингбулоқ нефти экологик жиҳатдан жуда тоза экан. Ундан бензин, ҳар хил турдаги керосин, дизель ёнилғиси ва бошқа маҳсулотлар чиқаяпти’, дейди завод директори Ш.Саидаҳмедов. ‘Бу хом ашёдан олинган дастлабки маҳсулотларни истемолчиларга етказиб беришни бошладик. Мингбулоқ фаввораси отилиб турган кунлари эса корхонамиз 20 минг тоннадан зиёд нефтни мазут сифатида истеъмолчиларга жўнатди’, дейди Фарғона нефть маҳсулотлари ташиш корхонаси директори М.Жамолиддинов».
10 апрель куни Моварауннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси томонидан «Ҳаж сафарига бормоқ имкони ва истаги бўлганлар»дан аризаларни қабул қилиш муддати тугаган. «Расман эълон қилинишича, бу йилги Ҳаж сафари учун уни ихтиёр этган мўмин-мусулмонларнинг ҳар бири 50 минг сўм пул ва 700 доллардан сарфлайдилар. Яқин кунларда Маккаи мукаррамани зиёрат этмоқ бахтига муяссар бўлгувси юртдошларимиз ҳам маълум бўлиб қолган, иншооллоҳ», — дейилади «Халқ сўзи»даги «Бир ғариб кўнглини шод этмак…» сарлавҳали хабарда (таққослаш учун, 1992 йил 7 апрелдан Ўзбекистонда биринчи нав гўштнинг килоси 45 сўм, бир килограмм гуруч 6 сўм эди; Тошкентда трамвай-троллейбус ҳайдовчиларининг бир ойлик иш ҳақи 2500—2600 сўм бўлган).
Хорижда нима гап? «БМТ бош котибининг Афғонистондаги шахсий вакили Бенон Севаннинг таъкидлашича, ушбу мамлакатнинг ўтиш даври кенгаши (ҳукумати) 28 апрелда Кобулдаги ҳокимиятни қўлга олиши мумкин. Президент Нажибулло мамлакатдан чиқиб кетади. Айрим манбаларга қараганда, янги маъмурий идора тўла ҳокимиятга эга бўлади ва 45 кун ичида тинчлик ассамблеясини чақиришлари керак», — дейилади «Халқ сўзи»даги хабарда. «Тошкент оқшоми»нинг ёзишича, «Душанбенинг марказий майдонида, ҳукумат уйи олдида сиёсий оппозициядагиларнинг митинги давом этмоқда. Майдонга ўрнатилган палаткаларнинг сони 230 тага етди».
Бундан ташқари, Сали Бериша Албания президенти этиб сайланган, Шимолий Корея президенти Ким Ир Сенга эса генералиссимус унвони берилган. Пеле «мамлакатдаги ҳозирги вазият сабаб» 1994 йилги Бразилия президенти сайловида номзод сифатида қатнашишга мажбурлигини эълон қилган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса Қўшма Штатлар президенти Жорж Бушнинг таклифига биноан май ойининг иккинчи ярмида АҚШга боради.
Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди
Мавзуга доир:
- Миллатлар лигасидан чиқаман деб пўписа қилаётган Япония, Турсунойга эргашган тожик қизлари, Саудияга йўл олган Каримов. Ўзбек матбуоти 13 апрелда нималар ҳақида ёзган?
- «Қизил Ўзбекистон»га чиққан Ал Капоне, биринчи Космонавтика куни, 95 фоизи машинада териладиган пахта. Ўзбек матбуоти 12 апрелда нималар ҳақида ёзган?
Изоҳ (0)