Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммити ишида иштирок этиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур. Қабул қилинган «ИҲТ истиқболлари – 2025» концептуал дастури асосида, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш мақсадга мувофиқдир», — деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, шу муносабат билан ташкилот доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф қилинди. Мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг тадбиқ этиш масалалари ўз ифодасини топиши зарур.

Мамлакатларда ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш бугунги кун талаби экани таъкидланди.

Ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мамлакатларимиз иқтисодиётларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бунинг реал механизми сифатида Шавкат Мирзиёев БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун (СПЕКА) Махсус дастури билан ҳамкорликда ташкилот доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш, халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш,  транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш муҳим эканини таъкидлади.

Бу режаларни рўёбга чиқариш учун мамлакатларнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Глобал иқлим кун тартиби тобора долзарб бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, саммит «яшил» иқтисодиётга ўтишни давом эттириш масалаларини кўриб чиқди. Етакчилар бу борада фаол ҳамкорлик қилиш, жумладан, углерод нейтраллигига эришиш учун саноат тармоқларида экологик тоза ва ресурстежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш зарур эканини таъкидлади.

Шу мақсадда Шавкат Мирзиёев халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этди.

Сайёҳлик алмашинувини қайта тиклаш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон президенти Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди.

Ушбу ташаббус доирасида «зиёрат туризми» ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилади.

Саммитда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш, институционал механизмларини ва етакчи халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу борада Ўзбекистон президенти ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурди.

Ташкилот доирасида муайян соҳани ривожлантириш бўйича ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Президент ИҲТда 2022 йилни Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.

Хабарда таъкидланишича, саммит якунида Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди. Ушбу ҳужжат аъзо мамлакатларнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги муҳим устувор интилишларини ўзида мужассам этди.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида сўзлаган нутқида Афғонистондаги бугунги вазият ҳақида тўхталиб ўтгани, саммит доирасида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Покистон президенти Ориф Алвий, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокара ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.