Бугун дунёнинг энг йирик давлати бўлиб турган Россия қачонлардир Олтин Ўрда хонларига ясоқ тўловчи 250 дан ортиқ майда князликларга бўлиниб кетганди. Аммо рус князликлари орасида Москва князлиги кучайиб боради ва унинг ҳукмдори Иван IV (Грозний) 1547 йил 16 январида Бутун Рус қироли тожини кияди. Шу билан замонавий Россия давлатига тамал тоши қўйилади. Келажакда руслар инсоният тарихидаги энг катта учинчи империя барпо этади. «Дарё» Россиянинг «Бутун Рус қироллиги»га айлангунига қадар бўлган кечмиши ҳақида ҳикоя қилди.
Дастлаб «Россия» номи ҳақида
Аввало, биз бугун биладиган Россия номининг келиб чиқиш ҳақида тўхталсак. Россия илк бор Византия манбаларида «Росиа» шаклида ишлатилган бўлиб, бу ном кейинчалик ғарбий Европа ва рус тилига ҳам айнан юнон манбаларидан кирган. Маҳаллий аҳолининг ўзи ҳам ўзларини рус деб атаган бўлиб, кейинчалик бутун шарқий славянлар шу номда айтила бошланади. Бу ном улар асос солган илк давлат — Киев Рус номида ҳам акс этади.Рус сўзининг пайдо бўлиши ҳақида тахминлар кўп. Баъзи олимлар бу сўзни ҳозирги фин тилидаги «Ruotsi» сўзига боғлайди. Ruotsi бу — Швеция. Руснинг биринчи ҳукмдорлари бўлмиш ака-ука Синеус, Трувор ва Рюрик варяг (скандинав-швед)лардан эди. Тарихчилар янги ҳукмдорлар ва улар билан келган ёлланма жангчилар номи кейинчалик бутун шарқий славянлар номига айланганини таъкидлайди. Аммо, табиийки, бу назария кўплаб рус тарихчилари томонидан рад этилади.
Иккинчи тахмин ҳинд-орий тилидаги «russa» ёки «ruksa» сўзига қаратилган. Бу сўз «ёруғ», «ёрқин» маъноларини билдиради ва бунга асосан Рус номи «Оқ ерлар» деган маънони беради. Яна бир тахмин эса Днепр дарёсига қуйилувчи Рос дарёси билан боғлиқ. Шарқий славянлар дарё бўйларида яшагани сабаб улар ўзларини «rosi» — «дарё одамлари» деб атаган ва бу сўздан «Рус» сўзи пайдо бўлган. Бунда олимлар бадавийларнинг ўзларини «чўл халқи», чукчалар эса «денгиз халқи» деб атаганларини далил сифатида келтиради. Ҳозирча бу борада якдил тўхтамга келинмаган.
Илк давлатчилик пойдевори
Биринчи шарқий славян давлати ҳақидаги маълумотлар 862 йилга бориб тақалади. Илк рус йилномаси ҳисобланувчи «Ўтган йиллар ҳақида эртаклар» (ёхуд «Биринчи солнома») китобига кўра, варяглардан чиққан князлар: Рюрик, Синеус ва Трувор славянларнинг чақириғига жавобан Новгородга келади ва рус ерларида ҳукмронлик қилишни бошлайди. Кейинроқ, укалари ўлимидан сўнг Рюрик бутун рус ерларининг ягона ҳукмдорига айланади ва унинг авлодлари IX—XI асрларда Киев Рус номи билан танилган давлатга асос солади ва бошқаради. Княз Святослав ва Ярослав Мудрий даврида энг катта чегараларга эга бўлган бу давлат жанубда Дунай дарёсидан, шимолда Оқ денгизгача, шарқда Волга дарёсидан ғарбда ҳозирги Украина ва Беларусь чегараларигача чўзилган.Киев Рус давлати ҳақида манбаларда маълумотлар кўп. Византия таъсирида христианликнинг проваслав йўналишини қабул қилган славянлар ҳар томонлама юнонлар билан яқинлашади. Киев Русининг «олтин даври»ни яратган Ярослав Мудрий Киевда Константинополдаги каби Авлиё София ибодатхонасини қурдиради ҳамда мамлакатда йилномалар тузишни бошлашга буйруқ беради.
Киев Руси бугунги кундаги рус, украин ва белорус халқларининг умумий давлат тузилмаси ҳисобланади. Бу халқларнинг ажралиши кейинроқ, XIV—XVI асрларда рўй беради. Қолаверса, Қадимги Рус давлати таркибига фин—угор қабилалари ҳам кирган эди.
