«Соғлом турмуш тарзи» платформасига оид 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларига пул тўлашни вақтинча тўхтатди, дея хабар қилмоқда Туризм ва спорт вазирлиги.

Фото: «Дарё»

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 253-сонли қарорига мувофиқ, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича «Соғлом турмуш тарзи» платформаси, яъни www.1hls.uz веб-саҳифаси ҳамда мобил иловаси ишга туширилганди.

Мазкур платформа бўйича 2021 йил 10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 миллиард сўм маблағлар тўлаб берилди.

Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга қўшимча равишда 1 миллион сўм тўланиб, 2021 йил июнь–август ойлари давомида жами 206,7 миллион сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилди.

Туризм ва спорт вазирлигининг Молия вазирлиги ғазначилигида очилган шахсий ғазна ҳисоб варағига тушадиган тегишли даромадлар манбаларининг бир меъёрда доимий тушиш имконияти чеклангани инобатга олиб, мазкур шахсий ғазна ҳисоб варағида 500 миллион сўмдан кам маблағ қолса, мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар, ушбу шахсий ғазна ҳисоб варағида 5 миллиард сўмгача маблағ йиғилгунга қадар автоматик тарзда тўхтатилиши белгилаб қўйилган.

Бунда, шахсий ғазна ҳисоб варағидаги маблағлар 5 миллиард сўмга етгунга қадар мобил иловада ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга тўланадиган тўловлар тўланмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, 2021 йил 14 сентябрдан бошлаб мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилди.

Бундан аввал Ўзбекистон аҳолиси июль ойида пиёда юриш орқали қарийб 69 млн сўм ишлаб топгани ҳамда Ўзбекистонда июнь ойида энг кўп пиёда юрган деб топилган фуқаро 1,8 млн сўм билан мукофотлангани ҳақида хабар берилганди.