Россияга борган муҳожирлар энди рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳонларда бериладиган тахминий саволларни олдиндан билиб олиши мумкин. Имтиҳонлар ёзма бўлади, лекин Россияда узоқ вақт қолишни истаганлар рус тилида мулоқот қилиш қобилиятини кўрсатиши керак. Муҳожирларнинг билимларини текшириш бўйича янги тартиб ҳукуматнинг 1 августдан кучга кирган учта қарорида белгиланган, деб ёзади «Парламентская газета».

Фото: Москва шаҳар ахборот агентлиги

Имтиҳондан муваффақиятли ўтгани тўғрисидаги сертификатсиз муҳожирга патент, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ва яшаш гувоҳномаси берилмайди. Бунгача тестларни тартибга солиш билан ҳудудий ҳукумат шуғулланиб келган. Аммо 7 июнда қоидаларни бутун мамлакат бўйлаб умумлаштирадиган қонун кучга кирди. Энди топшириқлар, квоталар ва имтиҳон олувчи ташкилотлар рўйхати федерал даражада тасдиқланади.

Қарорлардан бирида имтиҳон нархини ҳисоблаш методологияси белгиланган, шунингдек, нархлар чегаралари кўрсатилган. Патент ёки ишлашга рухсатнома олмоқчи бўлганлар учун тест нархи 3800 рублдан (554 минг сўм) ошмайди. Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ва яшаш гувоҳномасини олишни истаганлар учун тест нархи 5900 рублдан (860 минг сўм) ошмайди.

Иккинчи қарор имтиҳонни ўтказиш жараёнини тартибга солади. Топшириқларга даражаланган ёндашув сақланиб қолган: уларнинг мураккаблиги Россияга келган чет элликнинг мақсадларига боғлиқ. Меҳнат муҳожирлари рус тилидан ёзма, аниқроғи, компьютерда имтиҳон топширади. Айримлар оғзаки босқичдан ҳам ўтиши керак. Суҳбат 10 дақиқагача давом этади. Синовнинг ушбу қисми видеога ёзиб олинади.

Саволлар бутун мамлакат бўйлаб стандарт бўлади. Уларнинг тузилиши ва мазмунига қўйиладиган талаблар, шунингдек, вазифалар банки Таълим ва фан вазирлиги томонидан белгиланади. Улар ҳар йили янгиланади ва уларни вазирлик веб-сайтидан кўриш мумкин. Бундан ташқари, имтиҳон оладиган ҳар бир ташкилот чет элликларни тахминий саволлар билан олдиндан таништиришга мажбур.

Вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва яшаш гувоҳномаси бўйича имтиҳон комиссия томонидан ўтказилади, комиссия таркибига тилшунослик, филология фанлари, тарих ва ҳуқуқшунослик фанларидан ўқитувчилар киритилади. Бундан ташқари, қарама-қаршилик комиссиялари тузилади, тестдан ўта олмаган чет элликлар уларга мурожаат қилиши ҳамда имтиҳон тартибининг бузилиши устидан шикоят қилиши мумкин.

Ногиронлиги бўлган муҳожирлар учун комиссиялар бундай кишилар соғлиғи имтиҳондан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги ва шу тариқа уларни Россияда фуқаролик олиш имкониятидан маҳрум қилмаслиги учун тегишли шароитларни яратиши лозим.

Имтиҳондан муваффақиятли ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномалар федерал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг реестрига киритилади. Июнь ойида кучга кирган ҳукумат қарорига мувофиқ яшаш гувоҳномасини олиш учун берилган сертификатлар муддатсиз амал қилади, қолганлари эса уч йил.

Ҳукуматнинг бошқа қарорида имтиҳон материаллари сертификат берилган кундан бошлаб уч йил сақланиши белгилаб қўйилган. Шундан сўнг улар йўқ қилинади.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Россияга келган меҳнат муҳожирларини мажбурий дактилоскопик (бармоқ излари билан) рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Шунингдек, эндиликда Россияда оммавий муштлашувларда қатнашадиган муҳожирлар мамлакатдан чиқариб юборилади.