Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси ҳайдовчиси 600 доллар пора билан қўлга тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё» сўровига асосан маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам Навоий вилоят халқ таълими бошқармаси ҳайдовчиси Н.Т. ва Навоий шаҳар халқ таълим бўлими кадрлар бўйича инспектор-методисти У.И. пора олган вақтида ушланган.
Н.Т. фуқарони Навоий вилоят ХТБда ишловчи таниши орқали Навоий шаҳридаги мактабларнинг бирига рус тили фани ўқитувчиси вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига пора тариқасида 600 доллар талаб қилган. 29 январь куни соат 11:30 ларда Навоий шаҳар Ёшлик кўчасидаги «Ёшлар келажагимиз жамғармаси» биноси олдида талаб қилинган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давом эттирилиб, Навоий шаҳар ХТБ кадрлар бўйича инспектор-методисти вазифасини бажарувчи У.И. 29 январь куни соат 13:50 ларда Н.Т.дан талаб қилинган кимёвий ишлов берилган 600 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилоят халқ таълими бошқармаси ҳайдовчиси Н.Т. ва Навоий шаҳар халқ таълими бўлими кадрлар бўйича инспектор-методисти вазифасини бажарувчи У.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда туман ХТБ мудири ўринбосари 300 доллар пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилган эди. У ҳам бу пул эвазига туман мактабларининг бирига ўқитувчи лавозимига ишга олиб кириб қўйишини ваъда қилганди.
Мавзуга доир:
- Самарқандда «Ўзбекистон темир йўллари»га ишга киритиб қўйиш учун 3 минг доллар пора олган темир йўлчи ушланди
- Навоийда туғруқхонага ишга киритиб қўйиш учун фуқародан 7 млн сўм олган шифокор қўлга олинди
- Фарғонада 200 доллар пора билан қўлга тушган боғча мудирасига жазо тайинланди
- Бухорода шифохонага ишга киритиб қўйиш эвазига фуқародан 500 доллар сўраган шахс қўлга олинди