2021 йилнинг ёзида америкалик 12 ёшли болакай Абҳиманю Мишра шахмат бўйича гроссмейстер унвонига эга бўлди ва россиялик Сергей Карякиннинг 18 йиллик рекордига чек қўйди. АҚШнинг The New York Times нашри шахматчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан амалга оширилаётган айрим айёрликларни очиб берган The Dark Side of Chess: Payoffs, Points and 12-Year-Old Grandmasters (Шахматнинг қоронғи томони: пора, очко ва 12 ёшли гроссмейстерлар) номли мақолани эълон қилди. «Дарё» ушбу мақолани ўзбек тилида тақдим этади.

Фото: The New York Times

Сергей Карякин учун фақат битта ўйин қолганди ва унда нима қилиб бўлса ҳам, ғалаба қозониш керак эди.

Кўринишидан имконсиз нарсанинг ўзи йўқдек. Бунинг устига рақиб ҳам мусобақада энг паст рейтингга эга бўлган иштирокчи. Карякин ўша пайтда шахмат вундеркинди эди ва 12 ёшу 7 ойлик вақтида тажрибали шахматчи ҳисобланарди. Уни тарихдаги энг ёш гроссмейстер унвонидан атиги беш дақиқа ажратиб турганди.

Бу ном (гроссмейстер) унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборарди. Шахматда фақат юқори ўттизталикдаги дона сурувчиларгина яхши карьерага умид қилиши мумкин. Шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерга айланиш Карякинга ушбу дунёга кириш эшикларини очарди. Бу унвон унга шон-шуҳрат, корпоратив ҳомийлик ва йирик мусобақаларга таклиф этилиш йўлини ҳам очиб берарди. Ушбу ҳаётни нафақат, Карягиннинг ўзи, балки бошқа вундеркиндлар ҳам орзу қилган. Болаларнинг ота-оналари эса буни улардан ҳам кўпроқ хоҳлаган.

Аммо Карякин бунинг учун охирги партияда ғалаба қозониши лозим эди.

Бироқ бу сафар унинг истеъдоди камлик қилади. Деярли 60 та юришда Карякин рақиби Ирина Семёновани мураккаб ҳолатларга туширади. Аммо ҳар сафар рақиби бунга қарши ҳужум билан жавоб қайтаради. Карякин босим ўтказишда давом этади, аммо ўйин дуранг натижа билан якунланади.

Унвон, шон-шуҳрат деярли унинг чангалида эди, аммо кутилмаганда ҳаммаси изидан чиқа бошлади. Бироқ бўлажак гроссмейстер ва унинг жамоаси захирасида яна бир жасорат талаб этиладиган юриш қолганди.

Оталар, ўғиллар ва очколар

Шаҳар марказидаги шахматчилар. Украина. Киев

Фото: The New York Times

Шахмат гроссмейстери унвонини олиш учун ҳазилакам вақт сарфланмайди. Ҳатто энг ёрқин истеъдод эгаларига ҳам энг юқори ва орзу қилинган унвонни қўлга киритиш учун йиллар керак бўлади. Бунинг учун ўйинчилар савияси юқори бўлган мусобақалардаги ўйини туфайли юқори рейтингга эга бўлиши ва гроссмейстерлик меъёрини бажариши керак.

1950 йилда бу унвон расман жорий қилинганидан кейинги дастлабки ўттиз йил мобайнида гроссмейстерларни учратиш амримаҳол эди. Шахматчилар нафақат уларнинг исмларини, балки ўзига хос услубларигача ёдлаб олганди. Мусобақаларда эса улар том маънода юлдуз эди.

Ҳаммаси 1980 йилларда, Жаҳон шахмат федерациясининг (FIDE) шахмат ривожланмаган мамлакатларда бу спорт турини ёйишга қаратилган ҳаракатларидан сўнг ўзгарди. Ҳар бир мамлакатдан камида биттадан гроссмейстер бўлиши учун FIDE ўз талабларини юмшатади.

