Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Сирдарё вилоятида 4 ноябрь, пайшанба куни бошланган чанг бўрони шу куннинг ўзида кечга бориб Тошкентга етиб келди. Чанг туфайли атрофни кўриш даражаси чекланди, машиналар ҳаракати секинлашди. Аввалига чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан 5 баробарга, кейинроқ маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 баробаргача кўтарилгани қайд этилди. Сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чанг-ғубор ҳодисаси кузатилмагани айтилди. Мазкур табиат ҳодисаси Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгариши таъсиридан холи ҳудуд эмаслигини исботлади. «Дарё» мухбири мамлакатда ҳаво ифлосланишининг сабаблари, оқибатлари ва олдини олиш чоралари юзасидан мутахассислар фикрига қизиқди.

Йилига 2 миллион тонна зарарли моддалар

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистондаги саноат корхоналарида олти мингдан ортиқ чанг-газ тозалаш ускуналари мавжуд. Шундан 60 фоиздан ортиғи 10 йилдан зиёд муддатда фойдаланишда бўлиб, ҳозирги кунда улар ҳар томонлама эскирган. Ускуналарнинг эскириш кўрсаткичи, айниқса, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида жуда юқори бўлиб турибди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Одилбек Камилбековнинг қайд этишича, республикада ҳозирда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи йирик корхоналар сони 1 минг 339 тани ташкил этади.

«Юртимиздаги мавжуд корхона ва ташкилотларда йилига салкам 6,5 миллион тонна ташланмалар ҳосил бўлади. Унинг 5,6 миллион тоннаси чанг-тозалаш ускуналарига йўналтирилади. Шундан 5,5 миллион тоннаси ушлаб қолинади ва зарарсизлантирилади. Улардан 4,6 миллион тоннаси утилизация қилинади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Одилбек Камилбеков

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Одилбек Камилбеков
Фото: Шахсий архивдан

2020 йил ҳисоботига кўра, атмосферага ташланмалар Тошкент (642,4 минг тонна), Қашқадарё (212,6 минг тонна), Фарғона (161,0 минг тонна) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (324,2 минг тонна) юқорилигича қолмоқда.

Бундан ташқари, ҳар йили 2 миллион тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар: қаттиқ ҳамда газсимон ва суюқ моддалар атмосферага тарқалади. Жами зарарли моддаларнинг 55–60 фоизи ёки 1,3 миллион тоннаси автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, транспорт воситалари двигателларининг чиқинди газларида сув буғларидан ташқари 200 дан ортиқ кимёвий бирикма ва элементлар топилган.

Қисқа қилиб айтганда, ифлослантирувчи моддаларнинг юқорилиги сабаби — ишлаб чиқаришнинг ўсиши ҳамда саноат корхоналаридаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг маънан эскирганлигидадир», — дейди Одилбек Камилбеков.

«Атмосферадаги 12 та модда назорат қилинади»

Гидрометеорология хизмати маркази метеорологи Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 25 та шаҳардаги 65 та стационар кузатув пунктларида амалга оширилади.

Атмосфера ифлосланишини автоматик кузатиш станцияси

Атмосфера ифлосланишини автоматик кузатиш станцияси
Фото: «Ўзгидромет» ахборот хизмати

«Аҳоли зич ва саноат корхоналари кўп ҳудудларда кузатув пунктлари ташкил қилинади. Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси кузатувлари шаҳарнинг 8 та туманида жойлашган 13 та кузатув пунктида олиб борилади. Шаҳар хусусиятларини эътиборга олиб, ҳаво ифлосланиши тўғрисида маълумотга эга бўлиш мақсадида бу пунктлар турли функционал зоналарда, яъни турар жой, саноат, автомобиль йўллари олдида жойлашган.

Республикадаги барча мавжуд стационар кузатув пунктларида якшанбадан ташқари ҳар куни соат 7:00, 13:00, 19:00 да ҳаво намуналари олинади.

Кузатув пунктларида халқаро талаблар бўйича атмосфера ҳавосидаги 12 та ифлослантирувчи модда назорат қилинади. Юртимизда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш давомида, асосан, тўртта ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди ва азот оксиди ўрганилади. Атмосферанинг ифлосланиш даражаси марказнинг 17 та лабораториясида таҳлил қилинади», — дея таъкидлади Эркин Абдулаҳатов.

