Қашқадарёда алимент қарздорлигини ундириш учун келган МИБ ходимига фаол қаршилик кўрсатган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда МИБнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Э.С. исмли фуқаро собиқ рафиқаси З.Раҳмонованинг бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун июнь, июль ва август ойларига алимент пулларини тўламагани сабаб қарздорлиги қарийб 2 миллион сўмга етган.

Шундан сўнг МИБ ходимлари Раҳмонованинг мурожаати асосида 24 август куни собиқ турмуш ўртоғининг алимент қарздорлигини ундириш мақсадида унинг уйига борган. Қарздор ҳамда унинг онасига суд қарорида кўрсатилган талаблар тушунтирилиб, қарздорликни бартараф этишлари, акс ҳолда қарздорлик унинг мол-мулки ҳисобидан ундирилиши такроран айтилган.

Қарз тўланмаганидан сўнг, эркакнинг уйидан бир дона 32 дюймли рангли телевизор хатлаб чиқилаётган вақтда қарздор ва унинг оила аъзолари ижро ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатган. Ножўя сўзлар билан ходимларни ҳақорат қилиб, уларнинг қўл, юз ва танасининг турли қисмларига енгил тан жароҳати етказиб, темир бўлаги билан урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Э.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода қарзни ундиришга келган МИБ ходимини калтаклаган корхона раҳбари жавобгарликка тортилгани, Тошкентда МИБ ходими икки йилда 596 млн сўмни ўзлаштириб юборгани, Андижонда МИБ ходимини дўппослаган фуқарога суд ҳукми ўқилгани, Сирдарёда МИБ ходимини калтаклаган ота-ўғил судлангани тўғрисида хабар берилганди.