Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Россия Украинага бостириб кириши ортидан Қўшма Штатлар Владимир Путинга яқин бўлган россиялик амалдорларнинг оила аъзолари, Россиянинг бир қатор компаниялари, жумладан, «ВТБ», «Сбербанк» ва «Альфа банк»ка қарши бир қатор санкцияларни эълон қилди. Вашингтон АҚШда ёки бошқа мамлакатларда Америка технологиясидан фойдаланган ҳолда яратилган, юқори технологияли маҳсулотларни Россияга экспорт қилишга чекловлар қўйди. Ушбу санкциялар пакети орқали «Россия иқтисодиёти, молия тизими ва илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятига» жиддий таъсир кўрсатиш ва «Россияни жаҳон молия тизимидан янада яккалаб қўйиш» кўзда тутилган. Meduza Россия иқтисодиёт мактаби ректори Рубен Ениколопов билан янги чекловлар россияликлар ҳаётига қандай таъсир қилиши ҳақида суҳбатлашди. «Дарё» бу суҳбатни ўзбек тилига ўгирди.

Фото: Артём Кеодакян / «ТАСС»

Фото: Артём Кеодакян / «ТАСС»

АҚШ ва бошқа давлатлар Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди. Улар асосан банклар ва технологик экспортга таъсир кўрсатди. Келинг, банклардан бошлаймиз — санкциялар қанчалик оғир, улар банклар фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?

— Энг оғири — «ВТБ»га қарши киритилган санкциялар. «ВТБ» мижозлари муаммоларга дуч келади. Тушунишим бўйича, АҚШда яшаётганлар ва узоқ муддатли визага эга бўлган Россия фуқароларига, ҳатто «ВТБ» ҳисоб рақамидан фойдаланишга ҳам рухсат берилмайди. Мижозлар банк карталаридан фақат Россия ҳудудида фойдаланишлари мумкин бўлади. Бу хорижда яшовчиларга муаммо туғдиради: банкнинг долларда иш юритиши тақиқлангани сабабли улар халқаро операцияларни амалга ошира олмайди.

«Альфа банк» ва шу каби санкцияга учраган бошқа банкларнинг мижозлари ҳозирча муаммоларга дуч келмаса керак. Санкциялар ўзгармаса, мижозларга таъсир қилмайди, фақат банклар зарар кўради. Халқаро бозорлар уларга маблағ киритмайди, лекин шусиз ҳам 2014 йил Қрим аннексия қилинганидан сўнг айтарли маблағ киритилмаган. Энг ёмони ўшанда содир бўлган. Улар шу пулларсиз ҳам омон қолган ва бу ҳақида аллақачон баёнотлар берган.

Хуллас, бу унчалик оғир зарба эмас. Ривожланишга ҳалол бериши аниқ, лекин синдиролмайди. Айниқса, яқин келажакда. Хусусан, Марказий банк уларни қўллашга ваъда бераётган бир вақтда. Лекин санкциялар ҳали максимал даражага етмагани аниқ.

— «ВТБ» мижози, масалан, Хитойдан бирор нима сотиб олмоқчи бўлса, буни уддалай оладими?

— Қизиқ вазият. Бунга ишончим комил эмас, чунки рубль ва юань ўртасида конвертацияни амалга ошириш мумкин бўлган тизим борлигига ишониш қийин. Евро ва долларни чеклаб ўтган ҳолда савдоларни амалга ошириш мумкиндир, лекин кичик операциялар учун бундай тизим мавжудлигига шубҳам бор. AliExpress (Хитойдаги йирик электрон тижорат платформаси) Россия ваколатхонасига эга, яъни улар билан ҳеч қандай муаммо юзага келмаса керак. Бу масала билан ваколатхона шуғулланади — мижозлардан пулни рублда олиб, кейин у ёғини ўзлари ҳал қилади.

Қимматли қоғозлар брокерлари фойдаланадиган «ВТБ-инвестициялар» — банкнинг молиявий бозорлардаги инвестициялар учун мўлжалланган иловаси тақдири қандай кечади?