Ўзгаришлар туфайли унвонни қўлга киритиш осонроқ бўлиб қолади ва айни пайтда у ўзининг эксклюзивлигини ҳам йўқотади: 1950 йилдан бери 2000 га яқин ўйинчи гроссмейстерга айланди. Кейинчалик эса гроссмейстер унвони аста-секин буюк келажак гарови бўлишдан ҳам тўхтайди. Ёш ўйинчилар ва уларнинг камдан кам ҳолатларда енгиладиган ота-оналаридан ўзгачароқ нарса талаба қилина бошлаганди. Энг ёш гроссмейстер унвони эса ана шундай трамплинлардан бирига айланиб қолганди.

Карякин ва унинг отаси Александрга унвон чексиз истиқболни ваъда қилаётганди. Энг ёш гроссмейстерга айланган Карякин бир зумда Борис Спасский ва Бобби Фишер бир замонлар эга чиққан, шу билан бирга Гарри Каспаров, Магнус Карлсен каби жаҳон чемпионларига насиб этмаган натижани қайд этади. Бу ютуқ 12 ёшли Сергей Карякиннинг исмини оммалаштириб юборади ва у учун барча эшикларни очиб беради.

Карякин бутун умри давомида шу мақсад сари интилган. У 1990 йилда Симферополда туғилган. Беш ёшида у кунига олти соатлаб шахмат ўйнарди. Истеъдоди ва қатъияти туфайли у тезда Украинадаги энг истиқболли ёш шахматчиларидан бирига айланади.

Ўшанда унга ўз вақтида мамлакатнинг энг обрўли шахмат мактаби – «Момот» клуби кўз тикади. Мактаб Карякинни Украина шарқидаги занг босган саноат шаҳри Краматорскда ўз сафига қўшилишга таклиф қилади. Шундоқ ҳам Қримда оилани ҳеч нарса ушлаб турмаётганди, постсовет иқтисодиётининг вайроналарида кун кечириш учун Сергейнинг ота-онаси кўча тадбиркорларига айланади ва шахматчи ўғил ортидан кўчишга қарор қилади.

Украинадаги мусобақада ёш шахматчи очколар ва жадвалга қарамоқда

Фото: The New York Times

Карякинлар учун «Момот» клуби иқтисодий ўзгаришлар ва қароқчилар урушидан чарчаган мамлакатда имкониятлар ороли бўлиб хизмат қилади. Сергей келишидан олдин клуб чемпионлар ва гроссмейстерларни қатор-қатор етиштириб бераётганди. Бир пайтлар «Момот» клуби дунёнинг энг ёш ўн нафар гроссмейстерларидан учтасини ўз ичига олганди. Клубнинг биринчи юлдузи Руслан Пономарёв 2002 йилдан 2004 йилгача нокаут тизими бўйича жаҳон чемпиони ҳам бўлганди.

Карякин шахматчи сифатида тез ўсди ва мактаб юлдузларидан бирига айланди. Унинг муваффақиятлари ва отасининг мураббийлар билан мустаҳкам дўстлиги Карякинни мусобақаларда мактаб томонидан қўллаб-қувватланиб, ўсмирликдаги обрўйини мустаҳкамлаган.

Обрўли унвон ҳам фақатгина яхши ўйин орқали қўлга киритилавермайди. Ҳеч кимга сир эмаски, кўплаб шахматчилар меъёрни бажариш учун турнир ташкилотчилари ва ҳатто рақобатчилар билан ҳам келишиши мумкин.

Бу маданият Момот клубида ҳам илдиз отганди. Унинг кўплаб аъзолари гроссмейстерлик унвонларини Қримда Судак ва Алушта турнирларида қўлга киритган. Ушбу мусобақаларни «меъёр фабрикалари» деб ҳам аташган: атиги 1000 доллар эвазига ташкилотчилар у ёки бу шахматчининг меъёр учун етарли балл тўплашини назорат қилиб турган.

Аммо муваффақиятга эришишнинг бошқа нозик усуллари ҳам бор. Шахматчилар ва FIDE расмийлари билан ўтказилган интервьюларга кўра, келишилган ўйинлар ва нақд пулда пора олиш — кам бўлмаган ҳолат ҳисобланади. Статус, унвонлар кўп бўлган спорт турида ҳатто ўйинни ўзи хоҳлаган нархда ҳам сотиш мумкин.

