АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгач, мамлакатда америкалик солиқ тўловчилар пулига харид қилинган ўн минглаб машиналар қолиб кетди. Washington Post’нинг ёзишича, армия ихтиёрида 76 мингта автомобиль, жумладан, 43 мингта Ford Ranger пикапи, 22 минг Humvee йўлтанламаси ва 900 га яқин MRAP зирҳли машинаси бўлган. Аммо автомобилларнинг 70 фоизини америкаликлар маҳаллий ҳарбийларга топшириб кетган, деб хабар беради Motor.

Фото: Cpl Trent A. Randolph

Америка ҳарбийларнинг Афғонистонда бўлган даврида бюджетдан 83 миллиард доллар ажратилган ва бу маблағларнинг учдан бир қисми транспорт, тегишли қурилмалар ва транспортировкага сарфланган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Кеннет Маккензининг сўзларига кўра, Кобулдан америкалик ҳарбийларнинг эвакуацияси якунланишидан олдин 70 та зирҳли техника, 27 та Humvee йўлтанламаси ва 73 та самолёт ишдан чиқарилган.

Шунга қарамай, қатор техникалар аэропорт ишини таъминлаш мақсадида, масалан, ўт ўчириш машиналари ва юк ташигичлар соз ҳолатда қолган. Американинг сўнгги самолёти Афғонистон ҳаво маконини 30 август куни тарк этган.

АҚШ президенти Жо Байден 23 август куни АҚШнинг Афғонистондаги миссияси давомида 2448 нафар америкалик ҳалок бўлганини маълум қилганди. У ҳар куни талафотлар статистикаси билан танишиб чиқишини айтганди. «Бу қоғозчани ҳар куни ўзим билан олиб юраман — унда 2448 америкалик ҳалок бўлиб, 20 722 нафари яралангани қайд этилган», — деган эди сиёсатчи.