Парчаланиш ва мўғул босқини
Ярослав Мудрий вафотидан сўнг князлар ўртасида тахт учун кураш кучаяди. Бу пайтда рус ерларига жанубдан қипчоқлар ҳужуми давом этади ва Киев князи Владимир Монамах барча князларни босқинларга қарши туриш учун Любеч шаҳрига йиғади. Йиғилишда «Ҳар ким ўз ерига эгалик қилсин» деган қарорга келинади ва ҳар бир княз авлоди ўз мулкига эгалик қилиши ҳуқуқи тасдиқланади. Бу эса тарқоқликни янада кучайтиради, бироқ князларнинг қипчоқларга қарши бирлашишига йўл очади. Владимир Монамах ва унинг ўғли Мстислав Буюк даврида қипчоқлар мағлуб этилади ва уларнинг рус ерларига ҳужумлари тўхтатилади. Аммо Мстислав вафотидан сўнг Новгород ва Полоцк Киев князини тан олишдан бош тортади ва Россия тарихида «тарқоқ князликлар» (совет манбаларида «феодал тарқоқлик») даври бошланади.Жанубдаги князликлар аҳолиси қипчоқларнинг доимий босқинлари сабаб шимолга, Новгород ва Ростов князликларига кўчиб кетади. Қипчоқларнинг ҳужумларидан чарчаган жанубий князликлар улар билан қуда-андачилик алоқалари ўрнатиб, иттифоқ туза бошлайди.
Тез орада шарқдан янги ва қудратли душман — мўғуллар кириб келади. 1223 йил Калка дарёси бўйидаги жангда қипчоқлар ва уларга ёрдамга келган рус қўшини мўғул лашкари томонидан тор-мор этилади. Ушбу жангда Киев, Чернигов, Смоленск ва яна олтита ҳудуд князи ҳалок бўлади.
1237—1241 йиллари мўғуллар билан бўлиб ўтган урушда кўплаб рус князликлари мағлубиятга учрайди ва вассалга айланади. Мўғуллар босқинидан фақатгина шимолдаги Новгород князлиги четда қолади.
Мўғуллар рус ерлари устидан тўла ҳукмронлик ўрнатмайди. Рус князлари ҳар йили Олтин Ўрда хонига ўлпон ва ясоқ тўлаб туриш шарти билан ички мустақилликни сақлаб қолади. Бироқ бу Олтин Ўрда бекларининг рус ерларига тез-тез босқин уюштиришига халал бермайди. Бу даврда Рус ғарбдан ҳам ҳужумларга учрайди, бироқ рус князлари бу хуружларни қайтаришга муваффақ бўлади.
Буюк Москва ва бирлашиш
Франция тарихидаги каби энг буюк уч рус ҳукмдорини қайд этиш керак бўлса, албатта, улар орасидан Москва князи Иван Калита ҳам жой олиши керак. Москва князлигини 1322—1340 йиллари бошқарган бу княз рус ерларининг Москва атрофида бирлашишига замин яратади. Иван Калита Тверь князи Александр Тверь билан рус ерларини бирлаштириш борасида рақобатни давом эттиради ва бу курашда Олтин Ўрда хони Ўзбекхон ёрдамида ғалаба қозонади.Ўрдага қарши қўзғолон кўтарган Александр Тверь «Буюк княз» унвонидан маҳрум этилади ва бу унвон Москва князи Иван Калитага берилади. Шунингдек, Иван Калитага рус князликларидан Олтин Ўрда учун солиқ йиғиш вазифаси ҳам юкланади ва бу орқали Калита Москва хазинасини ҳам тўлдиради, баъзи рус ерларини сотиб олади. Ўзбекхон юришларида қатнашган Иван Калита бир қатор рус князликларини Москвага қўшиб олади ва князлик қудратини оширади. Айнан шу даврда Москва қудрати бошқа рус князликларига қараганда анча ортади.
XIII аср бошларида асос солинган Буюк Литовск князлиги рус ерларини бирлаштиришда Москванинг янги рақобатчисига айланади. Собиқ Киев Рус давлатининг шарқий ҳудудларини эгаллаган Литовск князлиги жанубда мўғул-татар кучларини мағлуб этади ва бу ерларни ҳам ўз таркибига қўшиб олади. Бу князлик таркибига ҳозирги Литва, Белоруссия, Украина (катта қисми), Латвия, Эстония, Молдавия (Днестрбўйи ҳудудлари) ва қисман Польша (Подляше вилояти) ҳудудлари киради.
XV аср бошларида Олтин Ўрда давлати хонликларга бўлиниб кетгач, рус ерларини бирлаштириш учун ниҳоят кенг йўл очилади. Москва князлигининг Рус ерларини бирлаштириш кураши бой рус князлиги бўлмиш Новгородни бўйсундириш билан бошланади. 1478 йил Новгород Москва князлиги таркибига қўшиб олинади.