Ҳозирда шахмат бўйича мураббий бўлиб ишлаётган халқаро тоифадаги мастер Михаил Зайцевнинг ҳисоб-китобига кўра, 1900 нафар тирик гроссмейстердан камида 10 фоизи ўз унвонини фирибгарлик йўли билан олган. Шахмат бўйича етакчи ҳакамлардан бири Шоҳреҳ Бая бу ҳақда очиқчасига гапиради. Унинг сўзларига кўра, келишилган ўйинлар – бу ҳийла. Баъзи даъвогарлар ҳатто шахмат доскасига ҳам ўтирмайди ҳам: мусобақалар фақат қоғозда ўтказилади.

Бу ҳафсаласи пир бўлган шахмат амалдорларига ҳам сир эмас.

«Менинг Паскуалес лақабли итим бор», – дейди FIDE вице-президенти Найжел Шорт. – Агар уриниб кўрсам, унга ҳам гроссмейстер унвонини олиб беришимга шубҳам йўқ».

Сотиб олинган партиялар

Лвовда Украина жамоавий чемпионати ўтказилмоқда

Фото: The New York Times

2002 йилда Карякин дунёнинг энг ёш гроссмейстерига айланган «Буюк ипак йўли» турнири Қора денгиз соҳилидаги мўъжаз Судак шаҳрида бўлиб ўтади. Беш кишининг интервьюсига кўра, у ерда ақл бовар қилмас даражада тартибсизлик юзага келган.

Ўша мусобақада Василий Малинин ғолиб бўлади, унинг қандай қилиб ғалаба қозонгани бошқа мавзу. Ўшанда ёш ўйинчи Александр Арешченко, Малинин унинг (Арешченконинг) онасига ўғли ўйинда ютқазиб бериши учун пул берганини айтганди. Яна бир шахматчи Назар Фирман ҳам пул олганини маълум қилган.

2020 йилнинг 22 ноябрь ойида вафот этган Малинин ҳар доим ғалабалар учун пул тўлаганини инкор қилиб келган. Аммо машҳур бўлмаган кичик бир шахмат сайтига жойлаштирилган мактубида у Судак турнирида ғайриоддий ролни ўйнаганини тан олган.

Унинг сўзларига кўра, «бериш»га рози бўлган партияси унинг ёдида қолган энг ёмон хотирадир. Малининнинг ўзи бу ҳақида шундай дейди:

«Семёнова билан кутилмаган дурангдан сўнг Карякиннинг энг ёш гроссмейстер бўлиши хавф остида қолади. Ўшанда Карякиннинг отаси Александр ўғли ютқазиб қўйган ўйинчиларга яқинлашиб, такрорий ўйин учун пул таклиф қилган. Фирманнинг айтишича, унга келишилган дуранг учун нақд пул таклиф этилган».

Малининнинг қўшимча очколари бор эди ва Карякин билан такроран ўйнашга рози бўлади. Шу билан бирга, у текинга рози бўлганини ва буни фирибгарлик деб ҳисобламаслигини таъкидлайди. Одатда олти соат давом этадиган ўйинни улар блиц-тезкор шахматдек тез ўтказади. Кутилганидек, Карякин ғалаба қозонади.

Бир неча дақиқадан сўнг янги гроссмейстер мусобақанинг асосий залига югуриб киради ва ўша пайтда Арешченко таъбири билан айтганда, «товусдек» порлаб, мағрурланади.

New York Times мухбири ушбу эпизод ҳақида сўраганида, Карякин бу тўғрисида отасидан сўрашини айтади. Аммо кейинчалик у билан алоқани узганини ва турнир ҳақида қўшимча маълумотга эга эмаслигини маълум қилади. Карякиннинг ота-онаси эса қўнғироқ ва ёзма хабарларга жавоб бермайди.

