Сахий ва қувноқ инсон Билл Гейтс бутун дунёга шахсий компьютерлардан қандай фойдаланишни ўргатди ҳамда бир неча йил жаҳоннинг энг бой инсонлари рўйхатида етакчилик қилди. Катта бойлик тўплаш осон иш эмас, албатта, аммо уни сақлаб қолиш ва кўпайтириш янада қийинроқ. «Дарё» инсоният тарихидаги энг муваффақиятли ишбилармонлардан бири ҳисобланувчи миллиардер Билл Гейтс муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ёшлик
Билл Гейтс 1955 йил 28 октябрь куни АҚШнинг Вашингтон штатида жойлашган Сиэтл шаҳрида таваллуд топади. Унинг отаси Уильям Ҳенри Гейтс адвокат, онаси Мэри Максвелл Гейтс бир неча йирик компанияларнинг директорлар кенгашида ишлаган ишбилармон эди. Ота-онасининг фамилияларидан ҳам билиш мумкинки бўлажак даҳо бир неча миллат: немис, шотланд ва инглиз қонига эга бўлган.Билл Гейтснинг компьютерга бўлган қизиқиши болаликдан бошланади. У ўқиган мактаб — «Лейксайд» Сиэтлдаги энг имтиёзли таълим муассасаси эди. Мактабнинг ота-оналар қўмитаси болалар учун ўша даврлардаги камёб техника ҳисобланмиш компьютер терминалини сотиб олади. Шундан сўнг информатикага қизиқувчи Билл компьютер билан кўпроқ шуғулланиши учун математика дарсларидан озод қилинади.
Кейинроқ Билл ва дўстлари пулли компьютер клубларида кичик ҳакерлик амалиётларини қила бошлашади. Улар пулга олинувчи компьютер вақтларини туганмас қилиб қўяди. Ҳайрон бўлган клуб эгалари бунинг сабабига қизиққанида ёшларнинг компьютер вақтини чўзувчи дастур ёзгани аён бўлади. Ёш ҳакерлар клубдан ҳайдаб юборилади, аммо улар тушкунликка тушмайди. Улар клубга компьютерлардаги заифликларни топиб бериш хизматини таклиф қилади.
Ўрта мактабдаги йилларда Билл келажакдаги ҳамкори Пол Аллен билан дўстлашади. Улар биргаликда кўча ҳаракатини тартибга солувчи ва транспорт муҳандислари учун ҳисоботлар тайёрловчи дастур яратади ҳамда дастурни тарқатиш учун Траф-о-Дата деб номланган компания тузади. Бу дастур унинг муаллифларга йигирма минг доллар даромад келтиради.
Дунёнинг энг нуфузли университетидан кетиш
Мактаб давридаёқ дастурлаш бўйича бир неча нуфузли жойларда ишлаган Билл Гейтс 1973 йил дунёнинг энг нуфузли олийгоҳи ҳисобланувчи Ҳарвард университетининг юридик факультетига ўқишга киради. Билл бу ерда дастурий таъминот бўйича янги билимларни олмоқчи эди, аммо кейинроқ у фан назариясидан кўра амалиётга кўпроқ қизиқа бошлайди ва дарсларни кўп қолдирувчи тартибсиз талабага айланади. Дўсти Аллен билан янги ишни бошлаган Гейтс ота-онасининг қаттиқ хафа бўлишига қарамай иккинчи курслигида жаҳоннинг энг обрўли олийгоҳи Ҳарвардни тарк этади.Microsoft
Олий маълумотнинг йўқлиги Биллнинг муваффақиятга эришишига тўсқинлик қилмайди. 1975 йили Биллнинг дўсти Пол Аллен Micro Instrumentation and Telemetry Systems (MITS) компанияси янги авлод Altair 8800 компьютерларини ишлаб чиқара бошлаганидан хабар топади. Дўстлар бу компьютерларни бошқарувчи BASIC дастурини яратмоқчи эди. Ёш Билл компания билан ҳамкорлик қилиш учун ташкилот бошқарувчиси Эд Робертсга қўнғироқ қилади. Эд билан суҳбатдан кўп ўтмай дўстлар компаниянинг дастурий ҳамкорига айланади.Аллен ва Гейтс дастлаб ўзларининг янги дастурловчи компанияларига «Аллен ва Гейтс» номини қўйишни режалаштиради. Аммо кейинроқ юқори технологиялар бозорига тўғри келмаслиги сабаб бу номдан воз кечилиб, иш берувчининг номи ҳам қатнашган янги ном танланади — Micro-Soft (Microprocessors and Software). Бир йилдан кейин чизиқча олиб ташланиб, Microsoft савдо белгиси рўйхатдан ўтказилади. Шу тариқа дунё компьютер саноатида инқилоб ясовчи компания ташкил топади.
Тез орада MITS ўз фаолиятини тўхтатади, аммо Microsoft бу вақтда ўзининг янги буюртмачиларига эга бўлиб улгурганди. Commodore, RadioShack ва Стив Жобснинг Apple компаниялари Microsoft’нинг ҳамкорларига айланади.
Янги инновацион тузилмани ривожлантириш ишлари бошланади. Аллен техник масалалар билан, Гейтс эса шартномалар, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш ва бошқа бизнес ишлари билан шуғулланади. Саъй-ҳаракатлар натижасида 1977 йили ўша даврдаги асосий операцион тизим бўлган CP/M тизимининг илк рақобатчиси бўлмиш Microsoft Fortran тизими яратилади.
Microsoft 1980 йилда компьютер бизнесининг «акуласи» ҳисобланувчи IBM билан келишув тузишга эришади. Аллен ва Гейтс IBM’нинг янги компьютерларига компаниянинг олдинги ҳамкори Digital Research’дан кўра қулайроқ тизимни таклиф қилади.
Шартномадан кўп ўтмай Microsoft, 1990 йил ўрталарига қадар компьютерлар учун асосий операцион тизим бўлган МС-DОС операцион тизимини компьютер бозорига киритади.
1985 йилда эса Аллен ва Гейтс барча рақобатчиларидан график дизайн жиҳатдан фарқ қилувчи Windows тизимини яратади. Шундай қилиб компьютер саноати тарихида Windows эраси бошланади. Янги тизим 1993 йил учинчи авлод Windows 3.1 ишлаб чиқилгандан сўнг тез оммалаша бошлайди.
Microsoft анча ривожланиб фонд бозорига чиқади. Компания акциялари нархи кескин ошиб, Билл Гейтс бир неча ой ичида миллиардерга айланади. Кейинги йилларда компания ўзининг позициясини мустаҳкамлаб боради. Аллен 1983 йилда соғлигидаги муаммолар сабаб лавозимидан кетади, бироқ компания директорлар кенгашида қолади.
Apple’нинг Macintosh тизими билан бўлган рақобатида Билл Гейтс Стив Жобс компаниясидан анча илгарилаб кетади. 1988 йилга келганда Microsoft аллақачон дунёдаги энг йирик компьютер дастурларини ишлаб чиқарувчи компания бўлади. Орадан ўн йил ўтиб эса Билл Гейтс сайёранинг энг бой одамлари рўйхатида биринчи ўринга чиқади.
Microsoftни тарк этиш
Билл Гейтс 2000 йили Microsoft бош директори лавозимидан кетади, аммо директорлар кенгашидаги ўрнини сақлаб қолади. 2020 йилда эса Гейтс Microsoft’даги фаолиятини деярли бутунлай якунлаб, директорлар кенгаши аъзолигидан ҳам чиқади. Бугунги кунда тадбиркор кенгаш раисининг маслаҳатчиси сифатида пул ишлаб топади. Microsoft’дан кетгандан сўнг Билл асосан хайрия ишлари билан шуғуллана бошлади.Microsoft’дан ташқари Гейтс Corbis (расм, видео ва бошқа мультимедиа маҳсулотларини лицензиялаш билан шуғулланган) ва bgC3 (асосий вазифаси тадқиқот ҳамда таҳлиллар) компанияларига ҳам асос солади.
