Артур Григорян профессионал рингда ўзининг натижалари билан турли стереотипларни бузиб юборди ва тарихда ўз номини қолдира олди.

Фото: Getty Images

Артур Григорян 1967 йил Тошкентда арман оиласида дунёга келди. У ҳаваскор боксдаги фаолияти давомида СССР халқлари Спартакиадаси (1991), МДҲ чемпионати (1992) ғолиби бўлган ва 1991 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиққан.

Григорян 1978 йил, 11 ёшидан бокс билан шуғулланишни бошлади. У 1990 йилда АҚШнинг Сиэтл шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада ғолиб бўлади. Ушбу турнирда Артур бўлажак афсоналар Шейн Мосли ва Хулио Гонсалесни мағлуб этади. 1992 йилда МДҲ чемпионатида ғолиб бўлган боксчи қўшма терма жамоа билан Барселонадаги Олимпия ўйинларида қатнашди.

1994 йилда Артур профессионал боксда ўз юришини бошлади. 1996 йилда енгил вазн тоифасида WBO камарига эга чиқди ва 2004 йилга қадар уни 17 марта муваффақиятли ҳимоя қилди. 2004 йилнинг январида фаолиятидаги ягона мағлубиятни қабул қилиб олган Григорян чемпионлик камарини бой бериб қўйди. Ўша йили Артур сентябрь ойида яна бир жанг ўтказиб, уни ғалаба билан якунлади ва шундан кейин қўлқопларини михга илди.

Қуйида 54 ёшни қарши олган афсонавий боксчининг бир неча йил аввал берган интервьюси ўзбек тилида тақдим этилади.

Боксга қандай кириб келганлиги ҳақида

Синфдошим ва дўстим Валера мени боксга олиб кирган. Бу воқеа 1978 йилда, биз 5-синфда ўқиб юрган вақтимиз юз берганди. У икки ҳафтадан буён боксга бораётгани ва мен ҳам у билан боришимни таклиф қилди. Мен эса барабанга қизиқишимни, мусиқачи бўлмоқчи эканлигимни айтдим. Айтганча, мен ҳали ҳам арман барабанини чалиб тураман. ‘Ҳеч бўлмаса томоша қиласан…’, — деди ўртоғим. Балки бу тақдирдир, машғулотларни томоша қилиш учун бордим. Жуда ҳам озғин бола эдим. Мактабда мени ҳамма ‘скелет’ деб атарди. Ёнимга мураббий Лев Аҳмаджонов келди ва: ‘Бокс ёқяптими?’ — деб сўради. Мен эса: ‘Ҳа, ёқяпти’, — дедим. Шундан сўнг у менга шуғулланиб кўришни таклиф қилди. Рози бўлдим ва эртасига ота-онам билан бирга ташриф буюрдим. Шу тариқа 1978 йил 24 декабрда бокс ҳаётимга кириб келди. 1985 йилга қадар Аҳмаджонов қўл остида шуғулландим. 18 ёшимда ҳарбий хизматга кетдим ва у ерда икки йил давомида ‘СКА’ спорт клубида машғулотларни давом эттирдим.

1987 йилда СССР терма жамоасига қабул қилиндим. У ерда Мехак Казарян, Константин Цзю, Орзубек Назаров каби ажойиб боксчилар билан бирга шуғулландим.

Жиддий ғалабалар ҳақида

Илк медалимни кечроқ — 1990 йилда қўлга киритдим. Албатта, ҳечдан кўра кеч. 1987—1989 йилларда уч марта медалдан қуруқ қолганман. 1990 йилда СССР чемпионати финалида Мехак Казарянга мағлуб бўлиб, кумуш медал соҳиби бўлган эдим. У СССРнинг бир неча карра чемпиони, СССР халқлар Спартакиадаси чемпиони, Европа чемпиони, Жаҳон чемпионати совриндори эди. Мехак доим мен учун ажойиб боксчи бўлган. Ўша йилнинг ўзида у бошқа бир мусобақа ярим финалида машҳур боксчи — Олимпиада чемпиони, Жаҳон ва Панамерика ўйинлари чемпиони, Жаҳон Кубоги соҳиби кубалик Хулио Гонсалесга ютқазган эди. Мен эса ярим финалда америкалик Шейн Мослини мағлуб этгандим. Финалда Гонсалес билан тўқнаш келдим. Бор имкониятимни ишга солиш учун рингга чиқдим. Якунда ғалаба қозондим. Бу мен ва терма жамоа учун улкан натижа эди. Ҳакам ғолиб номини аниқлаш учун иккаламизнинг ҳам қўлимиздан ушлаб турган лаҳзани эслайман. СССР терма жамоасининг катта мураббийи Константин Копцев менга ҳаммаси зўр дегандек ишора қилди. Наҳотки, ғалаба қозондим? Ўшанда еттинчи осмонда учган эдим.