Карякин ғалабасининг мева бериши узоққа чўзилмайди. Келаси йили у Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлиб ўтган турнирга таклиф қилинади – уни «шахмат Уимблдони» деб ҳам аташади. Парижда у НАО номли нуфузли шахмат клубига ҳам қўшилади. Бир неча ой олдин Карякин Европадаги мусобақаларга автобусда борарди. Энди эса дунёнинг энг ёш гроссмейстер сифатида уни Мексика президенти кутиб олади.

«Мени таклифномаларга кўмиб ташлашган эди. Жуда машҳур бўлиб кетдим», – дея эслайди Карякин.

Дунёнинг энг яхши ўйинчилари билан рақобатлашаётган Карякин ривожланиб бораверди. 2005 йилнинг октябрига келиб, 15 ёшга тўлганида, Сергей аллақачон дунёнинг энг яхши 50 ўйинчиси қаторига кирарди. 2016 йилда Нью-Йоркда ўтказилган шахмат бўйича Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни олишига ҳам бир бахя қолганди. Бироқ ҳал қилувчи ўйинда тай-брекда ўша пайтдаги энг яхши ўйинчи саналган норвегиялик Магнус Карлсенга ютқазиб қўяди. Бироқ ҳозирда 31 ёшда бўлган Карякин 18 йилдан ортиқ вақт давомида тенгсиз унвонга эгалик қилган: дунёнинг энг ёш гроссмейстери.

Сергей Карякин 2016 йилнинг ноябрь ойида шахмат бўйича Жаҳон чемпионати вақтида

Фото: The New York Times

Шунга қарамай, Судак турниридаги ўчмас доғ ҳеч қаерга йўқолмаган. Шахмат оламида бу ҳақда миш-мишлар тарқалади, аммо ҳеч ким ҳеч кимни сув юзасига олиб чиқишни хоҳламаётгандек ҳиссиёт бор. Баъзи ўйинчиларнинг фикрича, Карякин гроссмейстерлик унвонини ҳалол йўл билан қўлга киритмаган, аммо начора, шахмат ҳаёти шундай.

Шахмат клубидаги Карякиннинг ундан кучлироқ ҳисобланган гуруҳдоши Арешченконинг айтишича, мураббийлар унга Сергейнинг вақтида энг ёш гроссмейстер унвонини олиши учун дуранг ўйнашни маслаҳат берган.

«Ростини айтсам, у унвонга лойиқ эмасди. Мен ундан кучлироқ ўйнаганман, лекин менинг ҳам унвонни қўлга киритишим қийин эди», – дейди Арешченко Карякин ҳақида.

Ўз интервьюсида Карякин пора таклиф қилганини ёки яширинча битим тузганини рад этади. Унинг сўзларига кўра, айнан Малинин унинг оиласидан ўйинни такрорий ўтказишга эмас, балки кечиктиришга рози бўлгани учун пул ундирмоқчи бўлган. Карякиннинг отаси гўёки пул тўлашдан бош тортганида, Малинининг жаҳли чиқиб, «ушбу гапларни ўйлаб топган».

«Ўшанда отам унинг олдига бориб, барибир ўйнашга тўғри келишини тушунтирган. Ҳеч ким ёш болалар билан музокара ўтказмайди», – дейди Карякин Малинин ҳақида.

Путин билан тантанали учрашув

Назар Фирман туғилган шаҳри Лвовда ўйин ўтказмоқда

Фото: The New York Times

Аксарият шахматчилар яширинча тузилган битимларни ҳеч кимга зарари тегмайди деб ҳисоблайди. Аммо Карякиннинг фаолияти бошқаларга ундай эмаслигини исботлаб берди.

Айтишларича, меъёрларни ҳалол йўл билан бажарган ўйинчилар йиллар давомида гроссмейстер унвонини ололмайди, демак, улар учун юқори эшелонга бўлган эшик ёпиқ. Масалан, Фирман бир неча бор профессионал шахматдан воз кечган, чунки у бу билан қорин тўйғиза олмаган. Карякиннинг «Момот» шахмат клубидаги собиқ тенгдошларидан яна бири ҳозирда Skype’да дарс ўтиб, тирикчилик қилади. Қолганлари ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларнинг гавжум залларида кичик совринлар учун курашади.

