Ҳаёт инсонни турли синовларга йўлиқтириши мумкин. Бироқ уни сабр, ирода ва келажакка бўлган умид билан енгиб ўтиш тўғри йўлдир. Бугун орамизда имконияти чекланган бўлса-да, кўпчиликка ўрнак бўлаётган инсонлар анча. Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони София Холмирзаева ана шундай юртдошларимиздан бири. Софияхон касаллик туфайли тўққиз ёшидан бери танасини деярли ҳаракатлантира олмайди. Икки қўлини ҳам тўлиқ қимирлатолмайди. Аммо бунга парво қилмай, қаҳрамонимиз гул тўқиш билан шуғулланади. «Дарё» мухбири тўқувчи қиз билан суҳбат қурди.
«Тенгдошларим каби соғлом эдим...»Ҳамма тенгдошларим қатори бошланғич мактабга борганман. Унда ҳеч қаерим оғримасди, соғлом эдим. Бошқалар каби ўйнаб-кулиб юрардим. Кейинчалик негадир оёқларим оғришни бошлади. Ота-онам докторга кўрсатди. Текширувлар якунлангач, ревматизим полиартрит ташхисини қўйишди. Вақти-вақти билан даволаниб туришим кераклигини айтишди. Отам деҳқон бўлгани учун уйда доим ҳам маблағ бўлмасди. Кузда, ҳосил йиғими мавсумидагина қўлимизга пул тегарди. Шунинг учун мени ўз вақтида етарлича даволатишмаган.
Натижада касаллик ривожланиб кетган ва тўққиз ёшимда бутунлай юра олмай қолганман. Бошланғич синфда мактабга боролмай қолганимдан сўнг устозимнинг ўзи уйимга келиб дарс бериб кетарди. Юқори синфга ўтгач, менга бириктирилган ўқитувчи ёрдамида фанларни ўзлаштириб, мактабни тамомлаганман. Ўша пайтлари синфдошларим тез-тез кўришга келиб туришарди. Уларни кўриб ҳавас қилардим. Қанийди соғлом бўлсам-у, биргалашиб мактабда ўқисам дердим. Лекин тақдир экан.
«Тўқувчиликни синглимдан ва интернетдан ўргандим»
Гул тўқишни 18 ёшимда ўрганганман. Аввалига бу иш билан шуғулланганларни кўриб, ҳавасим келарди. Қўлимдан келмайди, буни соғлом одамларгина қила олади, деб ўйлардим. Синглим Марямхоннинг гул тўқишдан хабари бор эди. Қизиққаним учун ундан менга ҳам ўргатишини сўрадим. Шундан кейин у қўлларимга илгични ушлатиб, тўқишни ўргатди.
Турли иплардан пайпоқ ва кийимлар тўқий бошладим. Ишга кўмилганим сари завқим ошиб, жараён янаям қизиқарли туюларди. Ўша кезларда бирор иш билан банд бўлсам-у, жамиятга фойдам тегса, энг муҳими, тўрт девор ичида қолиб кетмасам бўлди, деган ўй-хаёллар бўларди. Шу сабабли бекор ўтирмасдан интернетдан турли шакл ва гулларни қандай қилиб тўқиш ҳақидаги видеодарсларни кўриа бошладим. Тўқувчилик асрорини ижтимоий тармоқлардан ўргандим. Ўзим ҳам янгича гуллар яратдим.
Ҳозирда 20 дан ортиқ гул турини тўқишни биламан. Янгича дизайнларни ҳам ўрганишим мумкин, лекин айни пайтда харидорларнинг талабига қараб иш қиляпман. Гулларни тайёрлашда ип ва бошқа маҳсулотларнинг энг сифатлисидан фойдаланаман. Оддий иплардан ҳам гуллар тўқисам бўлади, аммо кўнглимдагидек чиқмайди. Бир қарашда кўзга ташланмаслиги мумкин. Битта катта гулни тайёр ҳолга келтириш учун 3-4 кун вақтим кетади».
«Элликдан ортиқ шогирдим бор»
Кўп инсонлар тўқиган гулларимни кўриб, мана шу ҳолатингизда шундай гуллар тўқиган бўлсангиз, соғлом бўлгангизда бундан ҳам гўзал гуллар яратган бўлар эдингиз, дейишади. Маҳалламиздаги қизлар ва уйда бекор ўтирган аёллар келиб, ‘шу ҳунарни ўргатинг’, дейишади. Ҳунарим фақат менда қолиб кетишини хоҳламайман, қанча кўп одам ўрганса, шунча яхши, деб биламан. Чунки шу иш орқали улар ўзини банд қилади, даромад олади. Шу пайтгача элликдан ортиқ шогирд чиқардим. Бугун уларнинг ҳам шогирдлари бор».
«Доим яхши нарсалар ҳақида ўйлайман»
Ҳамиша гул тўқиётганимда яхши нарсалар ҳақида ўйлайман. Қўлларим оғриб, чарчаб кетганимда ҳам ‘ҳали бунинг роҳатини кўраман. Қилган меҳнатларимга яраша мукофот оламан. Қатор-қатор танловларда ғолиб бўламан’, деб ўзимга далда бераман. Катталаримиз ҳар бир сўзингни ўйлаб гапир, фаришталар омин дейди дейшгани рост экан. Мана, сўнгги йилларда ҳамма ниятларим, ўйлаганларим бирма-бир амалга ошмоқда. Танловларда иштирок этяпман, ғолиб бўляпман. Шу кунгача эришган ютуқларим орасида энг кутилмагани ва қувончлиси Президентимиз томонидан қилган меҳнатларим юксак баҳоланиб, ‘Жасорат’ медалига лойиқ топилганим бўлди. Телевизорда ‘Зулфия’ мукофотини олган қизларни кўрсатишса, хаёлан уларнинг қаторида ўзимни кўргим келади. Балки шу мукофотниям олиш насиб қилар».
«Ҳар бир инсон мақсад билан яшаши керак»
Ҳар куни ухлашдан аввал эртанги кунимни хаёлимда режалаштириб олишга одатланганман. Эрта тонгда нонушта қилгач, гул тўқишга киришаман. Кейин китоб ўқийман. Зерикканимда телевизордан янгиликлар кўраман. Ҳали режаларим кўп. Шу кунларда ўзимнинг кичик тадбиркорлигимни йўлга қўймоқчиман. Яъни бўш иш ўрни яратиб, қиз ва аёлларнинг бандлигини таъминламоқчиман. Ҳамманинг ҳаёт тарзи ҳар хил. Бировга маслаҳат беришдан йироқман, бироқ одамда мақсад бўлиши керак. Муваффақиятнинг юқори чўққисига эришганларнинг ҳаётини ўрганадиган бўлсак, ҳаммаси оддий одам. Фақат улар олдига қўйган мақсадига етиш учун тинимсиз ишлаган, изланган. Агар ҳар бир инсон ўз ишида қийинчликларга ҳам парво қилмай тинимсиз ҳаракат қилса, албатта, муваффақиятга эришади».
Изоҳ (0)