«Ернинг мустаҳкамлиги пасайиб бормоқда»

Метеоролог Абдулаҳатовнинг қайд этишича, шаҳарлашиш жараёнларининг тезлашиши ҳам ҳаво ифлосланишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

«Охирги йилларда Марказий Осиё давлатларида аввал ҳеч кузатилмаган ҳолат: чанг-қум бўрон билан боғлиқ хавф рўй бермоқда. Масалан, Чорвоқдаги баланд тоғли Чимён метеорологик станциясида 2021 йил биринчи марта чанг-бўрон ҳолати кузатилди. Олдин мазкур тоғда деярли бундай манзара бўлмаган.

Дунёда глобал иқлим ўзгариши таъсирида яйлов майдонларининг қисқариб, ўсимлик дунёси камайиши оқибатида ернинг мустаҳкамлиги пасайиб кетмоқда. Чўллашиш, тупроқ дегредацияси, узоқ муддатли ёғингарчиликсиз сабаб қуруқ кунлари бироз кучли эсган шамолга ҳам чанг кўтарилиши кузатиляпти. Илгари илдиз, ўсимлик қоплама борлиги учун ер сирти бироз мустаҳкам бўлган. Кейинги пайтларда эса иқлим исиши, чўллашиш юзага келиши натижасида чанг билан боғлиқ қатор муаммолар туғилмоқда.

Чанг ҳам табиий, ҳам антропоген омил туфайли юзага келади. Углерод оксиди, азот кабилар инсон таъсирида, яъни саноат корхоналари, автомашиналардан чиқаётган зарарли моддалар ҳисобига тўғри келади. Шаҳарлашиш жараёнларининг тезлашиши ҳам ҳаво ифлосланишини сезиларли даражада кучайтиради» — деди у.

«Табиатга душмандек муомала қиляпмиз»

Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси, экофаол Ботир Қобиловга кўра чанг-тўзон кўтарилишига дарахтлар кесилиши асосий сабаб эмас.

«Чанг-тўзоннинг кўтарилишига дарахтларнинг кесилишини асосий сабаб сифатида кўрсата олмайман. Лекин нафақат дарахтларни қақшатқич равишда кесиш, балки умуман табиат, атроф-муҳитга нописанд муомала қилишимиз натижасида мана шундай табиат ҳодисалари кузатилаверади.

Гарвард университети докторанти Ботир Қобилов (ўнгда)

Гарвард университети докторанти Ботир Қобилов (ўнгда)
Фото: Spot / Евгений Сорочин

Шу кунларда Ўзбекистонда рўй бераётган ҳолатда шаҳар экотизими чанг ва тупроқларни ўз ичига «ютиб» юбориши, шаҳар аҳолиси учун табиий фильтр ролини бажариши керак эди. Табиий фильтр ва чангларни юмшатувчи омиллар ичига дарахтлар, яшил боғлар ва, албатта, сув ҳавзалари киради.

Лекин биз охирги пайтларда табиатга ҳам, дарахтларга ҳам, кўлларимизга ҳам худди душман каби муомала қиляпмиз. Мамлакат бўйлаб, хусусан, шаҳарларимизда дарахтларни кескин равишда кесиб юборяпмиз, боғларни йўқ қилиб, мавжуд кўлларни қуритяпмиз ва улар ўрнида қурилиш ишларини амалга оширяпмиз.

Кўпчилик дарахт экишни биринчи ўринда қилиниши керак бўлган иш деб айтади. Бу фикрга бироз қўшилмайман. Чунки дарахт экиш билан иш битмайди. Чап қўл дарахтни кесаётган ёки уни кестиришга имзо чекаётган бир пайтда, ўнг қўл билан дарахт экиш орқали кўзланган натижага эришиб бўлмайди, назаримда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда дарахт экиш яхши йўлга қўйилмаган. Шу пайтгача ҳар йили миллионлаб дарахтлар экиляпти, аммо вақт ўтиб, кўпи қуриб кетмоқда. Ахир уларни парвариш қилиш, суғориш ҳам керак-ку. Шунинг учун дарахт экиш баҳонасида бюджет пулларини исроф қилинишидан хавотирдаман. Мавжуд дарахтларни кесишни бас қилсак, уларга эътибор қаратсак, шунинг ўзи жуда катта ютуқ бўларди».

«Ҳар бир дарахтнинг ғамхўри бўлиши керак»

Қобилов ечим сифатида ўз таклифларини билдирар экан, фуқаролар амалдорлардан ижобий ҳаракат кутиши нотўғри эканлигини айтди.

«Ўзбекистонда ҳаво сифатини яхшилаш учун авваламбор қонун устуворлиги зарур. Атроф-муҳит давлат муҳофазасида бўлиши лозим. Дарахтни кесиш, аҳолига тегишли бўлган шаҳар боғларига, кўлларга эгалик қилиб, бетон қуйишга ҳеч кимнинг қонуний ҳам, маънавий ҳам ҳаққи бўлмаслиги керак. Дарахтлар, кўллар, боғлар давлат бюджетига тўғридан-тўғри пул олиб келмас экан, деган фикрда уларни яксон қилмаслигимиз лозим.

Кесилган дарахтлар

Кесилган дарахтлар
Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Амалдорлардан амалий нажот кутиб, ‘Қачон бизга ҳавони яхшилаб беришар, қачон дарахтларни чопишни тўхтатишар ёки қачон табиатни қўриқлашар экан’, деган умид билан яшаш нотўғри. Агар ҳар бир фуқаро дарахтлар, боғлар ва яшил майдонларнинг аҳамиятини тушунишни бошламаса ва улар учун жавобгарликни ҳис қилмаса, бу муаммони ҳал қилиш мушкул бўлади.

Энг аввало, шаҳардаги ҳар бир дарахт ўз паспортига ва харитадаги жойига эга бўлиши зарур. Аҳоли ўз уйлари (бизнеси, мактаби ва ҳ.к.) яқинида ўсаётган дарахтларни ‘асраб олиши’ ва уларни суғориш, тўғри парвариш қилиш мажбуриятини олишлари мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир дарахтнинг унга ғамхўрлик қиладиган, айниқса, занжирли бензоаррали одамлардан ҳимоя қиладиган кишиси бўлиши керак.

Тошкент ва унинг аҳолиси Амир Темур майдонида юз йиллик дарахтларнинг қандай кесилганини унутмаган ва унутмайди. Бир ёки бир нечта одамнинг буйруғи ва истак-хоҳиши билан бир неча авлодлар учун тоза ҳаво ва соғлиқни таъминлаган экотизим бузилганда биз жим турмаслигимиз, бундай сценарийлардан қочишимиз керак», — деди тадқиқотчи.

«Замонавий дунёдагиси анча хавфли»

Биология фанлари доктори (PhD) Бахтиёр Абдуғафур ҳозирги қум бўронларининг аввалгиларидан анча хавфли эканлигини таъкидлади.

«Қум бўронлари илгари ҳам вақти-вақти билан бўлиб турган. Унутилган. Лекин замонавий дунёдагиси анча хавфли. Нега? Сабаби бу чанг-тўзонлар орасида тузлар ҳам учади, миқдори ҳам анча юқори. Қум-чанг зарарли бўлмаслиги мумкин, лекин туз учса ёмон.

Аввало, ўсимлик ва дарахтларнинг баргини қоплайди, зарарлайди, қуритади. Қишлоқ хўжалиги муҳим соҳа ҳисобланган Ўзбекистон учун бу жуда жиддий ҳолат. Бу сафаргисида омадимиз сал келди. Баҳор ёки ёзда эмас, кеч кузда, ўсимликлар уйқуга ҳозирлик кўраётган бир вақтда.

Биолог олим Бахтиёр Абдуғафур

Биолог олим Бахтиёр Абдуғафур
Фото: Шахсий архивдан

Мазкур муаммо олимлар томонидан анча йиллар аввал башорат қилинган, кўплаб илмий ишлар олиб борилган, ишланмалар таклиф этилганди. Биринчиси, туз учадиган ҳудудларда ўша минтақа ўсимликларини экиш, иккинчиси, тузни учмайдиган ҳолатга ўтказиш.

Тахминан, ўн-ўн беш йиллар аввал чўл ўсимлигини қумда ўстириш, ўша ўсимликни бактериялар билан озиқлантириш биотехнологияси ишлаб чиқилган, лекин ишланмалар лабораторияда қолиб кетаверди.

Тузлар ёки оғир металларни бактерия полимерлари ёрдамида «қотириш» (ютиш) ишлари ҳам олиб борилган. Бу жараёнда қўлланадиган биологик воситаларнинг фундаментал натижалари илмий нашрларда ҳам эълон қилинган.

Бу тузли чанг-тўзонлар ҳали кўп ўзини эслатади. Қайси фаслда қўзғалишига қараб хавф кўлами турлича бўлади. Агар баҳор ёки ёзнинг бошида бўлса, унда иқтисодий зарари жуда катта бўлади. Бутун бошли далалардаги ўсимликлар, дарахтлар хавф остида қолади. Жиддий масала шуки, биз потенциал туз захираси марказида жойлашганмиз», — деди олим.