Карякинда эса ҳаммаси кўнгилдагидек. 2009 йилда Россия президенти Дмитрий Медведев унга фуқаролик беради. 2014 йилда Карякин Қримнинг Россияга қўшиб олинишида очиқчасига Россия томонни қўллаб-қувватлади ва ҳатто Қримда Владимир Путиннинг портрети туширилган футболкада суратга тушади.

2016 йилда Путин мамлакати доимо шахматга «юқори устуворлик» билан қараганини ва шахмат ҳар вақт мамлакатга ёрдам берганини таъкидлайди. Бироқ шахмат тожи 2007 йилдан бери Россиядан узоқда бўлиб турибди. Ўша йили Владимир Крамник совринни ҳиндистонлик Вишванатан Анандга ютқазиб қўйган. Карякин эса уни қайтаришга ваъда берганди.

Бу йўлда у ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Россия корпорациялари Карякинни даромадли шартномалар билан таъминлайди – шундан фақат биргинаси унга 300 минг доллар келтиради. Унинг иштирокидаги реклама баннерлари эса бутун Москва бўйлаб пайдо бўлади, у энг машҳур ток-шоуларга таклиф қилинади, хуллас, таниқли одамга айланади. У ўзига менежер ёллайди ва кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олади. Кўп ўтмай эса Москва ташқарисидаги энг обрўли ҳудуддан уй ва ҳайдовчиси билан Mercedes’га эга бўлади.

2017 йилда Путин ҳатто Карякинни ўз қароргоҳига ҳам таклиф қилади. Путиннинг биринчи саволи шундай бўлган: «Сиз 12 ёшингизда гроссмейстерга айлангансиз, шундайми?»

«Ҳа. Мен энг ёш бўлганман», – деб жавоб беради Карякин.

“Дарё” изоҳи. Сергей Карякин август ойида Сочида ўтказилаётган 2021-йилги FIDE Жаҳон Кубогида финалга чиқди. У ҳал қилувчи босқичда полшалик Ян-Кшиштоф Дудага қарши дона суради.

Муносиб ворис

Абҳиманю Мишра 12 ёш-у 4 ой 25 кунлигида энг ёш гроссмейстер рекордини янгилади

Фото: The New York Times

Бироқ июнь ойининг охирги кунида, ўша муҳим турнирдан 18 йил ўтиб, Карякин бутун бошли фаолиятини бошлаб берган унвонидан маҳрум бўлади.

Тарихдаги энг ёш гроссмейстер унвонини ундан Нью-Жерси штатидан (АҚШ) бўлган Абҳиманю Мишра исмли болакай олиб қўяди. У 12 ёш-у 4 ой 25 кунлигида Карякиннинг рекордини икки ойга янгилайди. Мишра ва унинг отаси ҳам ушбу ютуқнинг худди Карякин билан бўлган каби, ўзлари учун ҳам муҳим воқеа бўлишидан умидвор эди.

Бундан йигирма йилдан кўпроқ вақт олдин Карякиннинг ота-онаси сингари Мишранинг отаси ҳам кўп нарсани хавф остига қўяди. Унинг сўзларига кўра, ўғлининг унвони 270 минг долларга тушган, у ҳатто шахмат орзусини рўёбга чиқариш учун интернетда хайрия маблағларини ҳам йиғган. Пулга сотиб олиш мумкин бўлган кичик имтиёзлар – яхшироқ тайёргарлик, кучсиз рақобат ва қулайроқ жадвал, мақсад сари қадам ташланганда ўз таъсирини кўрсатган.

Карякинни ўз кумири деб биладиган Мишра 2020 йилнинг кузи ва 2021 йилнинг баҳорида Шимолий Каролина штатининг Шарлотта шаҳрида ўтказилган бешта турнирда иштирок этади, лекин бирорта ҳам меъёрни бажара олмайди. Карякиннинг рекордини янгилаш муддати яқинлашгач, у отаси билан Будапештга жўнаб кетади ва у ерда кетма-кет 8 та мусобақа ўтказади.

