«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
17:21, 30.07.2021 22683

Олимпиада ўйинларида ўз бахтини топган малика ва шаҳзодалар

Олимпиада ўйинлари сабаб ўз бахтини топган қироллик оиласи вакиллари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Швеция қироли Карл XVI Густав

Фото: Marie Claire

Карл XVI Густав бўлажак турмуш ўртоғи билан 1972 йил Мюнхенда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида танишган. Тадбир давомида бешта тилда бемалол гаплашиб, дунёнинг турли бурчагидан келган меҳмонлар ҳақида қайғураётган таржимон аёл унинг эътиборидан четда қолмаган. Тасодифий учрашув жуфтликнинг турмуш қуришига сабабчи бўлган. Шунга қарамай, бахт томон элтувчи йўлни босиб ўтиш улар учун осон бўлмаган. Карлнинг тақдирини швециялик зодагон билан боғлашини афзал билган сарой а’ёнлари уни келиб чиқиши Бразилия ва Германияга бориб тақаладиган Силвия Зоммерлатга уйланиш фикридан қайтармоқчи бўлган. Шунга қарамай, жуфтлик яширинча учрашишда давом этган. 1974 йил Силвия турли чидаб бўлмас миш-мишлар фонида, икки йилдан кейинги Олимпиадага гўёки тайёрланиш учун Монреалга қочиб кетган. Аммо ўз қарорига содиқ қолган Карл унга узук тақдим қилиб, матбуотда Зоммерлатни бўлажак қиролича деб таништирган. Мухбирларнинг аёлдаги айнан қайси жиҳат уни мафтун қилгани ҳақидаги саволга у қизарганича: «Бу Силвия. Ҳали ўзингиз кўрасиз ҳаммасини», — деб жавоб берган. Кейинги берган интервьюларида эса рафиқасини илк кўрганидаёқ нимадир жиз этгани ва бу бугунги кунда ҳам давом этишини таъкидлаган. Бугунги кунда бахтли ҳаёт кечираётган жуфтликнинг уч нафар фарзанди бор. Тўнғич қизи Виктория ота-онаси турмуш қурганига 34 йил бўлган куни турмушга чиқишга қарор қилган. Малика ва Даниэль Вестлинг 2010 йил 19 июнда муносабатларини никоҳ билан боғлаган.

Даниянинг валиаҳд шаҳзодаси Фредерик

Фото: Marie Claire

Даниянинг бўлажак ҳукмдори австралиялик Мери Дональдсонни 2000 йил 16 сентябрда Сиднейдаги одамлар билан гавжум Слип Инн пабида учратган. Олимпиада сабаб у ерга борган Фредерик қизга ўзини шунчаки Фредо деб таништирган. Мерининг танишларидан бири — Беатрис Тарнавски, Испания қироли Хуан Карлоснинг жияни — Бруно Гомес Асебо учун норасмий зиёфат ташкил қилган. Бруно тадбирга Юнонистон шаҳзодаси Николаос, Дания шаҳзодалари Фредерик ва Иоахим, шунингдек, Норвегия маликалари Марта ҳамда Луизани олиб келган. Реклама агентлигининг бошлиғи бўлган Дональдсон хоним қироллик оиласи вакиллари даврасида эканини хаёлига ҳам келтирмаган.

Уч йилдан кейин Даниянинг тахт вориси унга бриллиант ва мамлакатининг байроғи рангидаги ёқут билан безатилган унаштирув узугини туҳфа қилган. Шундан кейин Дональдсоннинг ўзи ҳам қироллик оиласининг аъзосига айланган. Фредерикнинг 40 ёшга тўлиши муносабати билан, унинг рафиқаси билан муносабатлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган китоб нашр қилинган. «Бу бир кўришдаги севги эди», — деган шаҳзода бўлажак турмуш ўртоғини илк кўришида унга қалбан яқинлигини ҳис қилганини қўшимча қилган.

Монако князи Албер II

Фото: Marie Claire

2011 йилда турмуш қурган княз Албер бўлажак рафиқаси Шарлен Уитцток билан князликдаги Маре Нострум мусобақаларида танишган. Африкалик моҳир сузувчи Шарлен бу вақтда 22 ёшда бўлган. Албернинг ўзи ҳам қаторасига беш марта қишки Олимпиада ўйинларида бобслей спорт тури бўйича Монаконинг терма жамоаси таркибида бўлган. Жуфтлик бир-бири билан дарҳол тил топишган. «Бу ғоят ажойиб бўлган. Сузишимни кўрган Албер раҳбариятимдан мен билан учрашиш учун рухсат сўраган. Биз кечаси билан кулишиб, гаплашиб чиққанмиз», — деган Шарлен Vogue нашрига берган интервьюсида. Уитцток хоним мусобақаларда иштирок этиш билан банд экани туфайли муносабатлар жиддийлашиши учун яна беш йил вақт керак бўлган. Улар илк бор оммага 2006 йил, Туриндаги Олимпиада ўйинлари давомида кўриниш берган. «Биз бир эҳтиросни бўлишаётганимиз аниқ эди: иккимиз ҳам спортчиларни ҳис-туйғуларга берилган ҳолда кузатганмиз. Спорт бизни бирлаштириб туради», — деб қўшимча қилган Шарлен.

Британия маликаси Анна

Фото: Marie Claire

Британия қироличасининг ягона қизи Анна 1971 йил 21 ёшга тўлганида бўлажак турмуш ўртоғи, Сандхерст ҳарбий академияси битирувчиси Марк Филлипс билан танишган. От миниш спорти билан шуғулланадиган малика шу йили учкураш бўйича Европа чемпионатида ғолибликка сазовор бўлган. Капитан Филлипс эса 1972 йил Мюнхендаги Олимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритган Қўшма Қироллик жамоаси таркибида бўлган. Марк 1973 йил берган интервьюсида мухбирлар ундан маликани қўлини сўраганда асабийлашганмисиз, деб савол берган. «Гап малика ҳақида кетаётгани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ким биландир турмуш қуришингиз жуда ҳам шахсий масала ва ҳар иккингиз ҳам буни ҳис қилишингиз ғоят табиий», — деган у. Никоҳ билан мустаҳкамланган муносабатларига 1992 йилда нуқта қўйилганига қарамай, собиқ эр-хотин бугунги кунда бир-бири билан илиқ муносабатда. Уларнинг қизи Зара ҳам от миниш спорти билан шуғулланади. У 2012 йилдаги Олимпиада ўйинларида учкураш (учта спорт тури бўйича мусобақа)да Британия жамоаси учун кумуш медални қўлга киритган.

Испания маликаси Кристина

Фото: Marie Claire

Испания қироли Хуан Карлоснинг қизи Кристина бўлажак турмуш ўртоғи — гандболчи Иняки Урдангаринни 1996 йил Атлантадаги Олимпиада ўйинларида учратган. Йигит бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида уч йил Испания номидан қатнашган ва икки марта бронза медалини қўлга киритган. Кристина ҳам 1988 йил Сеулда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида елканли қайиқ спорти бўйича Испания жамоаси таркибида бўлган. 1997 йил Барселонада оила қурган жуфтликнинг турмуши давомида тўрт нафар фарзанд дунёга келган. 2018 йилда Урдангарин маблағлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ва солиқлар билан боғлиқ муттаҳамликда айбланиб, 5 йил-у 10 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Кристина қамоқда бўлган турмуш ўртоғининг аҳволидан хабар олишни канда қилмайди.