Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасининг биринчи партияси ишлаб чиқарилди. Биринчи босқичда вакцина учун хом ашёлар Россиядан олиб келинади. Бу ҳақда Давлат бош санитария врачи Баҳодир Юсупалиев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Мазкур вакцина Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган Jurabek Laboratories корхонасида ишлаб чиқарилган.

«‘Спутник V’ вакцинасининг биринчи партияси ишлаб чиқарилди. Ушбу партия назорат сифатидан ўтказиш учун Россияда жойлашган Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот марказига юборилади. Бу зарурий жараён, у ҳамма ерда қўлланилади. Ҳозирда текширув натижаларини кутяпмиз, сифати тўғри келса, бу вакцинани ишлаб чиқариш амалга оширилади», — дейди Юсупалиев.

Унинг сўзларига кўра, шунингдек, Хитой томони билан ҳам вакцина ишлаб чиқариш жараёнини ташкиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Хитойлик ҳамкасбларимиз Jurabek Laboratories корхонасида ташкиллаштирилган ишлаб чиқариш шароитларидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилган», — дея таъкидлайди Давлат бош санитария врачи.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинган эди. Ўзбекистон томони бундай таклиф билан 2020 йилнинг декабридаёқ чиққан ва ишлаб чиқариш майдончаси сифатида Tashkent Pharma Park ҳудудини таклиф қилган эди.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев 26 июль куни «Российская газета»га берган интервьюсида Ўзбекистон яқин орада Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилганди. Ўзбекистон дори воситаси ишлаб чиқариладиган ҳудудни ҳам танлаганини ҳам айтганди.