Бу мусобақаларда меъёр «овчилар»и ташкилотчиларга пул тўлайди, улар эса ўз навбатида гроссмейстерларга. Бу мутлақо қонуний йўл бўлиб, профессионал шахматда кенг тарқалган. Аммо сифат даражаси бошқача: Будапештдаги мусобақаларда Мишрага рақиблик қилган ўйинчиларнинг ўртача рейтинги Шарлоттадагидан деярли 50 баллга паст эди.

FIDE президенти Аркадий Дворкович интервьюсида бу турнирларни спортга хос эмас деб атаган. Чунки иштирокчилар орасида узоқ вақтдан буён формасини йўқотган, ғалаба қозониш учун ҳеч қандай иштиёқи бўлмаган ёши катта гроссмейстерлар кўп эди. «Менинг мотивациям жуда паст», – дея тан олганди гроссмейстерлардан бири Войтцех Плат.

Бундан ташқари, Будапештдаги турнирларда Мишра бир хил рақибларга қарши қайта-қайта ўйнайверган, шу туфайли уларнинг тактикаси ва услубини ҳам ўрганишга муваффақ бўлган.

Венгриялик гроссмейстер Габор Наги Будапештда 6 та турнирда Мишрага қарши ўйнайди (Шарлоттада бирорта гроссмейстер кетма-кет 3 та турнирдан кўпроқ ўйнамаган). Улар ўйинларнинг бирида ўн тўртинчи, иккинчисида еттинчи юришда дурангга рози бўлади. Шахмат мутахассислари учун бу тоза кураш бўлмаганининг белгисидир. Аммо ҳар бир дуранг туфайли Мишра атиги бир неча дақиқада мақсадига ярим очкодан яқинлашаверган.

Отасининг сўзларига кўра, бошқа турнирда Мишра кунига учта партия ўтказган. Ўйинчиларни шахматдай машаққатли спорт турида ҳаддан ташқари зўриқишдан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган FIDE қоидалари кунига максимал иккита партия ўтказишга рухсат беради. Мишра Карякиннинг «тахтини эгаллаш» йўлида атиги 78 кун ичида 70 та партия ўтказганди.

Тажрибали америкалик мураббий Брюс Пандолфини энг ёш гроссмейстер унвонига интилиш ҳақида шундай деганди: «Бу ерда бир гап бор».

Шунга қарамай, гроссмейстерлик унвони Мишра учун янги ҳаёт чиптасига айланади. У ESPN сайти ва People журналининг муқовасида пайдо бўлишга улгуради ва соврин жамғармаси қарийб 1,9 миллион долларни ташкил этувчи энг нуфузли турнирларидан бири Жаҳон кубогига ҳам таклифнома олади.

Ҳемант Мишра ўғлининг унвонни ҳалол йўл билан олганига ишонади ва бунинг аксини «бемаънилик» деб атайди. Аммо етакчи ўйинчилар Мишранинг унвонидаги очиқликка шубҳа қилиб, бунга йўл қўйиб берган тизимни танқид қилади.

FIDE вице-президенти Шортс (ўзи ҳам гроссмейстер) тизимни ислоҳ қилишга уринганини айтган. Аммо шубҳали гроссмейстерлар бу йўналишдаги барча ҳаракатларни инкор этади.

«От аллақачон қочиб кетиб бўлган. Отхона эшикларини ёпишга жуда кеч бўлди. Энг яхши иш – бу унвонни бекор қилишдир», – дейди у.

Фото: The New York Times

Билол Эркин таржимаси

Қайд этиш керак, энг ёш гроссмейстерлар кучли ўнлигида ўзбекистонлик икки нафар шахматчи бор. 2017 йилда Нодирбек Абдусатторов 13 ёшу, 1 ой, 11 кунлигида мазкур унвонга эга чиқиб, ўша вақтда Карякиндан кейин энг ёш гроссмейстерга айланганди. Келаси йили яна бир Ўзбекистон вакили Жавоҳир Синдоров (12 ёшу, 10 ой, 5 кунлик) ушбу натижани янгилаганди.

Гроссмейстер унвонига эга чиққан энг ёш шахматчилар

Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов