Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистоннинг барча туман, (шаҳар)ларида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг баҳолаш рейтингини эълон қилди, деб хабар беради ЎзА.
Агентлик томонидан республиканинг барча туман, (шаҳар)ларида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилган. Бу ўз навбатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва натижага эришишда ҳар бир раҳбарнинг ҳиссасини аниқ белгилаш имконини бермоқда.
Рейтинг натижалари очиқ, агентликнинг «Argos.uz» портали «Рейтинг» саҳифасига жойлаштирилган ва у қуйидаги қисмлардан иборат:
- натижадорлиги юқори ҳудудлар;
- кўрсаткичлари энг юқори туман (шаҳар)лар;
- ҳудудлардаги кўрсаткичлари энг қуйи туман (шаҳар)лар;
- ҳоким ўринбосарларининг ЭМСК бўйича рейтинги.
Ҳозирда вилоятларнинг топ туманлари рейтингида Навоий вилояти етакчилик қилаётган бўлса-да (87), энг охирги поғонани Сурхондарё вилояти эгаллаган (66). Ҳудудларда кўрсаткичлари энг юқори туман (шаҳар)ларининг умумий рейтингига (98,2) Қоровулбозор тумани етакчилик қилмоқда.
Ҳудудларда кўрсаткичлари энг қуйи туман (шаҳар)ларининг умумий рейтингининг бошидан Сариосиё (60,8), Чироқчи (64,2), Бўстонлик туманлари ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар лавозимини сайланадиган қилиш таклифи билан биринчи марта 2016 йил декабрида чиққанди. 2017 йил августида у ҳокимларни халқ томонидан сайлаш тизимини «ҳозироқ» жорий этишга тайёрлигини билдирган.
2020 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари Ўзбекистон ҳокимларни сайлаш тизимига ўтишини яна бир бор таъкидлаган. Шу билан бирга, ривожланиш даражаси «қониқарсиз» ҳамда «ўрта» деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилиши маълум қилинган. Яъни уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.
Изоҳ (0)