«Келажакда кўп юзлашамиз»

Биолог муаммонинг ечими борлигини билдирди.

«Юқорида айтганимдек, муаммо бир кунда юзага келгани йўқ. Ечими бор, яна янгилари таклиф этилиши мумкин бўлган ҳолда эскиларини назардан четда қолдирдик.

Фото: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Ечим илмий асосланган. Биринчидан, бир йиллик, арзон тушадиган ўсимлик қопламини ҳосил қилиш. Ўсимликлар номенклатураси, чўлда озиқлантириш биотехнологияси мавжуд. Иккинчидан, ўша тузларни арзонга тушадиган биоматериаллар (олиш усули маълум) билан қотириш. Эсдан чиқармайлик, бу каби экологик таҳдидлар бор ва биз келажакда кўп юзлашамиз», — деди Бахтиёр Абдуғафур.

Қайси ҳудудларда чанг миқдори кўп ошади?

«Ўзгидромет» таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда 2018–2020 йиллар давомида транспорт воситаларидан ажралиб чиқадиган заҳарли моддалар миқдори 14 фоизга, турғун манбалардан чиқадиган заҳарли моддалар миқдори эса 62 фоизга ўсган. Оғир металлар ишлаб чиқариш ва қурилишда ишлатиладиган газлар ҳам шаҳарнинг ифлосланиш даражасини оширган.

Гидрометерология марказининг мониторинг хизмати раҳбари Марина Плоценнинг айтишича, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошишига автотранспорт кўпайиши, қурилиш, дарахтлар кесилиши ва йўл чети ишларига ёмон муносабатда бўлиш каби омиллар сабаб бўлмоқда.

«Атмосферага энг кўп зарарли ташланма чиқарувчи ҳудудлар Навоий (диоксид азоти бўйича) ҳамда Олмалиқ (олтингугурт диоксиди бўйича) шаҳарлари ҳисобланади. Нукус, Урганч, Бухоро, Гулистон ва Тошкент шаҳарларида эса метеорологик шароитлар ҳамда географик жойлашиш ҳисобига чанг миқдорининг ошиши кўп кузатилади.

Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва чангларни аҳоли саломатлигига зарарли таъсирини камайтириш учун шаҳарлардаги майсазорларни ўз вақтида суғориш ҳамда йўлларга тез-тез сув сепиб бориш лозим. Зарарли моддалардан ўзини ўзи тозалаш қобилиятига эга дарахт ва бута турларидан фойдаланиб, парклар ҳамда мавзеларни яратишга эътибор қаратиш зарур.

Шунингдек, автотранспорт воситаларидан чиқадиган чиқиндиларни камайтириш мақсадида экологик тоза транспорт турларини кенг жорий этиш ва тегишли инфратузилмани яратиш керак. Энергияни тежайдиган қурилмалардан фойдаланиш, турар жой биноларининг энергия самарадорлигини ошириш юзасидан аҳолининг хабардорлигини ошириш ҳам ижобий натижа беради», — деди Марина Плоцен.

«Экотизим учун даҳшатли хавф-хатарлар туғдириши мумкин»

«Ҳаво ифлосланиши дунёда ўлимнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлган 106 та мамлакат ичида 2020 йилда 18-ўринда қайд этилган. Мамлакатда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ЖССТ тавсия этган меъёрдан уч баравар юқори эканлиги аниқланган. Биринчи учликни Бангладеш, Покистон, Ҳиндистон эгаллаб келмоқда.

Экожурналист Наргис Қосимова

Экожурналист Наргис Қосимова
Фото: Шахсий архивидан

Мазкур кўрсаткичдан билиш мумкинки, бугун юртимизда тоза ҳаво масаласи жуда долзарб ва бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш керак. Агар бу жиддий муаммога қарши курашишга бироз кечиксак, кун сайин ифлосланаётган ҳаво экотизим учун даҳшатли хавф-хатарлар туғдириши мумкин. Тошкентда кузатилган ҳодиса ҳам иқлим ўзгаришининг бир кўриниши.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари анъанавий автомашиналардан воз кечиб, электромобилларга ўтяпти. Масалан, Хитой ҳам ҳавонинг ўта ифлосланишидан азият чекиб, касалликлар кўпайишини кўрганидан кейин катта пул сарфланса ҳам тезкорлик билан электромобилларни кўпайтирмоқда.

Ўзбекистонда эса бунинг акси, яъни бензин ёқилғиси билан ҳаракатланадиган янги-янги русумдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Биз ҳам электромобилларга ўтишимиз ва уларнинг сонини оширишимиз зарур.