Кейинчалик, 1991 йилда Қозонда бўлиб ўтган СССР чемпионатида маҳаллий боксчи Айрат Ҳаматовга ютқаздим ва иккинчи ўринни эгалладим. Агар мусобақа Ўзбекистонда ўтказилганда ғалабани менга беришарди, чунки иккаламиз тенг жанг қилдик. Кўпинча мезбон спортчиларга медаллар топширилади. Июль ёки август ойида Минскда СССР халқлари Спартакиадаси бўлиб ўтди. Ярим финалда Казарянни енгдим ва СССР чемпионатидаги вазият учун жавоб қайтардим. Финалда эса Ҳаматов устидан ғалаба қозондим ва йил бошидаги мағлубият учун ундан ҳам қасос олдим.

1991 йил ноябрь ойида Австралияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг иккинчи жангидаёқ Гонсалес билан тўқнаш келдим. Бу сафар ҳам ғалаба қозондим. Финалга қадар етиб бордим. Ҳал қилувчи жангдаги рақибим германиялик Марко Рудольф эди. Афсуски, мағлуб бўлдим.

1992 йилда биринчи ва охирги марта МДҲ чемпионатида ғалаба қозондим. 1992 йилги Барселонада бўлиб ўтган Олимпиадада эса қўшма терма жамоа таркибида бокс бўйича атиги икки спортчи медал олган. Мен улар орасида эмасдим.

Фото: Getty Images

Боксни ташламоқчи бўлгани, лекин аксинча, профессионал боксга қадам қўйгани ҳақида

Олимпиададан қайтгач, боксни ташлаш ҳақида ўйлай бошладим. 1993 йилда 63,5 кг вазн тоифаси бўйича Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилиндим. Ўшанда менинг вазним 60 кг эди. Финляндияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатига йўл олдим. Учинчи босқичда франциялик боксчига мағлуб бўлдим. Кейинчалик Германиядан таклиф олдим. У ерда мавсум ноябрдан мартга қадар давом этарди. Собиқ ГДРнинг Ҳалл шаҳрига бордим ва у ерда кўзимни юмган ҳолда барча жангларда ғалаба қозондим. 1992/1993 йилги мавсумни у ерда ўтказдим. Келаси мавсум ҳам Германияда бўлдим ва барча жангларни ютдим. Ўшанда мен ҳақимда газеталарда ‘Қирол Артур’ деган сарлавҳада мақолалар жойланарди.

Айнан ўша вақтларда бўлажак промоутерларим Петер Кол ва Петер Ҳанратс ёнимга келиб, профессионал боксчилар орасида чемпионга айланишим мумкинлигини айтди. Улар менга яхшигина маош ваъда қилди. Ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан шартнома имзоладим.

1994 йил февраль ойида ҳаваскор боксдаги фаолиятимни якунладим ва профессионал боксга қадам қўйдим. Тўртинчи жангимдаёқ Германия чемпионига айландим. Саккизинчи жангим эса WBO камари учун кечган эди (Артур Григорян 1995 йил 1 апрелда италиялик Антонио Страбеллога қарши жанг қилади ва WBO камарини қўлга киритади).

Фото: Getty Images

Ғалабадан сўнг 18 марта чемпионлик жангида иштирок этгани ҳақида

Ҳаммаси бўлиб 19 марта чемпионлик жангида иштирок этдим ва уларнинг 18 тасида ғалаба қозондим. 18 танинг 7 тасида жанг 12-раундгача давом этган. Қолган барча ғалабаларни нокаут орқали қўлга киритганман.

Ҳар бир чемпионлик жангини батафсил гапириб бера олишим мумкин. Лекин энг биринчиси, шуҳрат келтиргани, номимни танитгани менда энг чуқур таассурот қолдирган.

Ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпиони бўла олмагандим, лекин профессионал боксда кутилмаганда чемпионга айландим. Ҳеч қачон профессионал боксчи бўламан деб ўйламаганман. Нафасим фақат 3 раундга етади деб ҳисоблардим.

Камарни беш марта ҳимоя қилганимдан сўнг жароҳат олдим ва операцияни бошдан ўтказдим. Шундан сўнг мени тўхтатиб қолишга уринишлар бўлди. Олтинчи марта камарни ҳимоя қилиш учун Марко Рудольфга қарши рингга чиқдим. Олтинчи раундда уни нокаутга учратдим. Олий даражадаги мураббийларим бор эди, уларни дунёнинг энг кучли мураббийлари деб ҳисоблайман. Фриц Здунек ака-ука Кличколарни ва польшалик Дариуш Михалческийни шуғуллантирган. У билан ҳеч қачон низога бормаганмиз.

Рекорд қайд этиш учун яна бир марта камар ҳимояси етишмагани, ўша вақтдаги жаҳон бокс юлдузи Аселино Фрейтасга ютқазгани ҳақида

Жуда ҳам чарчагандим. Унинг устига илк бор Америкага боришга тўғри келган. Рақибим -59 кг вазндан менинг тоифам — -61 килограммга ўтган. Унга осонроқ бўлган, мен эса вазн ташлагандим. Ундан ташқари, мен 37 ёшда, у эса 28 ёшда эди. Ёш ҳам кўп нарсани ҳал қилиб беради. Тезлик борасида унга ютқаздим. Операциядан кейин деярли бир йил мобайнида жангларда қатнашмагандим. Шу тариқа унга мағлуб бўлдим.

Фото: Getty Images

Мураббийлик фаолияти ҳақида

Профессионал боксдаги фаолиятимдан мамнунман. Фаолиятимни якунлагач, бўш қолмадим. Америкадаги мағлубиятдан сўнг уйга қайтдим ва тўққиз ой танаффус қилдим. Шундан сўнг венгриялик Васил Ҳертегга қарши рингга чиқдим. Бу мен учун фаолиятимдаги охирги жанг эди. 2004 йил 11 сентябрда бўлиб ўтган жангда ғалаба қозондим. Шундан сўнг промоутерлар мени хонасига чақирди. Ичкарига кирсам, у ерда Петер Кол, клубимиз директори ва бошқа раҳбарлар ўтирибди. ‘Артур, сен фаолиятинг давомида жуда кўп ишлар қилдинг. Лекин ишон, энди сен аввалги Григорян эмассан. Сенга яхши нарсаларни раво кўрамиз. Гарчи нокаут билан ғалаба қозонган бўлсанг ҳам услуб биз билган Артурники эмасди. Энди барчасига якун ясаш керак. Сенга нимадир керак бўлса, ёрдам берамиз’.

Бутун умрим давомидаги барча саволларга ўзим жавоб топганман. Ўтирдим ва нима билан шуғулланиш ҳақида бош қотирдим. 26 йил давомида бокс билан шуғулландим, боксдан бошқа қайси касб ҳақида тушунчам бор? Петер Колга мураббий бўлмоқчилигимни айтдим. У эса Здунекка қўнғироқ қилди: «Фриц, Артур бугундан бошлаб сенинг ёрдамчинг. Қачонки уни тайёр деб ҳисобласанг, кейин унга ҳам шогирд берамиз». Шундан буён мураббий бўлиб ишлаб келяпман. Мураббийликнинг ҳам ўзига хос сир-асрорлари бор. Қайси бола билан қандай ишлаш ҳақида билишинг зарур.

Фото: Getty Images

Ёш спортчиларга маслаҳатлари

Ҳар бир инсон ҳаётнинг ҳар қандай вазиятида ўз характерини намойиш этади, ўз ‘мен’ини кўрсатади. Оилада ҳам характер кўрсата олиш лозим, рафиқанг ва фарзандларинг буни билиши учун. Боксда ҳам ўзингни тарбиялаш — жуда муҳим нарса. Зарба ўтказиб юборсанг ҳам ўзингга бўлган ишончни йўқотмаслигинг керак. Акс ҳолда, рақибинг сендан янада устунроқ бўлиб бораверади. Ҳаётда ҳам шундай. Характер — энг муҳими. Мен энг зўриман дея олмайман, лекин энг зўри бўлишга интилганман. Буни 18 марта исботлай олганман.

Артур Григорян