Ерга яқинлашаётган йирик астероид ва кометаларнинг атиги 40 фоизи олимлар томонидан аниқлаштирилган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Коинотдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича қўмитаси таркибидаги илмий-техник кичик қўмита ҳисоботида айтилган, деб ёзади «РБК».

Фото: Shutterstock

«2020 йилда 40 дан ортиқ мамлакатдаги астрономик расадхоналар 39,5 миллионга яқин астероид ва кометаларни кузатиш бўйича қайдларни тўплади», — дейилади ҳисоботда.

Ўшанда Ерга рекорд миқдорда — 2959 та объект яқинлашаётгани аниқланган. 2021 йил 17 апрель ҳолатига кўра олимларга ҳаммаси бўлиб 25 647 га яқин шундай объектлар маълум бўлган. Шу билан бирга, рўйхатга олинган 2180 та астероид Ер орбитасидан 8 миллион километрдан ошмайдиган узоқликда учиб ўтади.

«Кичик қўмита, шунингдек, ушбу рақамлар катта бўлишига қарамай, Ерга яқинлашаётган объектларнинг атиги 40 фоизигина аниқлаштирилганини таъкидлади».— дейилади ҳисоботда.

Март ойида NASA яқин 100 йил ичида Ернинг астероидлар билан тўқнашиш хавфи қай даражадалигини баҳолаганди. Унга кўра, яқин юз йил ичида Ернинг астероидлар билан тўқнашиш хавфи мавжуд эмас.

Агентлик мутахассислари 2004 йилда кашф этилган Ер учун энг хавфли Апофис астероиди яқин юз йилда ҳеч қандай хатар олиб келмаслигини аниқлади.

Астероидни кашф этган олимлар унинг 2029 йилда Ер билан тўқнашиши мумкинлигини даъво қилган эди. Бироз ўтиб улар астероид 2029 йил 13 апрелда Ернинг марказидан 37,6 минг км узоқликда учиб ўтишини ҳисоблаб чиқиб, тўқнашув эҳтимолини рад этди. Кейинчалик олимлар 2036 йилда ҳам Апофиснинг Ер билан тўқнашиши хавфини истисно қилди.

25 июнь куни Ерга катталиги иккита Тожмаҳалдек келадиган астероид яқинлашаётгани, 1 июнь куни Эйфель минораси катталигидаги астероид Ер яқинидан учиб ўтиши ҳақида хабар берилганди.