Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов 30 июль, жума куни ўтказилган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилмоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳукумат вакили журналистларнинг «Президент билан тадбиркорлар учрашувида қайси ишбилармонлар иштирок этади? Уларнинг рўйхатини ҳам ҳокимлар белгилаб бермайдими ишқилиб?» деган саволига қуйидагича жавоб берди:

«Бу борада ҳокимларнинг ҳеч қандай роли бўлмайди. Биз ҳозир мурожаатларни йиғяпмиз ва параллел равишда мурожаат қилган тадбиркорларга алоқага чиқяпмиз. Штаб нима учун керак? Бу фильтр эмас, фақат чиройли гапларни айтадиган. Бу таҳлилий бир механизм, бу бизга социологияни ҳам кўрсатиб беради: тадбиркорларни нима ташвишга соляпти, қандай масалани ечишимиз керак, статистика нуқтаи назаридан мурожаатларнинг кўпроғи нима масалада ва ҳоказо. Биз бутун вазиятни ўрганиб олиш имкониятига эга бўламиз ва ҳозир бу бўйича ишлаяпмиз.

Бу орқали биринчи навбатда энг оғир масала ва муаммолар, қийин тўсиқларга дуч келган тадбиркорларни жалб қилмоқчимиз. Давлатимиз раҳбарининг олдимизга қўйган вазифалари ҳам мана шу. Бундан ташқари, иқтисодиётга кўпроқ ўз салмоғини қўшадиган ҳудудлар ва тармоқлардаги тадбиркорларимизни ҳам қўшамиз. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг ҳар хил қатламидан ҳам, албатта, вакиллар бўлиши керак. Йирик, ўрта, кичик, оилавий тадбиркорлар, ишбилармон аёллар, ёшлар ва бошқалар. Мана шу мезон бўйича штаб тўлақонли ишлаяпти.

Штаб фаолиятини шаффоф қилиш учун у ернинг ўзида ҳам матбуот билан доимий мулоқот қиладиган, 24 соат очиқ бўладиган майдон ташкил этамиз. Журналистлар хоҳлаган пайтида кириб, штабда қандай иш кетаётганини кўриши ва ўзини қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкин», — деди Умрзоқов.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши ва ушбу учрашувдан аввал республикадаги барча ишбилармонлар ўз ташаббус ва муаммоларини давлат раҳбарига мурожаат қилиш орқали етказиш имконияти яратилгани, мулоқот олдидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида тадбиркорлар мурожаати ва таклифларини қабул қилиш, уларнинг муаммоларига барҳам бериш мақсадида штаб ҳамда Call-марказ фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.