Асл ва асил
Бу сўзларни кўп янглиштириб қўллаймиз. Сабаби уларнинг талаффузи бир-бирига яқин ва баъзан ўрни алмашганда ҳам бирикмадан маъно чиқаверади. Масалан, асл тилла ва асил тилла. Нима фарқи бор, қай бири тўғри?
Асил сўзи аъло сифатли; соф, қалбаки эмас; кўчма маънода эса яхши хислатларга эга бўлган; олижаноб; пок мазмунига эга: асил мол, асил шойи, асил буюм; асил одам, асил фарзанд.
Асл сўзи насли, таги, келиб чиққан жойи; яратилишдаги, бош, дастлабки, чинакам, ҳақиқий каби маъноларни билдиради: асли кимлигини суриштирди, асли тошкентлик, асл нусха, асл ҳоли, асл муддао, асл ном.
Хўш, асил тилла тўғрими ёки асл тилла? Асил тилла – соф, тоза, бошқа металл аралаштирилмаган тилла деган маънони англатади. Асл тилла эса ҳақиқий тилла маъносига эга. Софлик маъноси назарда тутилганда асил сўзини ишлатиш керак. Маъносиз ибора юзага келмаётгани учун бу ўринда асл сўзини ишлатиш ҳам хато эмас. Лекин баъзи ўринларда маъно фарқланади ва бу икки сўзни алмашлаб қўллаш хатога олиб келади.
Масалан:Асл мақсад — тўғри.Асил мақсад — хато.
Чунки асл мақсад – чин, ҳақиқий мақсад. Асил мақсад эса соф, бошқа нарса аралаштирилмаган мақсад бўлиб қолади ва бу хато.
Асил сўзи асосан нарса-буюмларни, моддийликни билдирувчи сўзлар билан ишлатилади. Уни мақсад, ният, ҳақиқат, даража каби сўзларга нисбатан қўллаш хатодир.Хийла ва ҳийла
Талаффузда ҳ ва х товушларини кўп ўринда фарқламаймиз. Жумладан, шу икки сўзда ҳам. Бу эса имлога ҳам кўчиб ўтади ва сўзларни бир-бирининг ўрнида янглиш ишлатиб юборамиз. Аслида хийла ва ҳийла маъно жиҳатидан кескин фарқланади.
Хийла сўзи маълум даражада, бирмунча, анча; бирмунча фурсат, анча вақт маъноларини англатади: хийла ёш, хийла яхшиланди, хийла кутиб қолдик, хийладан кейин келди.
Ҳийла сўзи эса алдаш учун ишлатилган йўл; алдовчи, чалғитувчи иш, тадбир, хатти-ҳаракат; найранг, фириб маъноларига эга: ҳийла ишлатди, ҳийла билан қочди.
Демак:Хийла тажрибасиз экансиз, хийла вақт кутди, хийлагина катта ҳовли — тўғри.Ҳийла тажрибасиз экансиз, ҳийла вақт кутди, ҳийлагина катта ҳовли — хато.Ҳийла қилди, ҳийла ишлатди, урушда ҳийлалардан ҳам фойдаланилади — тўғри.Хийла қилди, хийла ишлатди, урушда хийлалардан ҳам фойдаланилади — хато.
Адл ва адил
Адл сўзи адолат, одиллик маъноларини англатади: адл кучи, адлу инсоф.Адил сўзи эса эгилмаган, тикка; бурилмаган, тўппа-тўғри маъноларига эга: адил бўй, адил ўтказилган йўл.
Демак:Адлу инсоф, адлу адолат, адл кучи — тўғри.Адилу инсоф, адилу адолат, адил кучи — хато.
Адил қомат, адил чизиқ, адил одам, адил иморат, адиллик — тўғри.Адл қомат, адл чизиқ, адл одам, адл иморат, адллик — хато.Ҳирс ва хирс
Ҳирс кучли интилиш, истак, майл мазмунига эга. Салбий маънода эса жинсий ҳиссиёт, шундай ҳиссиётли майлни англатади: мол-дунё тўплашга ҳирс қўйди, ҳирс билан қаради.
