eBay орқали америкалик рэпер Канье Уэстнинг Donda номли янги альбоми тақдимоти вақтида йиғилган ҳаво сотувга қўйилди, деб хабар беради Esquire.

Фото: Getty Images for Universal Music Group

Пакетга йиғилган ҳавони @Imacanon16canz никли фойдаланувчи сотмоқда. Сотувчининг eBay’даги эълони остига ҳозиргача 21 та изоҳ қолдирилган бўлиб, уларнинг барчаси — ижобий. У ҳавони 3330 долларга сотиш ниятида. Аукцион тўрт кундан сўнг якунига етади, айни вақтда унга 2125 доллар таклиф этилмоқда.

Бу рэпернинг мухлислари Уэст иштирок этган тадбирдаги ҳавони сотаётган биринчи ҳолат эмас. 2015 йилда eBay орқали мусиқачининг Yeezus тури доирасида «қадоқланган» ҳавоси 60 минг долларга сотилган эди.

23 июль куни Канье Уэст Атлантадаги стадионда ўзининг тўққизинчи — Donda альбоми тақдимотини ўтказди. Бироқ рэпер уни ҳали охирига етказмаган, шу сабабли пластинка релиси 6 августга кўчирилган. Мусиқачининг ўзи эса Donda устидаги ишни охирига етказиш мақсадида стадионда яшамоқда.

Аввалроқ Netflix Канье Уэст ҳақидаги ҳужжатли фильмни намойиш этиш ҳуқуқини 30 миллион долларга сотиб олгани, фильм 21 йил давомида яратилгани тўғрисида хабар берилганди.