Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун 28 ноябрь куни тонгда Ашхобод шаҳрига жўнаб кетганди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Ашхобод аэропортига етиб келган давлат раҳбарини Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, шундан сўнг икки мамлакат етакчилари музокара ўтказди. Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Туркманистон раҳбари ва биродар туркман халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам — Бетарафлик куни билан самимий қутлади.

Икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 2021 йил октябрида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон президенти Туркманистоннинг ИҲТдаги сермаҳсул раислигини юксак баҳолади ва Ашхобод саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Сўнг тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтди.

Эслатиб ўтамиз, ИҲТнинг 15-саммити кун тартибидан савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган. Ушбу ташкилотнинг 14-саммити 4 март куни видеоанжуман шаклида ўтказилганди.