Ҳар йили 5 ноябрь кечаси Буюк Британияда «Гай Фокс кечаси» (шунингдек, «Гулханлар кечаси», «Порох фитнаси» номи билан танилган) нишонлаб келинади. 1605 йилнинг ушбу санасида бир гуруҳ католик исёнчилар Лондондаги Буюк Британия парламентини портлатишга уринган. Шу куни протестант қирол Яков I нутқ сўзлаши, Лордлар палатаси биносида эса парламентнинг иккала палата аъзолари ва олий суд вакиллари бўлиши керак эди. Аммо портлаш амалга ошмаган. Узоқ режалаштирилган иш нима ёки ким сабабли барбод бўлган? «Дарё» шу ҳақида ҳикоя қилади.

«Порох фитнаси»

1605 йилги «Порох фитнаси» — бу инглиз қироли Яков I ни ўлдирмоқчи бўлган бир гуруҳ шахсларнинг омадсиз уринишидир. Монархни ўлдириш мақсадида парламент биносини портлатиб юбориш режалаштирилган. Портлаш шу йилнинг 5 ноябрида, қиролнинг тахтга ўтириши муносабати билан сўзлайдиган нутқи вақтида амалга оширилиши керак эди.

XXI аср тарихчилари ушбу фитнани террорчилик акти деб баҳолашни маъқул кўради, аммо уларнинг мақсади кўпроқ давлат тўнтаришини ёдга солади.

Темза дарёси бўйида жойлашган Британия парламенти биноси

Фото: Wikiwand

Фитна фош этилгач, инглиз парламенти 5 ноябрни давлат байрами сифатида нишонлаш тўғрисида қонун қабул қилган. Мазкур байрам 1859 йилга қадар нишоналган. Ҳозирда эса «Гай Фокс кечаси» ёки «Гулхан кечаси» байрамини нишонлаш анъанага айланган: мушакбозлик остида фитнанинг энг машҳур иштирокчиси Гай Фокснинг рамзи сифатида эски кийимлар кийгизилган қўриқчи ёқиб юборилади.

Гай Фокс ким?

Унинг фитна содир этилгунига қадар бўлган ҳаёти ҳақида деярли маълумот йўқ. У дворянлар оиласида туғилган, ўқимишли, кўринишидан пулга муҳтожлиги бўлмаган. Католик эътиқодида бўлган Фокс фитнанинг бошида турмаган ва қиролга ҳужум ташаббускори ҳам эмас, аммо айнан унга Лондондаги Лордлар палатаси биноси остидаги порохли хонага элтувчи пиликни ёқиш топширилган. 1605 йилнинг 5 ноябрида у шу ерда қўлга олинган. Бу унинг исми фитна рамзига айланиб қолишига сабаб бўлган.

Гай Фокс иллюстрацияси

Фото: Wikipedia

Қиролнинг кўрсатмасига биноан Фокс қийноқларга солинган, шундан сўнг у ҳамтовоқларини сотган ва улар ҳам тез орада қўлга олиниб, 1606 йилнинг 27 январида бўлиб ўтган очиқ судга топширилган. Фитначиларнинг барига, жумладан, Фоксга ҳам осиш, ичак-чавоғини олиш ва бўлакларга бўлиб ташлаш жазоси тайинланган. 31 январь куни амалга оширилган қатл вақтида Фокс бўйнида ситрмоқ билан жаллод кундасидан бор кучи билан сакраши натижасида бўйни синиб, вафот этган. Бу орқали у қийноқли ўлим жазосидан қутулиб қолган.

Воқеанинг боши қаерга бориб тақалади?

Фитна манбалари ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Шубҳасиз, фитначиларининг асосий мақсади қирол Яков I ни йўқ қилиш бўлган, аммо уларнинг кейинги режалари номаълум.

Ўша вақтда католиклар ҳукмронлик қилган мамлакатда протестантлар ҳаракати куч тўплай бошлаган. Инглиз католиклари тахтга келиши мумкин бўлган шотланд қироли Яков VI га умид боғлаган (шундан сўнг у Яков I га айланган), аммо у нафақат католиклар тарафдорига айланган, балки очиқчасига протестантликка мойиллигини билдирган ва ҳатто католикларга нисбатан қатор зуғумларни ўтказган (1604 йил охирида бир қанча кўргазмали қатлларни амалга оширган).

Буюк Британия қироли Яков I

Фото: Autogear

Тарихчилар юзлаб йиллар давомида фитначиларнинг мақсади монархнинг ўлдириб, унинг ўрнига қизи — малика Елизаветани ўтқазиш ва шу орқали ҳукмронликни католикларга қайта топшириш бўлган деб ҳисоблаб келган. Кейинроқ эса фитначилар иезуитларни (реаксион католик монахлар ташкилотининг аъзолари) қоралаш ва шу орқлаи протестантлик дини позициясини мустаҳкамлаш бўлган деган гипотеза ҳам тарқалган.

