Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш, шунингдек, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун 28 ноябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрига келганди. Давлат раҳбари дастлаб Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказиб, икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Покистон президенти Ориф Алвий билан учрашув ўтказди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат давомида Ўзбекистон—Покистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шериклик алоқалари, энг аввало иқтисодиёт йўналишида жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар, шу жумладан, Афғонистонда вужудга келаётган вазият муҳокама қилинди.

Покистон президентидан сўнг Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Тожикистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиққан. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилган.

Шунингдек, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор соҳаларда истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Етакчилар Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан ҳам фикр алмашган.

Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида яна бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.

ИҲТнинг 15-саммити кун тартибидан савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган. Ушбу ташкилотнинг 14-саммити 4 март куни видеоанжуман шаклида ўтказилганди.