Ижтимоий фаолият
Билл хайрия ишлари учун янги жамғарма ташкил қилади. Миллиардер ва унинг рафиқаси дунёдаги энг йирик хайрия ташкилоти — «Билл ва Мелинда Гейтс фонди» асосчиларига айланади. Фонд миллатидан қатъи назар, барча муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва яхшилаш, шунингдек, қашшоқ мамлакатларда очликни енгиш каби муаммоларга эътибор қаратади.Тадбиркор ер юзида экологик хавфсизликни сақлашнинг қаттиқ тарафдорларидан бири. У Марк Цукерберг билан ҳамкорликда тоза энергия манбайини яратиш учун хусусий сармояларни излаш ва жалб қилиш билан шуғулланувчи «Breakthrough Energy Coalition» жамғармасини ташкил қилган. Шунингдек, миллиардер «ақлли шаҳар» қуриш, атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорини камайтиришга таъсир кўрсатадиган муқобил энергия манбаларини яратиш каби сўнгги инновацияларга сармоя киритмоқда. Билл Гейтс сўнгги йилларда фаоллашган сунъий гўшт ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлайди.
Коронавирус пандемиясидан кейин Гейтс вакцинация жараёнини кенг ёйишга даъват қилди ҳамда ўзи ҳам вакцина яратиш устида ишлаётган компанияларга йирик сармоя киритди. Ҳаттоки миллиардерни коронавирусни яратишда айбловчи фитна назариялари ҳам пайдо бўлди. Гейтс бу айблов рад этишнинг ўзи аҳмоқона иш дея ҳисоблашини билдирди.
Китоблар
Ёшлигида жуда шўх бўлган, дунёнинг энг нуфузли университетини ташлаб кетган ва охир-оқибат дунёнинг энг бой инсонига айланган Билл Гейтс ҳаёти кўпчилик учун қизиқ эканлиги, шубҳасиз. Гейтснинг ўз ҳаёт қоидалари баён этилган «Олдинга йўл» (The Road Ahead ) асари 1995 йил нашр қилинади. Тез орада бу китоб The New York Times’нинг бесцеллер китоблари рўйхатидан жой эгаллайди.Миллиардернинг яна бир дунёга машҳур китобларидан бири «Бизнес: фикр тезлиги» (Business @the Speed of Thought) асаридир. Йигирма беш тилга таржима қилинган бу китобда миллиардер бизнес муаммоларини ҳал қилиш учун компьютер технологияларидан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида сўз юритади.
2021 йили пандемиядан сўнг Гейтс яна экология муаммоларига қайтади ҳамда «яшил мавзу»га бағишланган «Иқлим фалокатидан қандай қилиб қочиш мумкин» (How to Avoid a Climate Disaster) асарини ёзади.
Шахсий ҳаёт
Билл Гейтснинг шахсий ҳаёти кўплаб миллиардерларникидан фарқли равишда ягона аёл билан боғланганди. 2004 йилда Мелинда Френч билан турмуш қурган Гейтс хотини билан биргаликда фаол хайрия ишларини олиб боради. 2005 йили Times журнали Билл ва Мелинда Гейтсни «Йил одамлари» деб топади. Оила биргаликда уч фарзанд катта қилган. Афсуски, 2021 йилнинг баҳорида бир неча йиллик турмушдан кейин жуфтлик ажралишларини эълон қилди.Forbes журнали маълумотларига кўра, 2016 йилда Билл Гейтснинг бойлиги 90 миллиард долларга етган ва дунёнинг энг бой одамлари рейтингида етакчилик қилган. Кейинги йил эса бу ўринни ундан Amazon сайти асосчиси Жефф Безос тортиб олади. Бугунги кунда компьютер олами даҳосининг бойлиги 130 миллиард доллар атрофида баҳоланади.
Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади
Изоҳ (0)