Андижон вилоятининг Андижон туманида 22 сентябрь куни автоҳалокатга учраган Tracker’да 3 нафар талаба йигит вафот этди, яна бир киши тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Фото: Telegram

Маълум қилинишича, 22 сентябрь куни соат 02:30 ларда 21 ёшли ҳайдовчи А.А. бошқа шахсга тегишли бўлган Tracker автомашинасини Андижон тумани «Жаҳонобод» МФЙ ҳудудида ҳайдаб кетаётиб бошқарувни йўқотган ва Боғишамол айланма ҳаракатининг бетон тўсиғига урилган. Оқибатда ҳайдовчи ҳодиса жойида вафот этган.

Шунингдек, автомашина салонида бўлган 21 ёшли А.П., 20 ёшли А.Ю. ва унинг тенгдоши бўлган I.А. тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан А.Ю. ва I.А. шифохонада вафот этган.

Автоҳалокат оқибатида вафот этган йигитларнинг барчаси Андижон тиббиёт институти 3-курс талабалари бўлган.

Воқеа жойи Андижон туман прокурори иштирокида, туман ИИБ бошлиғи, туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ва ЭКБ мутахассислари томонидан кўздан кечирилиб, бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда ишга алоқадор далилий ашёлар олинган. Шунингдек, марҳумларнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизалари тайинланган.

Ҳолат юзасидан 22 сентябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Андижон туман ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, Андижон вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Бундан аввал Tacuma машинасида йўловчи сифатида кетаётган «Халқ сўзи» газетаси журналисти Саид Маҳсумов автоҳалокатга учраб, вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ЙТҲда ҳайдовчи ва яна икки йўловчи ҳам вафот этганди.