Катта бойлик ва ҳудудга эга бўлган Москва тез орада бошқа рус князликларини бўйсундира бошлайди. 1500—1503 йиллари Буюк Литовск ва Москва князлиги ўртасида бўлиб ўтган урушда москваликларнинг қўли баланд келади. Владимир Донскойнинг набираси, Москва князи Иван III Византия императори авлодидан бўлмиш София Палеологга уйланади ва Византия давлати рамзи бўлган икки бошли бургутни Москва князлиги рамзига айлантиради (бу даврда Византия империяси Усмонли сулоласи томонидан қулатилган эди). Икки бошли бургут тасвири Россия давлатнинг ҳозирги гербида ҳам мавжуд.
Иван III ва бошқа Москва князлари ўзларини Византия императорлари давомчилари, Москвани эса империя меросхўри деб ҳисоблашган. Иван III даврида Москва бир томондан Қозон хонлиги, бошқа томондан эса Буюк Литовск князлиги билан урушлар олиб боради.
Иван III дан сўнг тахтга ўтирган ўғли Василий III Буюк Литовск князлигига бўйсунмаган сўнгги мустақил рус князликларини Москвага бўйсундиради.
«Бутун Рус қироллиги»
Василий III 1533 йили вафот этганидан сўнг унинг тахтга ўғли Иван IV ўтиради. Ўғли ёшлиги сабаб, давлатни марҳум князнинг беваси Елена Глинская бошқаради. Княгиня даврида Москва учун муҳим бўлган пул ислоҳоти ўтказилади ва савдо ривожланади. Бироқ 1538 йил княгиня ҳам вафот этгач, давлатни бошқариш 8 ёшли Иван IV нинг ўзига қолади.Иван IV ёхуд Грозний ҳукмронлик даври замонавий Россия учун энг муҳим давр ҳисобланади. 1547 йил 16 январь куни буюк княз Иван IV га митрополит Макарий томонидан «Бутун Рус қироли» сифатида тож кийдирилади ва Москва князлиги номи «Бутун Рус қироллиги» деб ўзгартирилади («Русия» сўзига иккинчи «с» Пётр I даврида қўшилади ва империя номи «Россия»га айланади). Иван IV нинг «қирол» титулини олиши уни Ғарбий Европа қироллари билан сиёсий жиҳатдан тенглаштиради. Бунгача Буюк княз титули «буюк герцог» рутбаси билан тенг кўрилган. Москва буюк князининг қиролга айланиши унинг халқаро обрўсини оширади. Руснинг энг ашаддий рақиби бўлмиш Польша қироллиги эса Иван IV ва Москва князларининг қироллигини бир неча аср давомида тан олмайди.
Иван Грозний мунтазам ва яхши қуролланган армия тузади. Ўзининг золимлиги ва шафқатсизлиги сабаб Иван IV «Грозний»— «даҳшатли» лақабини олади. Грозний даврида Қозон, Астрахан ва Сибир хонликлари, Нўғой ўрдаси ҳамда Шимолий Кавказ подшоҳликка қўшиб олинади. Рус қироллиги ҳудуди Грозний даврида икки бараварга кенгаяди. Ғарбда Литовск князлиги устидан йирик ғалабаларга эришилади, бироқ Рус қироллигига энди кучи етмаслигини англаган Литовск князлиги Польша қироллиги билан 1569 йили ягона иттифоққа бирлашади ва Реч Посполита федератив республикасига айланади.
Айнан мана шу давр қадимги шарқий славянларнинг учга бўлиниш даври ҳисобланади. Қадимий Киев Русининг жанубий ерлари бир неча асрга Польша қироллиги таркибига ўтиб кетади. Поляк тилининг кучли таъсири остида шарқий славянларнинг ғарбий қисми поляк тилига яқинлашади ва эски Киев Рус тилидан ҳам фойдаланишни давом этади. Москва князлиги эса рус тилини доимо ривожлантириб боради. Бир неча асрлик сиёсий чегаралар шарқий славянларни учга бўлиб юборади.
Реч Посполита билан урушларда муваффақиятсизликка учраган Иван Грозний яна бир хато бўлмиш опричнина сиёсатини ҳам олиб боради. Бироқ бу сиёсат 1571 йили Қрим хони Давлат I Гирейнинг Москвани эгаллаб, ёқиб юбориши билан барбод бўлади. Мамлакатда мутлақ ҳукмронликка интилган Иван IV катта террор тўлқинини ўтказади.
Иван Грозний расман Россия тарихидаги энг узоқ (1533—1584) ҳукмронлик қилган ҳукмдордир. Унинг даврида бугунги Россия давлатига пойдевор қўйилади. Замонавий Россия давлати айнан Москва князлигининг давоми ҳисобланади. Иван Грознийдан сўнг Россия Европанинг энг катта ва қудратли давлатига айланади.
Изоҳ (0)