Навоийда Matiz ҳайдовчиси автомобилини жарима майдонига олиб кетаётган ЙПХ ходимини калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. ИИВ матбуот хизмати ишбу ҳайдовчи процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

22 январь куни соат 12:20 ларда Навоий вилояти, Навбаҳор тумани ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Matiz ҳайдовчисини тўхтатган. Текширув давомида ҳайдовчи йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиши ва унинг ёнида кунлик йўл варақаси мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кетилаётганида ҳайдовчи А.Т. (1993 йилда туғилган) ЙПХ инспекторининг хизмат олиб боришига тўсқинлик қилиб, унинг қонуний талабларини бажармасдан, уни ҳақоратлаб, ходимга нисбатан тажовуз қилган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, ЙПХ инспекторининг кўз пастки қовоғида, бўйин орқа соҳаси ва ўнг қўл тўртинчи бармоқ-тирноқ фалангаси соҳаларида шилинмалари каби тан жароҳатлари Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиалининг 23 январдаги маълумотномасига кўра «енгил тан жароҳати» деб топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи А.Т.га нисбатан Навбаҳор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 140-модда (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеа жойидан қочиб кетган фуқаро Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.