Украина президенти Владимир Зеленский Грузиянинг собиқ президенти, Украина фуқароси Михаил Саакашвилининг Тбилисида ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоровга таяниб, «Интерфакс» хабар берган.

Михаил Саакашвили

Фото: Shutterstock

«Биз Украина ислоҳотлар миллий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Михаил Саакашвилининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни диққат билан кузатмоқдамиз. Президент Владимир Зеленский Грузиядаги вазиятнинг қай тарзда ривожланиши ҳақида янграётган хабарлар ва баёнотлар оҳангидан хавотирда », — деб ёзди Никифоров Facebook’да.

«Украина Грузия томонига мурожаат қилиб, Украина фуқаросига нисбатан бундай қадам қўйилишнинг барча ҳолати ва сабабларини тушунтириб беришни сўрайди», — дея қўшимча қилди у.

Никифоровнинг сўзларига кўра, Украинанинг Грузиядаги элчихонасига ҳозирча Саакашвилининг ҳибсга олингани ҳақида расмий маълумот келмаган, бироқ консуллар унга зарур ёрдам кўрсатишни аллақачон ўз зиммасига олган.

Украина Олий Радасидаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамиянинг фикрича, Тбилисида Саакашвилининг ҳибсга олингани жиддий дипломатик низога сабаб бўлиши мумкин.

«Менимча, бу жиддий дипломатик низога сабаб бўлади, чунки у Украина фуқароси ва уларнинг Саакашвилини асоссиз ҳибсга олишга ҳаққи йўқ. Фикримча, дам олиш кунлари ўтгач, бу вазият халқаро миқёсда, албатта, таҳлил қилинади. Бизнинг Грузия билан дўстлик гуруҳимиз бор ва парламентлараро даражада ҳам бу масалани ҳал қилиш керак, деб ҳисоблайман», — деган Арахамия.

Грузиянинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвилининг маълум қилишича, Саакашвили афв этилмайди.

«Қонун олдида ҳамма тенг. Кўп одамлар Саакашвилига президент раҳм-шафқат кўрсатадими, деб сўрамоқда, жавоб битта. Оддий ва узил-кесил — йўқ, ҳеч қачон», — деди Зурабишвили хоним брифингда.

Аввалроқ у Саакашвилининг Грузияга ташрифи ҳақида ёзма баёнот бериб, унинг қайтиши «мавзусини такрорлаганлар» мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштираётганини таъкидлаганди.

Грузия прокурори Жаржи Тциклаури ҳам Саакашвилига нисбатан чиқарилган ҳукм устидан шикоят қабул қилинмаслигини айтди. «Михаил Саакашвили Валерий Гелашвилини калтаклаш ва Сандро Гиргвлианини ўлдириш жиноятлари бўйича учта суд ҳукми билан айбдор деб топилган. Жазо сифатида у олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Мазкур ишлар юзасидан суд қарорлари якуний ва шикоят қилинмайди », — деди у.

1 октябрь куни Саакашвили Грузияга келганини маълум қилди. Уни ҳибсга олишни ваъда қилган Грузия ҳукумати аввалига собиқ президентнинг мамлакатга қайтганини расман тасдиқламаганди. Кейинроқ мамлакат бош вазири собиқ президентнинг ҳибсга олинганини эълон қилди.

Саакашвили ҳибсга олинганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда у Украина Олий Радасининг «Халқ хизматкори» партияси депутати Елизавета Яско билан оила қуришга қарор қилгани ҳақида видеохабар пайдо бўлди. Жуфтлик иштирокидаги видео ҳам Яско, ҳам Саакашвилининг аккаунтларида эълон қилинган. Видео олдиндан ёзиб олинган ва Саакашвили ҳибсга олинган тақдирда улар буни интернетга жойлаштиришга келишиб олган. Айни пайтда видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

«Биз бу видеони Грузияга жўнаб кетишдан олдин тасвирга олдик. У Грузия ва Украина бирга экани ҳақида. Биз ҳибсга олиш юз берган тақдирда бу видеони чиқаришга келишиб олдик. Мен ва Лиза биргамиз. Украина Грузияни қўллаб-қувватлайди! Ҳаммаси яхши бўлади! Кураш эркинлик учун», — дея  видеога изоҳ берган Саакашвили.

1 октябрь куни Саакашвилининг рафиқаси Сандра Элисабет Rulofs ижтимоий тармоқларда турмуш ўртоғи ўз ваъдасини бажариб, Грузияга қайтгани ҳақида ёзди. У мазкур ҳаракатни «қаҳрамонлик ва зукколик» деб атади ва мухолифат тарафдорларини 2 октябрь куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловларда овоз беришга чақирди.

«Ягона миллий ҳаракат» (ЙМҲ) партиясининг норасмий раҳбари Саакашвили 2 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда агар ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси 43 фоиздан кам овоз тўпласа, буни муддатидан олдин парламент сайловини тайинлашга асос бўладиган реферундум деб ҳисоблашини айтган.

Ушбу шарт 2021 йилнинг баҳорида Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишелнинг воситачилиги билан ҳукмрон партия ва мухолифат вакиллари ўртасида имзоланган Сиёсий инқирозни бартараф этиш тўғрисидаги битимга киритилган эди.

ЙМҲ шартномани имзолашдан узоқ вақт бош тортди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг позицияси туфайли, июль ойи охирида «Грузия орзуси» шартномадан чиқди ва ҳукмрон партия муниципалитет сайловларида 43 фоиз овоз тўплай олмаган тақдирда, муддатидан олдин парламент сайловини тайинлаш шарти ўз кучини йўқотганини билдирди. Сентябрь ойи бошида ЙМҲ шартномани имзолаётганини эълон қилди. Шунга қарамай, «Грузия орзуси» улар бу масалага қайтиш ниятида эмаслгини, келишув энди ҳақиқий ҳисобланмаслиги ва муддатидан олдин парламент сайловлари белгиланмаслигини қайд этди.