— Бу ўзимга ҳам қоронғи. Айни дамда одамлар эгалик қилаётган нарсага бу таъсир қилмайди, менимча. Лекин хорижий қимматли қоғозлар савдоси учун ҳисоб-китоблар долларда юритилиши керак бўлади. Шу нарса муаммо туғдириши мумкин.

SDN санкциялари нимани англатади? «ВТБ» вакиллари америкаликлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрната олмайдими?

— Асли буларнинг барчаси «ВТБ» ва хорижий контрагентлар ўртасидаги ҳар қандай алоқаларга нуқта қўйилишини билдиради. Расмий равишда тақиқ қўйилмаган бўлса-да, улар билан нафақат америкаликлар, балки ҳеч ким ҳамкорлик қилмайди. 2014 йилда гувоҳ бўлганмиз: Хитой ҳам иккиламчи санкциялардан қўрқиб, Россия банклари билан ишлашдан бош тортган. Хитой учун бу катта йўқотиш эмас. Унинг учун Америка билан келишмовчилик хавфи рус мижозларидан айрилишдан кўра қўрқинчлироқ. Хуллас, «ВТБ» тўлиқ изоляция қилинган, у фақат Россия ҳудудида фаолият юритмоқда.

— «Газпромбанк», «РСХБ», «Альфа банк», Москва кредит банки каби SDNга киритилмаган банклар деярли ҳеч қандай зарар кўрмадими шунда? 

— Ўта жиддий хавф остида қолди. Мазкур банкларга навбатда улар турганини билдирувчи қора белги юборилган. Янги эскалация ва санкциялар бўлса, уларнинг бошига ҳам «ВТБ»нинг куни тушади.

Санкциялар кўлами янада кенгайиши мумкинми?

— Менимча, «ВТБ»га киритилган санкциялардан оғирроғини кутиб бўлмайди. Лекин «ВТБ»даги чекловлар бошқа банкларга ҳам жорий қилиниши мумкин.

SWIFT’дан узиб қўйилиш хавфи борми?

— Америкада буни амалга ошириш имконияти йўқ: SWIFT уларнинг юрисдиксиясига кирмайди. Лекин битти масала бор — агар «ВТБ»даги каби чекловлар киритилса, бу SWIFT’дан узилишдан кўра жиддийроқ муаммо туғдириши мумкин. SWIFT — бу алоқа тизими. Бундай алоқани факс орқали ҳам ўрнатиш мумкин. Жуда самарасиз усул бўлса ҳам, назарий жиҳатдан имкони бор. Ҳозир фақат операцияларга тақиқ қўйилган. Бу эса мақсадлироқ ва чекловлар кўлами кенгроқ хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Давлат банкларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратадими, бу қанчага тушиши мумкин?

— Россия банк тизими ҳозир катта фойдага кирган, жуда катта маблағга эга, шу сабабли уларнинг аҳволини танг дейиш мушкул. Ўйлашимча, банкларда капитал билан боғлиқ муаммолар бўлмайди. Барибир уларнинг асосий бозори Россияда. Лекин экспорт ва импорт билан боғлиқ ҳамма нарса — ташқи бозор билан ишлайдиган барча корхоналар бошқа банклар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлиши аниқ.Агар доллар айирбошлаш билан боғлиқ муаммолар вужудга келса, Марказий банк «ВТБ»ни доллар ликвидлиги билан таъминлаши мумкин. Бу моддий қўлловдан кўра, кўпроқ доллар ликвидлигини таъминлаш масаласи билан боғлиқ. Санкциялар кучайса, вазият буткул ўзгариб кетиши мумкин. Ҳозирча мен Марказий банк томонидан қандайдир пул ўтказмаларини кутмаган бўлардим.

Технологик экспортни тақиқлаш тўғрисида нима дейиш мумкин, бу истеъмолчиларга қандай таъсир қилади?

— Россияда иқтисодий ўсишни ўта секинлаштириб юборади. Бу барчамиз бирданига қашшоқ бўлиб қоламиз дегани эмас, лекин Россиянинг иқтисодий жиҳатдан тобора ортда қолиб кетишини англатади.

Ҳозирча ўртача даражадаги санкциялар қўлланган. Мен бундан-да, кучлироқ санкцияларни кутишим мумкин эди. Воқеалар ривожи салбий томонга қараб силжиб борса, улар янада кучайтирилиши мумкин.