Хирс сўзи тилимизда бот-бот учраб туради, асосан сўзлашув тилида ишлатилади. Форсчадан кирган бу сўз айиқ деган маънони англатади: хирсдай йигит, хирсдай бақувват, хирсдан-да кучли.
Хирс сўзи айиқ маъносида ўхшатишли бирикмалар ва ибораларда учрайди, холос. Ҳайвон маъносида ишлатилмайди. Масалан, ҳайвонот боғига хирс келтирилди, дейилмайди.
Демак:Хирсдай йигит, хирсдай тўқ одам, ҳирси кучли — тўғри.Ҳирсдай йигит, ҳирсдай тўқ одам, хирси кучли — хато.
Обдан ва обдон
Обдан сўзи роса, хўп; жуда ҳам; бутунлай; мукаммал суратда маъноларида ишлатилади: обдан ўйлади, обдан яхши биламан, обдан ўрнашиб олди.Бу сўз кўпинча обдон шаклида хато ишлатилади. Обдон сўзи изоҳли луғатга киритилмаган. Имло луғатида эса бор – ирригацияга оид атама экани кўрсатилган. У форча об сўзи ва -дон қўшимчасидан ясалган. Сув идиш маъносини англатади. Лекин жонли тилда сув сақланадиган идишларга нисбатан обдон сўзи қўлланмайди. Бу сўз маълум соҳа доирасидагина ишлатиладиган атамадир.
Демак:Обдан ўйлади, обдан тайёрланди, обдан безатди — тўғри.Обдон ўйлади, обдон тайёрланди, обдон безатди — хато.Пошшо, пошша ва пошо
Пошшо сўзи подшоҳ сўзининг сўзлашув тилидаги вариантидир: подшоҳ – подшо – пошшо. Подшоҳлар тарихда кўп ўтган, Шарқ халқлари халқ оғзаки ижоди, жумладан, эртакларда ҳам ҳукмдорлар асосан подшоҳлар бўлади.
Подшоҳ сўзи қадимги форс тилида под – ҳукмдор, шоҳ – улуғ, буюк, яъни улуғ ҳукмдор маъносини англатади.
Подшоҳлар ҳозир ҳам бор. Масалан, Саудия Арабистонида давлат раҳбари подшоҳдир.
Пошша хотин-қизларга мурожаатда ҳурмат ёки эркалатишни ифодалайди. Бу сўз катта эҳтимол билан подшоҳ сўзининг ўзгарган шакли. Аёлларга, жумладан, келинларга айрича ҳурматни ифодалаш, подшоҳларга кўрсатиладиган иззат-эҳтиромга сиз ҳам лойиқсиз деган маънони бериш учун шу сўз танланган бўлиши мумкин. Тилимизда пошша таркибли келинпошша, қизпошша, ойпошша каби сўзлар ҳам учрайди.
Пошо эса Усмонли султонлигида фуқаролар ва ҳарбийларга берилган фахрий унвон. Миллий энциклопедияга кўра, дастлаб вазир, бекларбеги ва бошқа юқори мансабдор шахслар унга сазовор бўлган. Пошо идора этган вилоят ёки туман пошолик деб аталган. XIX асрдаги ислоҳотдан кейин пошо генерал ва вазирларга ҳам берилган. Туркия Республика деб эълон қилингач (1923), фақат генералларгина пошо унвонига эга бўлган. Кейинчалик Туркиянинг ўзида (1934), сўнг Мисрда (1952) ва Ироқда (1958) бекор қилинган.
Пошо сўзи, рус олимлари фикрича, подшоҳ сўзининг ўзгарган кўриниши. Бироқ турк олимлари бу фикрга қўшилмайди: пошо эски туркий тилда ўғил фарзанд маъносини англатган баша сўзидан ёки бош оға сўзидан ҳосил бўлган. Бир вариантга кўра, бош сўзига -а (ўзбекчаси -да) қўшимчаси қўшилган ва энг юқоридаги киши, бошида турувчи одам маъносидаги сўз ясалган.
Пошо сўзини ўзбекчада пошшо шаклида ёзиш ҳам учрайди. Менимча, уни бу шаклда ёзиш тўғри эмас. Маъно-мазмунни фарқлаш учун ҳам пошо вариантини ишлатган афзал.Афзал ва абзал
Афзал яхши, аъло, ортиқ маъноларида қўлланади. Афзал кўрмоқ ибораси аъло ҳисобламоқ, ортиқ деб билмоқ маъносини англатади.
Абзал от-уловни миниш ёки аравага қўшиш учун зарур бўладиган асбоблар мажмуидир. Пойабзал сўзи таркибида эса кийим маъносига эга. Пой (оёқ) + абзал (кийим) = оёқ кийим.
Сўзнинг маъноларини билиб олган киши уларни осон фарқлай олади.
Демак:Буниси афзал, борганим афзал, афзалини танланг — тўғри.Буниси абзал, борганим абзал, абзалини танланг — хато.
От абзали, абзалламоқ, пойабзал — тўғри.От афзали, афзалламоқ, пояфзал — хато.
Шахт ва шаҳд
Кўпинча шахт сўзи ўрнида шаҳд, шахдам сўзи ўрнида эса шаҳдам сўзи ишлатилаверади. Бу – хато. Чунки икки сўзнинг маъноси мутлақо фарқ қилади.Изоҳли луғатга кўра, шахт сўзи бирор иш-ҳаракатни бажаришга интилиш ҳолати; бирдан, шартта, дадил маъноларини англатади: шахти паст, шахти баланд, шахт ўрнидан турди.
Шаҳд сўзи эса асал маъносини беради. Шаҳду шакар – асал ва шакар дегани.
У шаҳд билан ўрнидан турди = У асал билан ўрнидан турди.
Маъно шунақа кулгили чиқиб қолади. Демак, шиддат, дадиллик маъноларида фақат шахт сўзини қўллаш керак.
Шаҳдам сўзи эса аслида йўқ. У шахт сўзини шаҳд билан адаштириш натижасида келиб чиққан. Шахдам сўзи бор, у шахтдан ясалган. Кейинги товуш унли бўлгани сабабли т товуши д га айланган. Шахдам сўзи тез ва дадиллик билан қилинган; тетик, дадил маъноларини беради: шахдам қадам, шахдам ўрнидан турди.
Демак:Шахти баланд, шахт ўрнидан турди, шахдам ҳаракатлар — тўғри.Шаҳди баланд, шаҳд ўрнидан турди, шаҳдам ҳаракатлар — хато.
Мавзуга доир:
- Тилимизни биламизми: Тинч океаннинг «Тинч океани»дан фарқи бор! Қулоқ ўрганган, лекин аслида хато иборалар
- Эгаси йўқ муаммо: имлодаги чалкашликларга ечим керак
- Тилимизни биламизми: қўлланадими ё қўлланилади? Биз ёзишда кўп янглишадиган ҳолатлар
- Тилимизни биламизми: дунё кезиб, бошқа тиллар орқали қайтиб келган жаҳонгашта сўзларимиз
- Тилимизни биламизми: тўғриси – хато, хатоси – тўғри. Ғалати машҳур сўз-жумлалар ҳақида
- Тилимизни биламизми: оммалашган ва оммалашаётган хатолар
- Тилимизни биламизми: пашшами ё чивин? Турли ҳудудларда турлича маъно билдирадиган сўзлар
- Тилимизни биламизми: «Чин-Мочин», «тўрт муча», «жуфтакни ростлади» – биз билган сўзларнинг биз билмаган маъноси
- Ўзбек тили от қўйишдан ожиз қолганда тўнни бошқага кийдирамизми?
- Имлога мустақиллик керак: тил табиатидан йироқ қоидалар
- Тилимизни биламизми: бу сўзлар аслида русча. Ўзлашма экани билинмайдиган 15 та қадрдон сўз
- Тилимизни биламизми: хатодай кўринадиган, аслида тўғри сўзлар
Изоҳ (0)