Фитначилар ва фитнага тайёргарлик

Жиноий тўдага даставвал беш киши аъзо бўлган — Роберт Кейтсби, Томас Уинтер, Томас Перси, Жек Райт ва Гай Фокс. Кейинроқ уларга яна камида саккиз киши келиб қўшилган. Фитначилар Лордлар палатаси яқинида жойлашган уйдаги хонани ижарага олиб, шу орқали туннел қазишни режалаштирган. Аммо тез орада Томас Перси Лордлар палатаси биносининг бевосита зали остидаги бинони ижрага олишга муваффақ бўлган.

Фитначилар Лондоннинг Ламбет туманидан Темза дарёсининг қарама-қарши қирғоғига қадар ҳеч қандай қийинчиликсиз ва шубҳа уйғотмасдан қайиқда 36 бочка қора порохни ташиб ўтган. Кейинроқ у ўтин ва кўмир ниқоби остида ижарага олинган хонага жойлаштирилган. Портлашга тайёрланган порохнинг умумий оғирлиги 2,5 тоннага яқин бўлган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу парламент биносини тўлиқ яксон қилишга, шунингдек, унинг яқинидаги Вестминистер аббатлиги биноси ва 800 метр радиусдаги уйларнинг ойналарига шикаст етказиши мумкин.

Фоксдан бошқа барча фитначилар католиклар позицияси кучли бўлган Уоркшир графлигига йўл олган. 5 ноябрь кечаси Лондонда фақат Фокс қолиши керак эди. Белгиланган соатда у ертўлага тушиб, пиликни ёқиши, кейин эса қайиққа ўтириб, Темза орқали мамлакатдан чиқиб кетиши лозим бўлган.

Гай Фокс

Фото: Wikipedia

Фитнанинг фош этилиши

Портлашни амалга ошириш учун кўпчилик жалб этилгани, сир сақланган маълумотларнинг тарқалиши асосий сабаби бўлган. Расмий версияга кўра, 1605 йилнинг 26 октябрида парламентнинг очилиш маросимида иштирок этиши керак бўлган католик лорд Монтигл у ерга бормаслик тавсия этилган аноним хат олган. Тарихчиларнинг тахминича, хат муаллифи фитначилардан бири Фрэнсис Трешем ёки портлашдан хабар топиб, миллат қаҳрамони ва ҳукуматдан мукофот олишни истаган лорд Монтиглнинг ўзи бўлиши мумкин.

Хатдан хабар топган фитначилар ўз режаларини барибир амалга оширишга қарор қилган, чунки Гай Фокс тайёрлаб қўйилган портловчи моддаларни яхшилаб текшириб чиққан ва унга тегилмагани, яъни ҳокимият уни топа олмагани тўғрисида хулосага келган.

Пиликни ёқишга уринаётган Гай Фокс иллюстрацияси

Фото: Foxtonprima

Бу вақтда Монтигл хатни давлат котиби граф Солсберига, у эса қиролга кўрсатган. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси парламент биноси яхшилаб текшириб чиқилган ва ярим тунда ертўлада Фокс топилган; унинг ёнида пиликлар ва соат топилган. Ертўлани текшириш давомида кўмир уюмлари остида яширинган порохли бочкалар мавжудлиги аниқланган.

Оқибат

«Порох фитнаси» фош этилгач, Англияда католикларнинг шундоқ ҳам танг аҳоли янада ёмонлашган: орадан 200 йил ўтгачгина улар протестантлар билан деярли бир хил ҳуқуққа эга бўлган. Портлашнинг олдини олишда ёрдам кўрсатган лорд Монтигл эса 500 фунт маблағ ва 200 фунт даромад келтирувчи мулк билан тақдирланган.

Барчага таниш бўлган Гай Фокс ниқоби

«Аноним ниқоб», «Вендетта ниқоби» ёки шунчаки «V ниқоби» номи билан машҳурликка эришган Гай Фокс ниқоби — 2000 йиллар охири ва 2010 йиллар бошида коррупцияга қарши курашнинг, Ғарбдаги ҳукуматлар ислоҳотларига қаршиликни билдирувчи машҳур атрибутга айланган. У биринчи бор «V — вендетта дегани» комиксида пайдо бўлган, уни ўзини V деб таништирган бош қаҳрамон тақиб юрган. Ниқоб ва образ муаллифи — комикс иллюстратори Дэвид Ллойд ҳисобланади. У Гай Фокснинг суратларидан илҳомланган.

Комикс иллюстратори Дэвид Ллойд томонидан яратилган Гай Фокс ниқоби

Фото: Goodfon

Гай Фокс ниқоби фойдаланувчининг анонимлигини билдирадиган энг машҳур мемга айланиб улгурган. The New York Times маълумотларига кўра, Rubies Costume компанияси томонидан бир йилда 100 мингдан ортиқ, Британиянинг ўзида эса 16 минг шу турдаги ниқоблар сотилган. Харидлар сони бўйича ниқоб Бетмен ва Гарри Поттер ниқобларини ортда қолдириб, рекорд ўрнатган.

Гай Фокс расман террорчи бўлса-да, 2002 йилда у BBC томонидан тузилган Британиянинг энг буюк шахслари рўйхатига киритилган эди.