Бундан ташқари, йирик корхона ва заводларга замонавий фильтрлар ўрнатиш керак. Аммо юқори самарали чанг-газ тозалаш ускуналари катта маблағ талаб қилгани боис бу иш амалга оширилмайди. Лекин аҳолининг катта-катта корхоналардан чиқаётган заҳарли моддалар билан яшаётгани бировнинг ичини ачиштирмайди, амалдорларни ўйлантирмайди. Дарахтларнинг ёппасига ҳатто мораторий даврида ҳам аямай кесилиши жуда аянчли манзара. Амалдорларнинг мақсади нима эканини ҳеч тушунмайман! Ҳудудларда яшил зоналар ташкил этиш орқали ҳам табиатга тоза ҳаво улашиш мумкин», —  дейди экожурналист Наргис Қосимова.

294 та чанг-газ тозалаш ускунаси модернизация қилинади

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили Одилбек Камилбеков ҳавони ифлослантириш ҳолатларига қарши кўрилаётган чоралар ҳақида гапираркан, у шундай деди:

«Яқинда 2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасидаги йирик саноат корхоналарида чанг-газларни тутиб қолиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Дастур бўйича 53 та корхонада 294 та чанг-газ тозалаш ускунаси модернизация қилинади. Корхоналар ҳудуди ва унга туташ жойларда чанг-газларни ўзида тутиб қолувчи йирик баргли дарахтлар экилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ёқилғи сифатини ошириш бўйича Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан ишлар бошланган.

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги томонидан қарор лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Унда жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш орқали шахсий автомашинада кам ҳаракатланиш ёки воз кечиш чораси киритилган. 2025 йилгача электробусларни ташкил қилиш ва кўпайтириш кўзда тутилган. Мазкур чоралар ҳам атмосферага зарарли газлар чиқарилишини камайтиришга хизмат қилади», — деди у.

Ҳар йили 7 миллион одам вафот этади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўлим ҳолати бўйича дунёда учинчи ўринда туради.

Чанг билан қопланган шаҳар. Тошкент шаҳри Паркент кўчасидаги чорраҳа.

Чанг билан қопланган шаҳар. Тошкент шаҳри Паркент кўчасидаги чорраҳа.
Фото: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

ЖССТ таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ҳар йили ҳаво ифлосланиши бутун дунё бўйлаб етти миллиондан ортиқ кишининг барвақт ўлимига олиб келади. ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг сўзларига кўра, ифлосланиш бутун дунёда одамлар саломатлигига хавф солади, аммо даромад даражаси паст ва ўртача бўлган мамлакатлар аҳолиси энг кўп азоб чекади.

Болаларда ҳаво ифлосланиши оқибатида ўпкалар ривожланиши ва ишлашида бузилишлар, нафас йўллари инфекциялари, астма кучайиши келиб чиқиши мумкин, дейилади ташкилот сайтида. Катталарда ҳаво ифлосланишидан келиб чиқадиган ўлимларнинг энг кўп тарқалган сабаблари орасида юрак ишемик касаллиги ва инсульт бор.

Энг майда қаттиқ заррачалар ўпкага ва қонга чуқур кириб бориб, респиратор ва юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқариши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, 2019 йилда Ер аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи ушбу зарралар концентрацияси тавсия этилган даражадан ошадиган ҳудудларда истиқомат қилган.

Тадқиқотларга кўра, ҳавоси энг ифлос қитъалар деб Африка ва Осиё ҳудудлари топилган. Мазкур икки қитъада ҳавонинг ифлосланиш даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёридан беш баравар кўп.

Ҳавонинг ифлосланиш даражаси оғир бўлган мамлакатлар сирасига Шимолий Африка, Ҳиндистон, Бангладеш, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари кирган.

Европа, АҚШ, Канада, Мексика, Бразилия, Австралия ва Африка жанубидаги давлатларда охирги 10 йилликда бу борадаги вазият анча яхшиланган. Ушбу мамлакатлар атмосфера чанг ва токсинларга қарши зарур чора-тадбирларни амалга ошириши яхши самара берган.

Миролим Исажонов тайёрлади

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Дарё» кундалигида 9 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Қозоғистон Россияга зирҳли техника жўнатиши ҳақида хабарлар тарқалди (видео)
Маданият
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл янги ҳужжатли фильмда Елизаветта II ни масхаралаб, қироллик оиласи аъзоларини ирқчиликда айблади (видео)