Нима учун Жо Байден юқори технологияли экспортнинг айнан 50 фоизини тақиқламоқчи? Бунда қандайдир мантиқ борми?

— Менимча, келажакда санкциялар режимини янада кучайтира олиш учун. Бундан ташқари, жуда муҳим бўлган баъзи шартномалар мавжуд. Масалан, америкалик ишлаб чиқарувчилар Россияга сотилиши керак бўлган маҳсулотни ишлаб чиқариб қўйган бўлса, ишни охирига етказиб олади. Ўйлашимча, шу каби манфаатлар ҳам инобатга олинган. Лекин янги шартномалар тузиш ўта қийин кечади деган гумондаман.

Хитой санкциялар туфайли чекланган техника ўрнини қанчалик тўлдира олади?

— Тўлиқ эмас. Хитой ҳам бу борада Америкага қарам. Улар ҳали илғор микросхемаларни ишлаб чиқаришга қодир эмас. Келажакда ҳам уддасидан чиқа олиши даргумон. Улар бир мунча орқада. Технологиянинг бир қисмини Хитойдан оламиз, аммо кечикиб, технологиянинг энг янги босқичидан камида беш йилга ортда қоламиз. Чунки Хитой, тахминан, шунча орқада.

Яъни Хитой бизга кўрсатиши мумкин бўлган энг катта ёрдам шуми?

— Ҳа, бу Хитой бизга кўрсатиши мумкин бўлган энг катта ёрдам. Шу билан бирга «ёрдам» деб атаб ҳам бўлмайди. Хитой бой берилган технология ўрнини тўлдириши ҳақида гап кетганда бу бизга қимматроққа тушишини инобатга олишимиз керак. Хитой биз учун ҳеч қандай қурбонлик қилишни истамайди. Бу газ ва нефтга ҳам тегишли — газни Хитойга юборишимиз мумкин, лекин арзонроқ нархда сотиб олади.

Россия бозори америкалик импортчилар учун рақобат майдони сифатида қанчалик муҳим?

— Умуман олганда, бозоримиз у қадар катта рол ўйнамайди. Бу индивидуал ишлаб чиқарувчилар учун оғриқли ва ёқимсиз бўлса-да, унча аҳамиятли эмас. Россия иқтисодиёти дунё иқтисодиётининг жуда кичик қисмини ташкил қилади. Америка стандартларига кўра, бу арзимаган пул. Айни дамда Америка ичида Россияга нисбатан шундай салбий муносабат шаклланганки, ҳар қандай компания ўзининг махсус шартларини ўтказишга ҳаракат қилиб кўради. Нимадир сотиб олиши мумкин, лекин минимал даражада. Улар учун ҳеч нимани қурбон қилмайди.

Россия санкцияларга аввалдан тайёр эди, дейиш мумкинми?

— Шундай деса ҳам бўлади. Охирги етти йил ичида, Қрим воқеаларидан бери, Россия жаҳон бозорига тобора камроқ интеграциялашиб борган. Шу сабабли у секин суръатларда ривожланди ва иқтисодий ўсишда доим орқада қолди. Лекин шу боисдан ҳам у мустақилроқ бўла бошлади.

Шартли равишда айтганда, хорижий инвестициялар нолга туширилди. Портфел инвестициялари давлат қарзи ҳисобига амалга оширилди, лекин улар ҳам тўхтатиб ёки чеклаб қўйилиши мумкин. Бироқ, албатта, Россиянинг жаҳон иқтисодиётига қарамлиги анча камайган. Ҳозир, масалан, рубль курси қанчага ва қандай тушганини 2014 йилда қандай тушгани билан таққослаш мумкин.

Ҳозир ҳаммаси бошқача. Аввалдан тайёр бўлганимиз учун ҳам шундай. Бу ерда асосий муаммо шундаки, Россия жаҳон иқтисодиётидан яккалаб қўйилгани учун ҳам санкцияларнинг яқин келажакдаги таъсири у қадар катта бўлмайди. Лекин ўрта муддатли истиқболда Россия жаҳон иқтисодиётидан жуда орқада қолиб кетади.

