Тошкент вилояти Қибрай туманида 2 февраль куни сомон пресслари ортилган юк автомобилларида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 03:09 да туманнинг «Чинобод» маҳалласидаги очиқ майдонда сотиш учун сомон пресслари ортилган ва бир-бирига яқин жойлаштирилган 4 та юк автомобилида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 03:17 да етиб бориб, ёнғин соат 03:29 да қуршаб олинган ва соат 04:35 да бартараф этилган.
Ёнғин сабабли 3 та «ГАЗ-53» ҳамда «ЗИЛ-130» юк автомобиллари кабинаси ва уларга ортилган 200 донадан, жами 800 дона сомон пресси ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)