Тошкент шаҳрида фуқаро Зиёда Латипова Баҳромовна ўз шахсий Mercedes-Benz S500 Hybrid машинасини пойтахт ҳокимлигига текинга берди. 30 ноябрь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев автомобилдан фойдаланиш, техник кўрикдан ўтказиш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича тегишли қарорни қабул қилди.

Фото: Car Pixel

Ушбу хабар 30 ноябрь куни соат 20:00 дан сўнг турли Telegram каналлар, интернет-нашрларда чиқа бошлагач, Mercedes машинаси, унинг моделлари ва оммага нотаниш бўлган Зиёда Латипова исмли аёлнинг шахсига қизиқиш ортди. Google қидирув тизимининг Ўзбекистон сегментидаги сўровлар бундан далолат бермоқда.

Соат 22:00 га келиб барча сўровлар ўз чўққисига чиққан. Хусусан, «Mercedes» калит сўзи таққосланаётган бошқа уч сўровга нисбатан 100 баллик кўрсаткичга етган. Ушбу соатда «Latipova Ziyoda» сўрови 85, «Латипова Зиёда» — 67 ва «Mercedes-Benz S500 Hybrid» сўрови 15 баллни ташкил қилган.

Google Trends’дан скриншот

Икки кундан ортиқ вақт ичида Зиёда Латипова бўйича Google’га берилган сўровлар кўрсаткичи пасайди, аммо ҳали ҳам у бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун сўров бераётганлар сақланиб турибди.

«Латипова Зиёда» калит сўзидан ташқари, «Латипова Зиёда Баҳромовна», «Латипова Зиёда Баҳромовна биография» сўровлари ҳам бериляпти. Аммо Google бу сўровлар бўйича фақатгина ҳокимликка Mercedes бепул совға қилингани ҳақидаги турли сайтларда чиққан хабарларнигина намойиш этмоқда.

Маълумот учун, Mercedes-Benz S500 Hybrid машиналари нархи 200–300 минг доллар атрофида.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳокимликка текинга машина совға қилиш воқеасини ўрганиш ишлари олиб борилишини маълум қилган.