Умуман олганда, Россияни қандай келажак кутяпти? У ички ўсиш ёки қўшни давлатлар ҳисобига ички зарарни қанчадир миқдорда қоплай оладими?

— Рақамлар билан айтиш қийин. Ҳатто шу вазиятгача ҳам ялпи ички маҳсулотдаги ўсиш ҳажми уч фоиздан кам, дейиш мумкин эди. Имконият жуда оз. Эътиборни, балки, Осиё ва Африка давлатларига экспорт қилишга йўналтирармиз, лекин бу етарли бўлмаслиги аниқ. Бу ҳатто Европа ва Американинг ёпиқ бозорларидаги йўқотишлар ўрнини ҳам тўлиқ қопламайди.

Россия ўз қобиғига янада кучлироқ ўралиб қолади. Лекин бу санкцияларсиз ҳам юз берадиган нарса. Россияликлар билан ишлаш имкони бўлган тақдирда ҳам, ҳамкорлик қилишни ҳеч ким истамайди. Хавф жуда юқори. Эртага жазо чоралари ҳамкорларга ҳам қўлланиб, улар ҳам зарар кўриши мумкин.

Инфляция кўтарилади, даромад уни қоплаши даргумон. Иқтисодиётда тизимли муаммолар бор. Иқтисодиёт 2014 йилдан бери турғунликда. Турғунлик аслида бундан ҳам олдинроқ бошланган, лекин энди юқори чўққисига чиқди. Ўтган йили даромад ўсиши тўлиқ давлат тўловлари ҳисобига амалга оширилган. Бу иқтисодиёт эмас.

Иқтисодий маънода аҳоли даромадининг камайишидан бошқа нарсани кутиш қийин. Эрондан кўра яхшироқ яшаймиз, чунки мамлакатда ривожланиш кўрсаткичи аввалдан баландроқ бўлган. Лекин бу фақат ўзи учун ишлайдиган мамлакат бўлади.

Шу билан бирга, энергия етказиб берувчиларга нисбатан ҳали санкциялар жорий этилмаган. Ўйлашимча, бу ҳозир бошқа давлатлар учун жуда қимматга тушади. Чунки совуқ мавсум — қайта қуришга вақт йўқ. Аммо кейинги бир неча ой ичида улар Россияга муҳтожлик хавфини диверсификация қилиш ва камайтириш учун барча чораларни кўради. Чоралар энергия экспортига таъсир қилиши мумкин, бу эса анча жиддий муаммо туғдиради.

Шундай истиқбол кутаётгани аниқми?

— Тўлиқ воз кечиш имконсиз, деб ўйлайман. Лекин сезиларли даражада қисқартирилиши ва талаб энг минимал даражага туширилиши мумкин. Бу катта зарба бўлади. Хитойга ниманидир кўпроқ сотишимиз мумкин, лекин бу, умуман олганда, иқтисодиётнинг қулашини англатади.

Бир неча ой ичида содир бўлиши мумкинми?

— Ёзларга бориб.

Одамларга айни вазиятда нима қилишни маслаҳат берган бўлардингиз?

— Ўйлашимча, ваҳима қилишга жуда кеч. Нақд пул ёки валюта ечиб олишдан маъни йўқ. Марказий банк санкцияларнинг оддий одамларга таъсир қилмаслиги учун барча чораларни кўради, деб ўйлайман. Шу сабабли ваҳимага берилмаган бўлардим, лекин аҳвол яхшиланишига ҳам умид қилмасдим.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
“Гулжа қирғини” — уйғурларни ўлдиришни бошлаган Хитой, чеченларни оммавий ўлдирган рус ОМОНи ва водород бомбасини ботқоққа ташлаган АҚШ самолёти. Кун хронологиясид...
Маҳаллий
Тошкент вилоятида автокран қулаши оқибатида машинист вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Маҳаллий
“Тез ёрдам машинаси 5 йилда икки бараварга кўпайди, битта чақирув дориси 640 сўмдан 7,5 минг сўмга ошди”. “Дарё” тиббиётдаги ўзгаришларни Наманган вилояти мисолида...